Искать:

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИДА 27 ИЮН – МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ.

Унда Тошкент шаҳар суди раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларида фаол иштирок этиб бораётган судьялар, пойтахт судлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган телеканал ва  радиоканал, газета, журнал ҳамда интернет нашрлари журналистлари иштирок этди.

 

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов тадбирга таклиф этилган ОАВ ходимларини қутлар экан, ўз истеъдоди ва маҳорати, фидокорона меҳнати билан эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган соҳа вакилларини байрам билан қутлаб,  самимий тилакларини изҳор этди.

Бугунги глоболлашув жараёнида ҳаётимизни матбуот ва оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Маълумот учун, мамлактимизда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари экани соҳада таркибий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради. Анъанавий нашрлар билан бирга интернет нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 745 тага етгани ва ўқувчилар оммасини тобора кўпроқ ўзига жалб этаётганини қайд этиш лозим.

Ҳозирда Тошкент шаҳар судлари фаолиятини ёритувчи ихтисослашган журналистлар гуруҳи ташкил этилгани қувонарли. Илгари фақат давлат каналларида инормацион дастурлар бўлса, бугунги кунда нодавлат телеканалларнинг деярли барчасида информацион дастурлар мавжуд. Бу телеканалларда судлар фаолияти кўпроқ ёритиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик қилиб келади.

Тадбирда сўзга чиққанлар журналист касбининг машаққати, судлар фаолиятини ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари, ўзаро ҳамкорликнинг ўрни ҳақида фикр билдириб, ҳар бир сўз, сатр устида бош қотирадиган қалам аҳлини касб байрами билан табриклади.

Тадбирда 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш йили”да Тошкент шаҳар судлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйгани, судлар фаолияти, хусусан пойтахт судларида одил судлов моҳияти ҳамда  жамиятда қонун устуворлиги, аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий  маданиятини шакллантиришдаги муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ фаол журналистларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

КОРРУПЦИЯ ХОЛАТЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА БАҒИШЛАНГАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Бугун Тошкент шаҳар судида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раҳбарлари, судьялар, суд ходимлари ва уларнинг ота-оналари иштирокида видеоконференцалоқа тизими орқали кенгайтирилган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов сўзга чиқиб, пойтахт судларида коррупция холатларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Инчунун, ўтган ярим йилликда Тошкент шаҳар судларида юз берган нохуш холатларга тўхталди. Бу пойтахт судлари учун доғдир. Суд ходимлари бўлажак судьялардир, уларнинг фаолияти судья бўлиши учун биринчи қадам бўлиб, айни вазифасини қандай олиб бориши билан баҳоланади. Суд ходимларининг суд остонасига қадам қўйган ҳар бир фуқарога хушмуомала бўлиши, қонунларни тўғри қўллаб, тўғри тушунтириш бериши энг муҳим вазифалардан биридир.

Тошкент шаҳар судларида фаолият юритиб келаётган барча судьялар ўзига бириктирилган судья ёрдамчиларининг ота-оналари билан танишиш ва улар билан мунтазам алоқа ўрнатиш лозимлиги қайд этилди.

Тадбирда суд фахрийлари, судьялар, суд ходимларининг ота-оналари сўзга чиқишди. Хусусан, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг раиси  И.Собиров, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Р.Рашидов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Г.Мирзаалимова ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, суд ходимларига бу соҳада фақат ҳалол меҳнат қилишлари лозимлигини уқтиришган бўлса, ота-оналар номидан Р.Аҳадов, С.Мамадалиева, К.Рахимов, А.Жумаевлар сўзга чиқиб, фарзандларини тарбияси, фаолиятидан доим хабардор бўлиб бораётганлиги, соҳага виждонан муносабатда бўлиши, бундан кейин ҳам назоратда ушлашларини таъкидлади. 

Учрашув якунида судьялар, суд ходимлари ҳар қандай коррупция холатларига муроссасиз бўлишга келишиб олдилар.

Тергов судьяси лавозими жорий этилмоқда

Ҳаммага маълумки, мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Суд ҳокимиятининг асосий вазифаси – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунларни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро қилиш ва қўллашда қонунийлик ҳамда адолатни таъминлашдан иборат.

“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг 15-мақсадида, «Хабеас корпус» институтини янада ривожлантириш орқали тезкор-қидирув ва тергов фаолияти устидан назоратни кучайтириш, фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини самарали ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш масалалари ўрин олган.

Янги Конституцияда ҳам жиноий таъқибга олинган шахсларни давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг ўзбошимчалигидан ҳимоялашнинг деярли барча усуллари акс эттирилган. Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар доираси кенгайган. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши кафолатланган. Энг муҳими, ушбу норма инсоннинг фундаментал ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилинишига ва шахс эркинлиги ҳамда дахлсизлик ҳуқуқининг конституциявий кафолати сифатида хизмат қилади.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратиб, фуқароларнинг судга бўлган ишончи ошишига олиб келди.

