Искать:

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДЛАРИ ФАОЛИЯТИДАН

Тошкент шаҳар иқтисодий судларига 2024 йил 6 ойлиги давомида жами 60 300 та даъво аризаси ва аризалар келиб тушган.

Шундан 55 834 таси иш юритишга қабул қилиниб, 53 105 таси  кўриб чиқилган. 50 146 таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган, 1 295 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 631 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 1 033 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.

Кўрилган 53 105 та ишнинг 15 920 таси ёки 29,9 фоизи судьялар томонидан бевосита маҳаллаларда, корхоналар, муассасалар, ташкилотларда сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДЛАРИ ФАОЛИЯТИДАН

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2024 йил 6 ойлигида жами 123.875 та ишлар ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган ишларнинг 17.8 фоизини ташкил этади.

Кўрилган ишларнинг 29.522 таси фуқаролик ишлари, 85.609 таси суд буйруқлари, 8.687 таси материал ва 57 таси ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари билан боғлиқ ишлардан иборат.

Судлар томонидан жорий йил биринчи яримида никоҳдан ажратиш ҳақида жами 4.071 та фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 70 та ёки 1,7 фоизга ошган.

Кўрилган ишларнинг 1.886 таси (46.3 фоизи) қаноатлантирилган,  1.688 та (41.4 фоиз) даъво аризаларни қаноатлантириш рад қилинган,  443 та (10.8 фоиз) даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган, 54 та (1.3 фоиз) фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДЛАРИ ФАОЛИЯТИДАН

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2024 йил биринчи ярми давомида 5.557 нафар шахсга нисбатан 4.657 та жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 104 тага, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 35 нафарга кўпайган.

Судлар томонидан 2024 йил биринчи ярмида жами 52 нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган, 1047 ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.

Жиноят оқибатида етказилган 108,9 млрд. сўмдан ортиқ  моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 442 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 511 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.

Одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг кафиллиги асосида жами 11 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ёки қонунда назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазолар тайинланган, 80 нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроқ жазо билан алмаштирилган, 1479 нафар шахс муддатидан илгари жазодан (қамоқдан) озод қилинган.

ПУЛГА ҚЎЙИЛГАН «ТУЗОҚ» ОНА ВА ФАРЗАНДЛАР ЎРТАСИДАГИ ДИЙДОРНИ БЕШ ЙИЛГА УЗАЙТИРДИ

Адиба УМИРОВА/«Халқ сўзи». Дунёда йўқотса топилмайдиган бир нозик нарса бор. Бу аёл шаъни! У қоғозга ўралган оққандга ўхшайди. Озгина сув тегса ҳам эриб кетади. Шунинг учун ҳам аёл номи билан ёнма-ён фирибгар сўзини ёзишга қўлим бормайди. Қуйидаги воқеа бирор кино ёки китобда эмас, ён-веримизда содир бўлган воқеа. Бундан қандай хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола.

Виртуал фирибгарлик

Насиба (исми ўзгартилди) – муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этиб судланган. Аёл бўлгани учун қонунчилигимизда белгиланган енгилроқ жазо чоралари қўлланилиб, озодликка чиққан эди. Ким нима деса десин, аёл яна жиноятга қўл уриб, темир панжарагача олиб борган сабаб аслида унинг ўзи учун ўлимдан ҳам баттарроқ. Яқинлари уни қамалгани учун умр йўлдоши ташлаб кетгани, қўшнилари эл орасида бош кўтаролмай қолганини айтади. Бир пайтлар у ҳам ширин орзулар билан оила қурган, уч фарзандли бўлгунча ҳаётнинг қанча аччиқ-чучугини тортган. Мен унинг фирибгарлигини оқлашдан йироқман, лекин тан олайлик, қайси она болаларини тирик етим қилишни хоҳлайди?

