«Болам сенга шу судьяликдан бошқа бирор иш (лавозим) йўқми», дейдилар отам…
Афсуски, бу борада мен ёлғиз эмасман, таг-замирида ана шундай ташвишли оҳанг мавжуд, ҳеч бир манфаатсиз ва ғамхўрлик билан айтилаётган, ота-оналарининг, яқинларининг беминнат меҳридан суғорилган бу каби сўзларни эшитган, эшитаётган ҳамкасбларим анчагина.
Илло, синалган, чархланган, албатта сурилиб-туртилиб, эзилиб, сўнгра ростланган ҳаётий тажрибага асосланган мушоҳада шундан иборатки, «қозилик юки» фақатгина судья чиқараётган қарор юки, қарор қабул қилиш масъулияти, қарорнинг қонунийлиги, тўғрилиги, асослилиги билангина чекланиб қолмайди.
Бу юк, биз тасаввур қилгандан кўра, анчагина оғирдир. Сўз юритилаётган юкнинг залворини, шу ўринда ҳазрат Жалолиддин Румийнинг «Фиҳи-мафиҳи» асарида келтирилган ва «муқаддас китоб» каломларидан олинган ушбу сўзлар билан таърифласак, тўғри бўлади: «Биз омонатни кўкларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик. Улар омонатни ўз зиммаларига олишдан чекиндилар, унга хиёнатдан қўрқиб, андиша қилдилар. Аммо омонатни инсон ўз гарданига олди».
Алқисса, қозилар ҳам қозилик фаолиятида айнан инсоният гарданига олган «омонат»лардан бири бўлган – «адолат»ни таъминлашни, ҳақиқатни рўёбга чиқаришни ўз зиммасига олгандирлар.
Шу маънода отамнинг юқоридаги сўзларида бир тарафдан «омонат» юкини менга эслатиш назарда тутилган бўлса, иккинчи тарафдан эса, бу ҳаёт! Ҳаётда эса, манфаатлар тўқнашувининг юзага келиши табиий, жумладан, қонунчиликдаги бўшлиқ, ўз устунлигини қонун устуворлигига тўла бўшатиб бера олмаётган топшириқ, кўрсатмалар тизимининг бирламчилиги, яъни қонун ости ҳужжатлари билан ишлаш амалиётига қаттиқ боғланиб қолинганлик ва бу амалиётидан воз кеча олмаётганлигимиз сабаб бўлса керак.
Лекин, шундай бўлсада, баъзан ўзимизга-ўзимиз «биз қози эмас, судьямизку, чунки бизнинг ҳуқуқий тизимимиз, англо-саксон ҳуқуқ оиласига эмас, балки Романа-Герман ҳуқуқ тизими оиласига киради.
Роман-Герман ҳуқуқ тизими оиласида эса судьянинг ҳар бир ҳаракати процессуал жиҳатдан тартибга солинган, судья томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг асоси ҳам қонунчилик билан белгилаб қўйилган.
Умуман олганда, бу – ҳуқуқ оиласида ижтимоий ва бошқа муносабатлар ҳуқуқий томондан қонун ҳужжатлари асосида тизимлаштирилиб қўйилгани боис, суд фаолияти ҳам тизимлаштирилган қонунлар – кодексларга таянади.
Шу боис судья юки оғир эмас ёки англо-саксон ҳуқуқ тизими давлатларида фаолият юритувчи қозилар каби анча кўп ваколатни назарда тутмайди, юкимиз ҳам нисбатан енгилроқ» деган маънода ўзимизни овутамиз…
Чунки, континентал (роман-герман) ҳуқуқ тизимида, судья фақат қонунга асосан иш кўради ёки фақат низо (даъво)га оид мавжуд бўлган қонун ҳужжатларнигина қўллайди.
Фараз қилганингиздек, қози маслаҳатхонада қолар экан, баъзан ҳақиқатли адолат ва тўла мукаммал бўлмаган қонунни қўллаш масаласида фикрлар тўқнашиб, ўша фикр-мулоҳазалар бир-бири билан қаттиқ тортишиб қолишади…
Шунинг учун ҳам қозилик юки, судьялик масъулияти ҳақида сўз борар экан, буни маслаҳатхонада қолганингизда ёки қарорни имзолаётганингизда бутун вужудингиздан ўтказасиз.
Айниқса, мавжуд факт билан ички ишончингиз, юрагингиз билан ақлингиз баҳслашаётганда ёки «адолат» номли кўринмас илоҳий тушунча билан қўлингизда нақд бўлиб манаман деб турган «қонун» тортишиб қолган кезларда қозилик юкини пешонангиз терлаб ҳис этасиз. Шунингдек, қон босимингиз зимдан кўтарилиб ҳис этасиз, қарорни ўқишдан олдин тарафларнинг юзига қараб, билиб-билдирилмайдиган маъноли никоҳларда ҳис этасиз ва бир сўз билан айтганда, ана шунда янада теранроқ ҳис этасиз.