Шу муносабат билан, 2024 йил 10 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-89-сонли Фармони билан бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида ишни судга қадар юритиш босқичида Тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилиб, улар судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Шу жумладан, Фармонга мувофиқ, тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади:

Санкциялар:

–  қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;

–  қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;

–  паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;

–  мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;

–  почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

–  тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;

–  телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;

–  мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилади.

Мажбурлов чоралари:

–  айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;

–  шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;

–  айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;

–  ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;

Прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.

Тергов судьяси институти тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу институт, айниқса, Францияда ўз тарихий илдизига эга бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин тутган ҳамда ишни судга қадар юритишда тортишув принципининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институт намунаси сифатида намоён бўлди.

Бугунги кунда Бельгия, Греция, Ироқ, Испания, Нидерландия ва Хорватия давлатларида тергов судьялари ўз фаолиятини муваффаққиятли амалга ошириб келмоқда. Тергов судьяси институти ҳозирда бир қатор собиқ совет иттифоқи давлатларида ҳам, жумладан Литва, Молдавия, Эстония, Латвия, Украина, Қозоғистон, Грузия ва Қирғизистонда жорий этилган.

Фармонларнинг асосий мақсади судьялар корпусини шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этишга, суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, суриштирув ва тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга ва аҳолининг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Кахрамон Мирсафаев,

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судьяси.

Судьялар ва тингловчилар мулоқоти

“Оила ва хотин-қизларни тизимли  қўллаб – қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курсларни ташкил этиш ҳамда ҳар йили камида 100 нафар хотин-қизларни ўқитиш назарда тутилган.

Шу боис Давлат бошқаруви академиясида турли соҳадан келган  раҳбар хотин-қизлар ўқуви ўз ишини олиб бормоқда.

Бугун академияда судьялар ва  курс тингловчилари учрашуви ташкил этилди. Унда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Г. Мамараимова, Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари Ю. Фозилова ҳамда З. Рахмоновалар иштирок этишди.

Дастлаб судьялар томонидан суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори бўйича маълумотга эга бўлдилар. 

Курс тингловчилари бу учрашув орқали судларда кўрилаётган ишлар, низоли масалалар ва бошқа холатлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

ТАДБИРКОРЛАР ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Тадбиркорлик фаолияти “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Ушбу қонуннинг  асосий вазифалари  фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишдан, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Пойтахтимиздаги Судьялар Олий мактаби тадбирлар залида Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди ҳамкорлигида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган корхоналар, ташкилот ва масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятида ҳуқуқий ислоҳотларнинг таъсири ва одил судловнинг ўрнини самарали ташкил этиш мақсадида очиқ мулоқот тарзида давра суҳбати ташкил этилди.

Учрашувда тадбиркорларга берилаётган имкониятлар, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, бизнес муҳитини турли босимлардан холи қилиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, кичик тадбиркорлик субъектлари учун  қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар борасидаги фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари, Тошкент шаҳар прокуратураси,  Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси,Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари журналистлари иштирок этган тадбир ғоятда самарали фикр-мулоҳазаларга бой бўлди.

Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилаётган ишлар моҳияти ҳақида  маълумот берилиб, суд амалиётида юзага келаётган масалаларни ҳал этиш, бу борада судлар ва тадбиркорларнинг масъулиятини янада оширишга эътибор қаратилди. Учрашув тадбиркорларнинг фаолиятларини қонун талаблари асосида тўғри ташкил этишлари учун ҳар томонлама фойдали бўлди.

«ЯПОН БОҒИ»ДА БЎЛИБ ЎТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Бугун Юнусобод туманида жойлашган «Япон боғи»да Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг сайёр қабули ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар суди раиси, фуқаролик, жиноят, маъмурий суд судьялари ҳам иштирок этди.

 

Сайёр қабул учун бежизга Япон боғи танланмади, чунки бу ерда фуқароларни қабул қилиш учун қулай шароит яратилган эди.Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, солиқ, адлия, мажбурий ижро бюроси ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ўзлари учун белгиланган жойлардан ўрин олишди.

Бу галги сайёр қабулда Юнусобод, Мирзо Улуғбек туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилиши белгиланган бўлиб,  сайёр қабулда турли масалалар бўйича ечимини излаб келган фуқароларни кўриш мумкин эди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов ва судьялар суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташриф буюрган фуқароларнинг шикоятларини тинглади. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди раиси М.Мирзажонов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Д.Ҳасанов, судьялар  ҳозир бўлишди.

Сайёр қабулда суд қарорларидан норози бўлиб келган фуқаролар мурожаати эшитилиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш берилди. Шунингдек, судья О.Ҳайитов томонидан Пробация тақдимномасига кўра ўғирлик жинояти кўриб чиқилиб, томонлар ярашганлиги муносабати билан иш ижобий ечимини топди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди раиси ўринбосари Ф. Исмоилова томонидан МЖтК бўйича йўл ҳаракати қоидаларини бузган фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди.

Айтиш жоизки, бу сайёр қабулларда фуқаролар мавжуд муаммоларга ечим топмоқда, айрим масалалар жойида ижобий ҳал этилмоқда, ҳуқуқий маслаҳат олиб, тўғри тушунчага эга бўлмоқдалар.

Перейти к содержимому