Насибада ҳам уят ҳисси бор, озодликка чиққач, болалари, қариндошлари, қўшнилари олдида бир неча кун уялиб юрди, маҳаллага чиқиб иш излашга бети чидамади. Бундай пайтда унга на бир турмуш ўртоғи, на қўни-қўшни, на бир дўст далда бўлди. Ёшлигидан тижоратга қизиқарди, лекин турмушга чиққач, бу орзуси ичида аланга бўлиб қолди. Ҳозир буни уддалашга кучи етсада, бизнес соҳасида ҳеч қандай маълумотга эга эмасди. Бир неча кун тармоқ маркетингидаги савдо бўлимларига кириб иш излади. Онлайн жаҳон бозори тармоғининг «Libertex» платформасига кириши билан пул топиб, тезроқ бойиб кетиш васвасасига тушиб қолди. Баъзан аёлнинг биргина қўпол ҳаракати бутун гўзаллигини йўққа чиқаради, биргина қинғир қадами бутун оиласи ор-номусини барбод қилади.

Насиба ўзи очган «Telegram» тармоғидаги «Z.V.» номли профилидаги «Prof group» гуруҳида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида яшовчи Азиза Баҳодир қизи билан танишади. Азиза аслида бу аёлни танимайди, умрида кўрмаган, лекин ҳамма гапларига ишониб, телефон рақамини беради. Иэ, шунақаси ҳам бўларканми, дерсиз, ҳа, Насиба унга қўнғироқ қилиб, «Trading»лик фаолияти бўйича сертификати борлиги, «Libertex» платформасига бор-йўғини тикса, худди ўзидек «миллионер» хонимга айланишига ишонтирди.

Текин пишлоқ «қопқон»да

Азиза бизнес қилиш учун унга розилик берган лаҳзадан бошлаб унинг жиноятига шерик бўлаётганини хаёлига ҳам келтирмайди.

– Сиз тикаётган пулларни ўзимнинг пулларимга қўшиб, савдо-сотиққа тикаман. Ўн беш кун муддатда пулларингизни бирга-бир кўпайтириб қайтараман.

Пул ўлсина, пул ўлсин… Азиза ўша куни ҳеч қандай кафолатсиз пластик картасидан 500.000 сўм пулни Насибанинг пластик картасига ўтказиб берди. Насиба шу фирибгарлик туфайли қамалган, уни афв этишлари учун қанча хатлар ёзди, оқловга тушганида нақадар хурсанд эди. Унинг пушаймонликларини ўқиб туриб, уни бошқа бундай ишларни қилишга юзи чидамаса керак, деб ўйлайсиз. Аммо… У Азизанинг пуллари кўпайиб 1.000.000 сўм бўлганини айтиб, пластик картасига ташлаб берди. Йигирма кун муддатда пулларини энди бирга-икки, бирга-уч баробар кўпайтириб беришига ишонтириб, пул, қимматбаҳо буюмлари ва бошқа нарсаларини қўлга киритди.

Ер ёрилса, ерга кириб кетгудек

Эртами-кечми «Prof group» гуруҳи текширилишини хаёлига ҳам келтирмаган Насиба худди шу схема бўйича наманганлик Василага 60.000.000 сўм, учқўрғонлик Дилдорага 29.274.070 сўм, чинозлик Азизага 10.000.000 сўм, тошкентлик Азизага 4.870.000 сўм, Камолага 30.000.000 сўм, Нилуфарга 6.500.000 сўм, Гўзалга 7.000.000 сўм, Диёрага 97.165.877 сўм миқдорида моддий зарар етказди. О, шу ерда аёл ҳақида айтилган баландпарвоз гапларнинг ҳаммаси бекор. Бақираётган аёлдан хунуги бўлмаса керак дунёда. Айни пайтда бу ишда жабрланувчилар кўп, иш бўйича етказилган зарарнинг умумий миқдори кўрсатилгандан ҳам бир неча баравар кўп бўлиши мумкин. Баъзи жабрланувчилар пулни қайтариб бўлмаслигини тушуниб, вазиятни қўйиб юборган. Аксарияти бирор нарсани қайтиб олишнинг ягона имконияти деб фирибгар устидан маҳалладан тортиб, милициягача борган. Афсуски, уларнинг пулларини катта фоизи билан қайтаришнинг иложи йўқ, аммо «бирор нарса» деганда мен ўз пулларини назарда тутяпман.

Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» бандида фирибгарлик ахборот тизимидан, шу жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бунда молия, банк муассасалари, фондлардаги мулкни алдов йўли билан компьютер техникаси воситалари, алоқа воситаси, планшет ёки бошқа шу каби техник қурилмалар ёрдамида манипуляция қилиш орқали амалга ошириладиган талон-торожлик назарда тутилади. Бундай фирибгарлик компьютер тизимида ишлов бериладиган, тегишли ахборот ташувчиларда сақланадиган ёки маълумотларни узатиш тармоқлари бўйича бериладиган ахборотни ўзгартириш йўли билан ҳам, компьютер тизимига ёлғон ахборот киритиш йўли билан ҳам содир этилиши мумкин.

Судда Насиба ўз айбига иқрор бўлди. 2021 йил 1 июндаги ҳукми билан тайинланган жазонинг шартлилиги бекор қилиниб, ушбу ҳукм билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 5 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бунчалик ҳаёт бешафқат, деймиз. Йўқ, дунёга бегуноҳ туғилган, ҳаётга енгил қараб, яна бир марта фирибгарлик ортидан панжара ортида ўтирган аёлнинг кўз ёшлари энди менга эриш туюлади. Беш йил болалари онасини қўмсаб яшашидан юрагим эзилади. Ич-ичимдан у қилган ишларига пушаймон бўлиб, қайтиб жиноят кўчасига кирмаслигини Яратгандан сўраб дуо қиламан. Қани, энди, у буни эртароқ англаб етганида эди, болалари тирик етим қолмасди, хонадонидан фақат шодлик овози эшитиларди.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИНГ МИРОБОД ТУМАНИДАГИ САЙЁР ҚАБУЛЛАРИ

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарларининг туманларда ўтказиладиган сайёр қабуллар жадвалига асосан бугун пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган Туркиянинг иқтисодиёт ва технологиялар университети биносида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди.

Унда пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирок этиб, аҳолини қийнаётган масалалар бўйича мурожаатлари эшитилди.

Жумладан, ушуб сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедов, судлов ҳайъати судьялари, туман, туманлараро судлари судьялари иштирок этишди.

Тошкент шаҳар судлари раҳбарлари томонидан сайёр қабулда 14 нафар фуқаро қабул қилинди. Мурожаатларнинг 6 таси фуқаролик, 7 таси жиноят ишлари бўйича, 1 таси маъмурий иш юзасидан бўлди. 

Шундан 3 та мурожаат қаноатлантирилди. 11 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Сайёр қабул давомида 2 нафар фуқаронинг ёзма шикояти қабул қилиниб, назоратга олинди.

МУТАССАДДИЛАР ИШТИРОКИДА АМАЛИЙ МУЛОҚОТ

Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати билан ҳамкорликда “Ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотларни бузиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларини қайтариш билан  боғлиқ низоларни кўришда юзага келаётган масалалар ва уларни ҳал этиш бўйича кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар” мавзусида мутасадди ташкилотлар иштирокида амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Йиғилишни Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосарлари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси  И.Алимов ва фуқаролик  ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламовлар олиб боришди.

Бугунги кунда аҳолининг иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш,  жумладан турар-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ва бу  соҳада қатор  ислоҳотлар  амалга ошириб келинмоқда.

Ўтган йиллар давомида бир қанча уй-жой массивлари ҳамда ўзга кўчмас мулк иморатлари барпо этилди, зарур муҳандислик коммуникация инфратузилмалари ўтказилиши таъминланди. Қишлоқ аҳолиси учун янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилишини назарда тутувчи давлат дастурлари амалга оширилди.

Фуқароларнинг қонунчиликда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаларида якка тартибда уй-жой қуриш ҳуқуқи кафолатланди.

Бироқ, жойларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, жумладан ноқонуний қурилмалар қуриш, шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари учраётганлиги бу борада рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш орқали ягона назорат тизимини жорий этиш ҳамда ваколатли идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Таъкидландики, ер тузиш ва кадастр органлари томонидан ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи хатлови якка тартибда уй-жой ва ўзга кўчмас мулк иморатларини қуриш соҳасида, қонунийликни таъминлаш масалаларида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиш уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан минглаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жой ва (ёки) ўзга кўчмас мулк иморатларини ноқонуний барпо этилганлик ҳолатлари аниқланмоқда.