Тўғри, совуққон бўлишга интиласиз, ортиқча ҳиссиёт тугал хулосага кела олмаслигингиз омили бўлишини англайсиз, натижа қабул қилажак қарорнинг қонуний ва тўғрилигига салбий таъсир этиши мумкинлиги ҳам кўз ўнгингиздан ўтади.
Оқибат нотўғри қарор тарафларга ва ёки фақатгина сизгагина зарар келтиришини ҳам баъзан олдиндан англаб етгандай бўласиз.
Ана шунда ҳақ бўла туриб, лекин ўзининг ҳақлигини қонунга мувофиқ тарзда исботлаб бера олмаётган у ёки бу тарафнинг 92 томири сизга томон эгилиб, сиздан нажот билан адолат кутаётганлиги ҳам айнан маслаҳатхонада кўз ўнгингиздан ўтади.
Бундай чоғда дод дея олмайсиз, судья қонун ва фақат қонунни қўллаши зарур.
Чунки судья Ўзбекистон Республикаси ИПКга мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қайси қонунчилик ҳужжатларини ушбу иш бўйича қўллаш мумкин эмаслигини, қайси қонунчилик ҳужжатларини қўллаш зарурлигини аниқлайди ва суднинг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши, ҳал қилув қарорини қабул қилишда суд амал қилган қонунчилик ҳужжатлари ҳамда суд ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонунчилик ҳужжатларини қўлламаганлигининг асосларини кўрсатади.
ҲАММА ГАП АНА ШУНДА…
Қарорнинг асоси қонун ҳужжатларига мувофиқ келиши ва у ёки бу қонун ҳужжатлари билан асосланиши лозим.
Мисол учун, бир тадбиркорлик субъекти банкдан иккинчи бир тадбиркорлик субъекти учун кредит расмийлаштирди. Яъни, иккинчи тадбиркорлик субъектининг лафзига ишониб, ўз номига расмийлаштирилган кредит маблағини ўша – лафзи йўқ ёки лафзининг устидан чиқа олмаган иккинчи тадбиркорлик субъектига оғзаки келишувга кўра беради. Хуллас, бир тадбиркор кредит маблағини иккинчи тадбиркорлик субъектига бериб, унга беминнат ёрдам кўрсатади.
Лекин, иккинчи тадбиркорлик субъекти биринчи тадбиркорлик субъектининг ишончини оқламайди ва оқибатда кредит маблағи банкка қайтарилмайди. Шундан сўнг банк биринчи тадбиркорлик субъектини судга берди. Тасаввур қилинг, энди суд қандай қарор қабул қилади?!
Албатта, суд мажлисида ҳужжатлар «гапиради». Чунки қонун талаби шу – кредит шартномаси тарафи бўлган қарз олувчи у кредит маблағини амалда ким учун олгани ёки кимга бериб юборгани ё уни кимдир ишончига кириб, шу кредит шартномасини имзолашга кўндирганлиги ва бошқа ҳолатлардан қатъи назар, мавжуд ҳужжатлар ва мавжуд қонунларга таянилиб, кредит маблағи иккинчи тадбиркорлик субъекти шартнома бўйича ҳеч ким эмаслиги сабаб, қонун олдида жавобгар ҳисобланмайди.
Демак, бундай ҳолда кредит маблағини иккинчи тадбиркорлик субъекти ўзи олганлигини судга келиб тан олса ҳам, кредит маблағи биринчи тадбиркорлик субъектидан ундирилади.
Асос эса қонун. Қонунда эса, биринчи тадбиркорлик субъекти ҳаракати оқланмайди, у биринчидан билиб туриб, ўзи учун олмайдиган ва бошқага бериладиган кредит шартномасига имзо қўйган.
Шунингдек, кимгадир ишонгани, у эса ишончини оқламаганлиги, алданганлиги, унинг бу ҳолатни исботлаши ва кейинчалик регресс тартибида даъво билан судга мурожаат қилиши ҳуқуқидан фойдаланишигагина асос бўлади.
Адолат қани? деган саволга эса қози – «қозилик юкини англаган ҳолатда, қонунга мувофиқ, «ҳурматли биринчи тадбиркорлик субъекти, сизга иккинчи тадбиркорлик субъекти ишончингизга кириб, аслида сизга керак бўлмаган кредит маблағи учун кредит шартномасини сизга алдаб имзолатгани ва сиз кўрган зарарингизни иккинчи тадбиркорлик субъектини тергов органига бериб, суд ҳукмини чиқартириб, кредит шартномасини ҳақиқий эмаслигини исботлаб, ундан кейингина ундириб олишингиз мумкин деб», тушунтириш беради.