Маълумки, ердан мақсадли фойдаланиш устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 февралдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тўғрисида”ги Низомга мувофиқ Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади.

Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари ер тўғрисидаги қонунлар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик чораларини кўриб келмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 февралдаги “Қурилиш монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш, қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-4586-сонли Қарорининг 2-бандига кўра,  инспекция ва ҳудудий инспекцияларга  давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида қонун ҳужжатларида назарда тутилган қурилиш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларига риоя қилинмаган ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича камида иккита кўрсатма бажарилмаган тақдирда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб қўйиш ва демонтаж ишларини амалга ошириш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган.

Амалий мулоқотда Архитектура ҳамда қурилиш соҳасидаги ваколатли органлар томонидан даъво аризалари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК) ва Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК) талаблари асосида тақдим этилмаётганлиги, даъво аризалари ваколатсиз шахслар томонидан имзоланаётганлиги, даъво талаблари етарлича асослантирилмаётганлиги, шунингдек, суд мажлисларида узрсиз сабабларга кўра иштирок эмаётганлиги, даъво аризасига асос сифатида келтирилган далолатномаларда акс эттирилган ҳолатлар, хусусан, ноқонуний қурилмалар айнан ким томонидан қурилганлиги, уларнинг жойлашган юридик манзили ,  ноқонуний қурилманинг ўлчам (кв.м)ларида тафовутлар мавжудлиги ҳолатлари учраётганлиги сабабли, йўл қўйилаётган камчиликларни муҳокама қилиш, келгусида хато ва камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида тегишли чора-тадбирларни белгилаб олиш тўғрисида ўзаро фиклашиб олинди.

“PROFI UNIVERSITU” БИНОСИДА ЎТАЗИЛГАН САЙЁР ҚАБУЛ

Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг тасдиқланган сайёр қабуллар жадвалига асосан пойтахтнинг Бектемир туманида жойлашган “Profi Universitu” биносида сайёр қабул ўтказилди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедов, туман, туманлараро суд раислари, судьялар иштирокидаги сайёр қабулда 22 нафар фуқаронинг суд ҳуқуқ масалалари бўйича мурожаатлари тингланди.

Мурожаатларнинг 8 таси фуқаролик, 14 таси жиноят ишлари бўйича мурожаатларни ташкил этади.

Шундан мурожаатларнинг 8 таси қаноатлантирилган бўлса, 14таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

ПОЙТАХТДА ОЛИЙ СУД РАҲБАРИЯТИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИ

Бугун Тошкент шаҳар Сирғали тумани ҳокимлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари И. Муслимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан пойтахт аҳолиси учун суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ўтказилди.

Унда  Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарлари И.Муслимов ва Ш.Полвановлар ҳамда судьялар А.Элмурадов, Р.Мадумаров, Б.Тангабаев, А.Аяпов, Ш.Болиев, Р.Хайдаровларлар томонидан  суд-ҳуқуқ масалаларида муаммоси бўлган фуқаролар қабул қилинди.

Сайёр қабулда жами  151 нафар фуқаролар мурожаатлари тингланди.

Таҳлил қиладиган бўлсак, шундан 87 нафар фуқаро жиноят ишлари бўйича мурожаат қилган.  49 нафар  киши фуқаролик ишлар бўйича,  8 нафар фуқаро  маъмурий ишлар бўйича, 7 нафар фуқаро эса иқтисодий судларга ўз муаммолари билан мурожаат қилган.

Сайёр қабулда  116 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаатига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 35 нафар  фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилиб олинди.

Сайёр қабулда Пробация хизматининг жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалари кўриб чиқилиб,  9 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

1 мурожаат Тошкент шаҳар суди томонидан кассация тартибида мазмунан кўриб чиқиш учун қабул қилинди.1 нафар шахснинг алимент ундириш юзасидан қилган мурожаати ижобий ҳал этилди.

Тааллуқлиги бўйича Олий судга тегишли тафтиш тартибида 4 та шикоят қабул қилиниб, назоратга олинди.

Сайёр қабулда 2 нафар фуқаро томонидан суд органлари фаолияти юзасидан ташаккурнома билдирилди.

Перейти к содержимому