ҚОЗИЛИК ЮКИ НИМАДА?
Айни шу мисолда «қозилик юки» нимада дейсизми? Ушбу мисолда қозилик юки шундаки, сиз ҳақиқатдан ҳам кредит маблағи иккинчи тадбиркорлик субъекти томонидан ўзлаштирилганлигини биласиз, лекин ўз қарорингизда буни асослай олмайсиз, чунки бу ҳолат қонунга мувофиқ, ҳужжатлар асосида асосланиши лозим.
«Адолат шуки, аслида ҳақиқат шундан иборатки», деган сўзларни келтириш орқали кредит маблағини иккинчи тадбиркорлик субъектидан ундириш ҳақида қарор қила олмайсиз…
Бундай қарор қонуний асосланмаган қарор, дейилади. Афсуски, қарорни асослантириш учун биринчи тадбиркорлик субъекти ҳали тергов органи ва ЖИБ суд эшигини ҳам қоқиши керак бўлади.
Нима ҳам дердик, континентал (роман-герман) ҳуқуқ тизимидаги давлатлардаги, шунингдек, миллий қонунчилик тизими ривожланиш босқичидаги, қонун ҳужжатлари тез-тез ўзгариб турадиган судларда «қозилик юки» залвори айни шу мисолда ҳам намоёндир.
Англаганингиздек, қозилар учун аввало қонун ва қонун устуворлиги адолатдир. Уларнинг қарорлари қонуний ҳамда қонун нормасига асосланган бўлиши ҳам шарт. Шундагина судья қонун устиворлигини, қонунийликни, қонун олдида тенгликни, жавобгарлик муқаррарлигини таъминлайди.
Лекин, яна бир муҳим чуқур мушоҳадали жиҳат борки, буни ҳазм қилиш масаласи ҳам бугунги кунгача долзарбдир.
Креатив ёндашув, янгича фикрлаш, демократик – инсонпарвар қонунлар асосида ишни ташкил этиш, эски жамият қобиғидан чиқиб кетишга журъат топа билиш, адолат олий қадрият, тадбиркор ҳам хато қилишга мойил ва бу хатони судма-суд эмас, шу иқтисодий суднинг ўзида ҳам тўғриласа бўлади ёки суднинг қарор қабул қилиши учун айрим ҳолларда ЖИБ суднинг ҳукми далил деган қарашга ёпишиб олмасдан, процессуал қонунчиликни соддалаштириш ҳақида фикрловчиларнинг фикрлар билан ҳисоблашишга ҳам тўғри келади…
Зеро, «адолат бу ўзгармас қонун, лекин ҳар бир қонун бу адолат дегани эмас». Алқисса, қозилик юкини, бу юкни оғирлаштирадиган омилларни ҳам қайта кўриб чиқишга зарурат мавжуд.
Чунки, инсон яратган қонунлар ўзгаришга маҳкум, негаки, инсоннинг ўзи ва унинг дунёқараши ўзгарувчан мавжудот. Лекин қозилик юки – адолат ўзгармайди. Негаки, адолат ва ҳақиқат бу ўзгармас қонунлардир.
Хулоса шуки, қозилари нафақат қонунга, балки адолат, ҳақиқатга интилган жамиятда қонун ёки қонунчилик ҳам ўз-ўзидан такомилга қараб, юксалиб боради. Қозилик юки залвори, шу юкнинг савол-жавоби, қози қарорларининг қонуний ва барқарорлиги ҳам шу каби бош мезонга айланади.
Бундай мезон устувор бўлса, қози ўз қарори бекор бўлишдан қўрқмайди, лавозимни йўқотса, пушаймон бўлмайди, чунки бутун бошли жамиятда, жамиятнинг устувор қарашида адолат-ҳақиқат (ҳақиқий ҳолат, фактик ҳолат ва вазият) юки бирламчи ўринда туради.
Биргина мисол, бугун давлат идоралари устидан тадбиркорлар ютиб чиқаётган низолар ва суд ишлари миқдори салмоқли рақамларни ташкил этмоқда. Судлар миллиардлаб маблағларни – тадбиркорлар фойдасига ёки уларга етказилган зарар (компенсацияни) сифатида давлат ташкилотларидан ундириб бермоқда.
Бу жараёнга адолат тамойилларини, адолат ҳуқуқини таъминланиши деб қаралиши мумкин.
Ушбу жараёнда қозилик юки – манфаатлар тўқнашувига, давлат ва тадбиркор манфаатини тарозининг икки палласида бирдай кўра олишида, қози бунда журъат топа олиши ва фидойилик билан адолат ва қонун устуворлиги тамойилини қўллашда собит туриши билан белгиланади.
Нуриддин МУРОДОВ,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси