Искать:

СУБСИДИЯ ФАҚАТ КАМ ТАЪМИНЛАНГАНЛАРГА БЕРИЛАДИМИ?

— Танишимга субсидия олмоқчи эканимни айтганимда, фақат кам таъминланган оилаларга ёки ёлғиз аёлларга берилишини айтиди. Моддий аҳволим ёмон эмас. Бундан чиқди, менга субсидия берилмайдими?

Исми сир тутилди

— Судсидия – ипотека кредитлари асосида квартира сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобвараққа ўтказилган маблағ тушунилади.

 

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 25 мартда 182-сонли қарори билан “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

 

Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)да давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади. Ариза берувчининг аризаси у рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

 

Масъул ташкилотлар етти иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тақдим этилган ҳужжатлар асосида ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқади.

 

ЯИДХПда онлайн электрон шаклда қуйидаги маълумотларни:

  • давлат солиқ инспекцияси — солиқ тўловчининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бўйича ариза берувчи ва оила аъзоси сифатида келтирилган шахсларнинг даромадларини аниқлайди;
  • давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси — ариза берувчи, турмуш ўртоғи ва турмуш қурмаган фарзандларининг номида мулк ҳуқуқи билан турар жойнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотларни;
  • туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари — ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашган муҳтож оналар тоифасига мансублигини;
  • Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими — ариза берувчининг алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар тоифасига мансублигини;
  • туман (шаҳар) ҳокимлиги — ариза берувчининг “Меҳр дафтари”га киритилган ёки ундан чиқарилган 30 ёшдан ошмаган ёшлар тоифасига мансублигини тасдиқлайди.

ЯИДХПда масъул ташкилотлар ўрганиб чиқиш натижаларига кўра, киритилган маълумотлар асосида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги автоматлаштирилган тарзда баллар кўринишида баҳоланади.

 

Комиссия раиси ижтимоий мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан ариза берувчига ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этишни электрон шаклда тасдиқлайди.

 

Кўриб чиқиш якунлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида электрон тасдиқланган QR-код қўйилган қарор тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига юборилади.

 

Ушбу хабарнома Давлат хизматлари маркази томонидан бир иш кунида ариза берувчига юборилади. Бундан ташқари, ЯИДХП орқали ариза берувчига “SMS” хабар юборилади.

 

Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, талабгор сифатида тан олиниб, квартира сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бўйича субсидия олишга ҳақли деб ҳисобланади.

 

ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА АРИЗА БЕРУВЧИГА СУБСИДИЯ АЖРАТИШ РАД ЭТИЛАДИ?

1. Аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;

 

2. Маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;

 

3. Илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари такрорий мурожаат этганда;

 

4. Жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда.

АРИЗА БЕРУВЧИ ЁКИ ОИЛАНИНГ ЎРТАЧА ОЙЛИК ДАРОМАДИ ҚАНЧА БЎЛИШИ КЕРАК?

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан кам ва 8,0 бараваридан юқори;
  • Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 баравардан кам ва 9,2 бараваридан юқори бўлиши лозим.

Юқорида қайд қилинган Низом талабларига кўра, сиз исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига мурожаат этишингиз ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтишингиз мумкин. Аризангизга асосан тегишли комиссия сизга ижтимоий мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса беради.

 

Ғайрат ЭРГАШЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро суди раиси

«ЗАГС»ИМИЗ ЙЎҚЛИГИ УЧУН ТАЪМИНОТ ОЛОЛМАЯПМАН»

– Эрим билан «ЗАГС»дан ўтмаганмиз. Ўғлим туғилганидан бери ота уйимдаман. Онамнинг қистови билан алиментга бердим. «Она таъминоти олишга ҳам ҳақинг бор», дейишганди, суриштирсам, у фақат «ЗАГС»и борларга бериларкан. Шу ростми?

Исми сир тутилди

Азизбек Джалилов, фуқаролик ишлари бўйича М. Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 117-моддасига асосан эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан II гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.

 

Шунингдек, ушбу кодекснинг 119-моддасига биноан эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.

 

Бироқ бу сумма қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан (108 100 минг сўмдан) кам бўлмаслиги лозим. Ушбу қоидалардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, қонуний никоҳдан ўтган бўлсалар бу қоидалар амал қилади.

 

Агар шаърий никоҳ орқали оила қурилган бўлса, бу қоидалар тарафларнинг келишувига асосан тўланиши мумкин. Суд тартибида ундирилмайди, сабаби Оила кодексининг моддалари қонуний тартибда тузилган никоҳ учун амал қилади.

«ОНАМ ҲАЁТ БЎЛА ТУРИБ, УКАМ ЎЗ УЛУШИНИ СЎРАЯПТИ»

— Кенжа укам онам билан бирга яшайди, лекин уй рўйхатига киритилмаган. Ҳовли онамнинг номида. Яқинда укам «суд орқали ўзимга тегишли бўлган қисмини ажратиб оламан», деди. Онам ҳаёт бўлса, қандай қилиб у улуш сўраши мумкин? Агар судга берадиган бўлса, биз қандай йўл тутайлик?

Исми сир тутилди

Амина Худайбергенова, фуқаролик ишлари бўйича М. Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан уй-жойнинг мулкдори ва унинг оила аъзолари уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

 

Сизнинг холатингизда укангиз онасига тегишли бўлган уйда доимий яшаётган бўлса, бошқалар билан тенг равишда фойдаланиши, ушбу турар жойга ўзининг оиласини ва вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақли бўлади.

 

Уй-жой мулкдорининг оила аъзоларига, шунингдек у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.

 

Фуқаролик кодексининг 223-моддасига асосан муклни, шу жумладан уй-жойни натура ҳолида бўлиш фақатгина унинг эгалари ўртасида йўл қўйилади. Демак сизнинг укангиз уйнинг мулкдори бўлмас экан, унинг уйни бўлиб олиш тўғрисидагни талаби ҳам асоссиз ҳисобланади.

ЭР-ХОТИНДАН БИРИ БЎЛМАГАН ҲОЛЛАРДА СУД ТОМОНИДАН НИКОҲДАН АЖРАТИШ МУМКИНМИ?

— Дугонам эри билан ажрашмоқчи. Эри «қўлингдан келганини қил, барибир ажраша олмайсан», деб хорижга кетиб қолди. Мақсади – дугонамни хўрлаш. Шусиз ҳам икки марта уриб, ҳомиласини туширди. Дугонам битта ўғли билан ота-онасиникида яшаяпти. Эри билан бирга яшаган уйига қайнонаси киритмаяпти. «Ўғлим қачон қайтса, ўшанда кўчигни оласан» деган. Бу вазиятда дугонам ажрашишга берса бўладими? Эри бўлмаса, суд ажраштирадими?

Исми сир тутилди

— Маълумки, мамлакатимиз давлат мустақиллигига эришган дастлабки йиллардан бошлаб унинг инсон ҳуқуқларига оид асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар – Бирлашган миллатлар ташкилотининг бир қатор ҳужжатлари, жумладан “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ва “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси қоидаларига мос равишда оилани мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир аъзоси ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий муносабатларда ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан тўлақонли фойдаланишлари учун имкониятлар яратишга йўналтирилган миллий қонунчилик базаси яратилди ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда доимий равишда такомиллашиб бормоқда.

 

Аввало, таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда оилавий муносабатларни тартибга солувчи дастлабки ҳужжат сифатида бош Қомусимиз ҳисобланган Конституция майдонга чиқади.

 

Шу билан биргаликда, оилавий муносабатларни тартибга солувчи яна бир муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан бири – Оила кодексида ҳам оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясида эканлиги ҳақидаги қоида мустаҳкамланган.

 

Никоҳ бу эркак ва аёлнинг ихтиёрий ва ҳуқуқларининг ўзаро тенглиги асосида оила тузиш ва эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини келтириб чиқаришга қаратилган келишув бўлиб, бир сўз билан айтганда, никоҳ шакли – тарафларнинг ушбу муносабатларини қонун билан белгиланган қайд қилиш усули ҳисобланади.

 

Шу ўринда, мурожаатчимизнинг саволига тўхталадиган бўлсак, тарафларнинг ўзаро эр-хотинлик муносабатларини давом эттиришга бўлган хоҳиш-иродаси сўнган, ёки бир-биридан кўнгли қолган ҳолларда қоида тариқасида ФҲДЁ органига ёки судга мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

 

Тарафлар ўртасида вояга етмаган фарзандлари борлиги ёки ўртада мол-мулк юзасидан низонинг мавжудлиги эр ёки хотинга никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаб билан бевосита судга мурожаат қилишни тақозо этади.

 

Оила кодексининг 40-моддасига биноан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

 

Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.

 

Ушбу Кодекснинг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

 

Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги 06-сонли “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 7-бандига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъволар, қоида тариқасида, жавобгарнинг доимий яшаш жойидаги судга, ФПК 34-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, даъвогарнинг хоҳиши бўйича тақдим этилади.

 

Хусусан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво:

 

– жазо муддатидан қатъи назар, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс билан (агар иш суднинг судловига тааллуқли бўлса) – мазкур шахснинг судлангунга қадар охирги яшаш жойида;

 

– яшаш жойи номаълум бўлган шахс билан-унинг маълум бўлган охирги яшаш жойида ёки унинг мол-мулки турган жойда, даъвогар вояга етмаган болалари борлиги ёки саломатлиги туфайли жавобгарнинг яшаш жойига боришга қийналган ҳолларда эса, – даъвогарнинг яшаш жойида;

 

– Ўзбекистон Республикасида яшаш жойига эга бўлмаган ёки мамлакатдан чиқиб кетган шахс билан унинг мол-мулки турган жойда ёки Ўзбекистон Республикасида маълум бўлган охирги яшаш жойида тақдим этилиши мумкин.

Мазкур Пленум қарорининг 14-бандига асосан, эр-хотиндан бири доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига кўчиб кетган ва унинг суд мажлисига келиш имконияти бўлмаган ҳолларда, суд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари нормаларига мувофиқ тарафларни хабардор қилиш чораларини кўради.

 

Фуқаролик процессуал кодексининг 164-моддасига асосан, жавобгарнинг амалдаги туриш жойи номаълум бўлса, жавобгарнинг охирги яшаш жойидаги алоқа ташкилоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёхуд охирги иш жойидаги иш берувчи (маъмуриятнинг мансабдор шахси) суд чақирув қоғозининг ёки бошқа хабарноманинг иккинчи нусхасига мазкур органлар ёки ташкилотлар суд чақирув қоғозини ёки бошқа хабарномани олганлиги ва уни чақирилувчининг туриш жойи номаълумлиги сабабли унга топширишнинг имкони бўлмаганлиги ҳақида ёзиб юборган маълумот судга келиб тушгач, суд ишни муҳокама қилишга киришади.

 

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 220-моддасига кўра, тарафлар келмаслик сабаблари тўғрисида судни хабардор қилиши ва бу сабабларнинг узрлилигига далиллар тақдим этиши шарт. Агар жавобгарнинг келмаганлиги сабаблари тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаса ёки суд келмаганлик сабабларини узрсиз деб топса ёхуд жавобгар иш юритилишини қасддан чўзаётган бўлса, суд ишни кўришга ҳақли.

 

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаб суд томонидан кўриб чиқилаётган вақтда, тарафлардан бирининг яшаш жойининг номаълумлиги ёки чет элда бўлиб, у ерда унинг аниқ яшаш манзилини аниқлашнинг имкони бўлмаса, ушбу ҳолатда, суд ФПКнинг 164 ёки 220-моддаларига асосан тарафлардан бирининг иштирокисиз кўриб чиқишга ҳақли.

 

Айтиш жоизки, никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаб суд томонидан кўриб чиқилаётган вақтда талафларнинг ҳозир бўлишлари ушбу низонинг суд томонидан адолатли ва қонуний ҳал қилинишига ёрдам беради.

 

Азиз Рахмонов,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро суди судьяси

«ПРОПИСКА»ГА ҚЎЯМИЗ ДЕБ АЛДАШДИ»

— Жиянимни эри билан «ЗАГС»и йўқ. Қайнонаси «тўйдан кейин бир ҳафтага қолдирмай ўтказамиз», деб алдади. Энди эса битта боласи билан сал нарсага ҳам уйига ҳайдаб юборишади. Фарзанди икки уйлик бўлиб катта бўляпти. Жиянимни «прописка»га қўйиш учун қаерга мурожаат қилиш керак? Икки йилга яқин «прописка»га олмагани учун қайнонаси ё эрига қандай чора бор?

Исми сир тутилди

Зиёда Солиева, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:


— Қонунчиликка кўра, фуқаролар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойлари бўйича рўйхатдан ўтишлари шарт.


Туғилган болага фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан туғилганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилаётганда, у отаси ёки онасининг доимий рўйхатга олинган манзилида идоралараро автоматлаштирилган тизим орқали маълумотларни киритиш йўли билан доимий рўйхатга олинади.
Мулкдор (мулкдорлар) ўз оила аъзоларини ва бошқа шахсларни доимий рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга.


Бунда уй-жой мулкдорининг аризаси ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бориш имкони мавжуд бўлмаса талаб қилинади.
Жиянингиз доимий рўйхатга ўтишни расмийлаштириш учун тегишинча Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшаб турган жойларига яқин бўлган МваФРБ ва Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари ҳамда ЯИДХПдан фойдаланишлари мумкин.
Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддаси паспорт тизими қоидаларини бузиш, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахслар томонидан шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз яшашига йўл қўйилиши, худди шунингдек фуқаролар томонидан ўз турар жойларида шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшашига йўл қўйилиши, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

БОБОДАН ҚОЛГАН МЕРОС УЙНИ ҚАНДАЙ РАСМИЙЛАШТИРИБ ОЛИШ МУМКИН?

— Бобомдан қолган мерос уйни расмийлаштирмоқчи эдик. Отам ҳам ўз вақтида уйни мерос мулки сифатида расмийлаштириб олмаган экан. Нотариусга ҳужжатларни тўплаш жараёнида отамнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномани топа олмадик. ФҲДЁ органида умуман ҳеч қандай далолатнома ёзуви топилмади, уй бобомнинг номида бўлганлиги сабабли меросни ўз эгалигимизга ўтказа олмаяпмиз. Муаммони қандай ҳал қилсак бўлади?

Исми сир тутилди

Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Фуқаролик кодексига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.
Сиз маълум қилган ҳолатдан тушунилишича, бобонгизнинг вафотидан кейин унга тегишли бўлган мол-мулкка нисбатан у томонидан васиятнома қолдирилмаган бўлиб, бундай ҳолатда ворислик қонун бўйича амалга оширилади.

 

Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.
Ушбу ҳолатда отангиз бобонгизнинг биринчи навбатдаги вориси, яъни, фарзанди эканлиги унинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома билан тасдиқланади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 ноябрдаги “Нотариуслар томонидан айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида”ги 726-сонли қарорига 5-илова “Нотариуслар томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришнинг маъмурий Регламент”нинг 29-бандига кўра, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришда нотариус меросхўрларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари (Ф.И.О. ўзгарган тақдирда) ёки далолатнома ёзувларидан кўчирмалар ёхуд қариндошлик муносабатларининг ҳақиқийлигини белгиловчи суд ҳужжатини талаб қилади.

 

Агарда отангизнинг бобонгиз билан ота-бола эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, яъни, туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви мавжуд бўлмаса, отангизнинг бобонгизнинг фарзанди эканлиги факти суд томонидан белгиланади. Бунинг учун отангиз фуқаролик ишлари бўйича судга туғилганлик фактини белгилаш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши лозим бўлади.

 

Аризада отангиз ўзини отаси ва онаси деб кўрсатган шахслардан туғилганлиги фактини белгилашни сўраши ҳамда бундай факт унга нима сабабдан зарар эканлигини кўрсатиши, шунингдек, аризага ўзининг ота-онаси деб кўрсатган шахсдан туғилганлигини тасдиқловчи далилларни ҳамда мерос мулкининг бобонгизга тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиши лозим. Суднинг ота ва онадан туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан отангизнин туғилганлигини қайд этиш учун асос бўлади.

 

Суд томонидан отангизнинг туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилганидан кейин ФҲДЁ органи томонидан отангизга нисбатан туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви юритилиб, унинг асосида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилади ва шундан кейин отангиз бобонгизнинг вориси сифатида ундан қолган мол-мулкни мерос сифатида қабул қилиб олиши учун отангизнинг охирги доимий яшаб турган жойи бўйича нотариал идорага мурожаат қилишга ҳақли бўлади.

АДОЛАТ ҚОНУННИНГ ЎЗИДА БУЗИЛМАСИН ЁХУД ДАЪВО ТАЛАБИНИ КАМАЙТИРИШ ДАЪВОГАРНИНГ ХОҲИШИГА БОҒЛИҚ ЭМАСМИ?

Бир бадиий фильмда қаҳрамон – Мўлладўст қозига қарата: “Сизлар нима десаларингиз ҳам, шариатга тўғри келаверади-я”, деган жумлани айтади. Жамиятга ҳамоҳанг равишда инсоният тараққий этар, ўзаро муносабатларда қарашлар ўзгариб, сайқалланиб борар экан, қонун-қоидалар ҳам ўз вақтида инсоннинг эзгу мақсадлари томон такомиллашиб бориши лозим.

 

Акс ҳолда, одамлар (аҳоли) орасида ана шу қонун-қоидалар ва шу асосида чиқариладиган қарор ва хулосаларга нисбатан эътирозлар, салбий фикрлар, ишончсизлик ортиб боради.

 

Нега? Чунки, бундай ҳолларда белгиланган, ўрнатилган қонун-қоида инсоннинг эзгу қарашлари маҳсули бўлган адолат ва жамиятда барчаси инсон, унинг манфаати, қадр-қиммати учун, деган тамойиллар талабларидан ортда қолади ҳамда олдимизга қўйган мақсад-муддаоларимиз йўлида “қизил” ёки ҳеч бўлмаганда “сариқ чироқ” каби ёниб қолаверади.

 

Иқтисодий судларда даъвогар ариза берганидан сўнг иш кўрилар экан, у ўз аризаси бўйича даъво талаби ва даъво баҳосини камайтирган тақдирда давлат божи харажати ўша камайтирилган қисм учун ҳам ундан ундирилади.

 

НЕГА?

Даъвогар даъво талабини камайтирса, унинг хоҳиши-ку! Биринчидан, бу – жавобгарга енгиллик, иккинчидан, низо бартараф бўлади, жамиятга шу фойдали эмасми?

 

Даъвони камайган қисми, агар даъвогар бу қисмдан воз кечса, камайган даъво жавобгар, яъни бир тадбиркор учун фойдага қолади, бу маблағ эса ишлаб чиқаришга, савдо-сотиққа ё бошқа тижорат айланмасига қўшилади, ундан солиқ тўланади, иш ўрни ҳосил бўлади, иқтисодиёт юксалишига ҳисса қўшилади.

 

“Ушбу маблағ давлат божига тортилгандан кўра фойдалироқ, жамиятга ҳам нафи каттароқ эмасми?” деган ҳақли эътирозлар, чуқур мушоҳада вамуҳокамага тортадиган фикрлардир…

 

Аммо, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддаси саккизинчи қисмида даъвогар томонидан даъво талаблари камайтирилган тақдирда, тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди. Тўққизинчи қисмида эса даъво суммаси кўпайтирилган тақдирда, давлат божининг етишмаётган суммаси даъвонинг кўпайтирилган суммасига мувофиқ тўланади, деб белгиланган.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2020 йилдаги “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 36-сон қарорида ҳам ушбу масалада тушунтириш берилмаган.

 

Демак, биз юқорида айтган айни қонун-қоида бўйича даъвогар томонидан даъво талаблари камайтирилган тақдирда тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди, яъни даъвонинг камайтирилган қисми бўйича давлат божи даъвогар зиммасида қолади. Энди тўлаб чиқилган давлат божи доирасида агар даъвонинг камайтирилган қисми бўйича давлат божи тўланмаган бўлса ҳам, даъвогардан ундирилади.

 

Нега, чунки, амалиёт шундай шаклланган. Бироқ қонунда фақат тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмади, деб белгиланган бўлса-да, нега бундай амалиёт шаклланган?

 

Эй, қуяверасиз, Ҳисоб палатаси текшириб, судьялар томонидан давлатга тушиши лозим бўлган шунча бож камайтирилган даъволлардан ундирилмай қолиб, давлат бюджетига зарар етказилган, дейишдан хавотирдамисиз?..

 

Лекин хулоса қилсак, қонуннинг ўзида адолат бузилган, яъни, даъво суммаси кўпайтирилган тақдирда, давлат божининг етишмаётган суммаси даъвонинг кўпайтирилган суммасига мувофиқ даъвогар томонидан тўланади, даъво талаби камайтирилса, тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди, яъни даъвонинг камайтирилган қисми бўйича давлат божи даъвогар зиммасида қолади…

 

Масалан, даъвогар жавобгардан 100 000 000 сўм ундирмоқчи бўлиб, даъво киритган эди, кейинчалик “Йўқ, мен 70 000 000 сўм ундирмоқчиман, суд мажлисида ўйлаб кўрсам, жавобгарнинг аҳволи оғир экан ёки унга жабр бўлмасин ё у олдинроқ қарзнинг маълум қисмини тўлаган экан, мен билмай қолибман, билишнинг имкони бўлмаган экан, бу орада суд ишни тайинлаб қўйибди, мен кеч билибман, шунга узр, мен 70 000 000 сўм даъво қиламан, 100 000 000 сўмга даъво қилмайман, қолган 30 000 000 сўмдан давлат божи тўламай, илтимос, бўлмаса, даъвони камайтирмайман, майли, ноинсофлик бўлса ҳам, жавобгардан божни ундираверинглар, деса”, нима деймиз.

 

“Энди қонун шундай, туғри тушунасиз, шу пайтгача, амалиёт шундай бўлиб келган, эски таҳрирдаги Олий суд Пленуми қарорида давлат божи даъвонинг камайтирилган қисмидан ундирилиши кўрсатилган эди. Ҳа энди, янги Пленум қарорида бу масалага тўхталинмаган, шундай бўлса ҳам, ундириб қўяверайлик, сиз ҳам тинч, биз ҳам тинч, Ҳисоб палата ҳам эътироз билдирмайди”, деб жавоб беришга тўғри келади.

 

Кейин даъвогар нима дейди, “Сизлар нима десаларингиз ҳам, шариатга тўғри келаверади-я”, дейдими?..

 

ШУ АСОСДА ТАКЛИФ

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддаси саккизинчи қисмидаги “чиқилмайди”, деган сўздан “м” ва “й” ҳарфларини олиб ташлаб, “чиқилади”, деган сўзга ўзгартиб қўйиш;

 

агар қонун ижодкорлиги юридик техника жиҳатдан тўғри бўлсин, десак, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 18-моддаси биринчи қисмини қўйидаги 16 – банд билан тўлдириш, 16 —даъво талаблари камайтирилган тақдирда;

 

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси саккизинчи қисми чиқариб ташлансин.

 

БУ НИМА БЕРАДИ, ДЕЙСИЗМИ?

Аввало, бу – ушбу нормани адолатли бўлишини таъминлайди. Негаки, ҳар бир ҳуқуқий ёки қонун нормаси қонун бўлиши билан бирга, унда албатта адолат тамойили бўлиши муҳимдир.

 

Шу асосда ушбу таклиф “давлат ғазнасига тушган пул қайтмайди”, деган нотўғри фикр, хулосани йўқотади, давлат ва тадбиркорлик субъектларининг тенглигини таъминлайди, даъво талабининг мазмунан кўрилмаган қисми бўйича, яъни даъвогар томонидан “йўқ, менга ортиқча даъво керакмас”, деган қисм бўйича ҳақсиз ва адолатсиз бож ундиришга чек қўяди.

 

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги қонуни 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, давлат божи деганда, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўлов тушунилади.

 

Демак, даъвонинг камайган қисми бўйича ҳаракатларни амалга оширганмиз ва шунинг доирасида қарор чиқарганмиз.

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси

ТАЪТИЛДА БЎЛГАНЛАРГА МУКОФОТ ПУЛИ БЕРИЛМАЙДИМИ?

– Ишхонада таътилга чиққандим. Эшитишимча, яқинда ҳамкасбларимга мукофот пули берилибди. Лекин менга тушмади. Сабабини сўраганимда таътилда эканимни айтишди. Ўз хоҳиши билан таътилда бўлганлар ёки «болничьний»дагиларга мукофот пули берилмайдими?

Исми сир тутилди.

Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Гўзал Абдурахманова жавоб берди:

 

— Меҳнат кодексининг 72-моддасининг 1- қисмига кўра, меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.

 

Ушбу кодекснинг 73-моддаси 2-қисми 5-бандига кўра, меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари белгиланади.

 

Шунингдек, ходим ва иш берувчи ўртасида жамоат шартномаси тузилган бўлиши, унда ходим ва иш берувчининг ўзаро мажбуриятлар акс эттирилган бўлиб, шу билан бирга меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар кўрсатилган бўлиши лозим.


Юқоридаги қонун нормалари асосан сизга иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси ҳамда жамоат шартномаларида кўрсатилган шартлар асосида мукофот пули берилиши лозим. Мукофот пули ходимни рағбатлантириш туридан фарқли равишда, ходимга интизомий жазо чораси қўлланилган ҳолда ҳам тўлаб берилиши лозим.

 

Шундан келиб чиқиб, агар сизга меҳнат таътилига чиққанлигингиз муносабати билан ёки меҳнатга лаёқатсиз бўлган – “болничний”га чиққан даврингизда иш берувчи томонидан мукофот пули тўланмаган бўлса, ҳудудийлик бўйича ўзингиз яшаш манзилингизда жойлашган ёки иш жойингиз жойлашган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича тегишли туманлараро судига мукофот пулини ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд.

ИШДАН БЎШАДИМ, АММО ИШЛАГАН КУНЛАРИМГА ОЙЛИК ОЛАМАНМИ?

– 15 августда ўз хоҳишим билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздим. Буйруқ ариза ёзган кунимга чиқарилди. Аммо ишлаган 15 куним ҳақида ҳеч ким ҳеч нима демади. 15 кунлик иш ҳақим нима бўлади?

Исми сир тутилди

Дилфуза Дададжанова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Меҳнат қонунчилигига асосан ходим меҳнат шартномасини икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга, огоҳлантириш муддати тугаганидан сўнг ишни тўхтатишга ҳақли. Иш берувчи ходимга унинг ишлаган даври учун иш ҳақини тўлиқ тўлаб беришга мажбур.


Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ўз аризасига асосан бекор қилинганда, унга тўланиши керак бўлган иш ҳақи охирги ишлаб бериш кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозим бўлади.


Сизнинг ҳолатингизда иш берувчига икки хафтадан сўнг ишдан бўшаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилгансиз ва шу куни сиз билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилган. Агар иш берувчи мазкур буйруқда сизнинг келгусида икки хафта давомида ишлаб бериш муддатига ойлик иш ҳақи тўлаб бериш вазифасини ҳисобчига юклатмаган бўлса, бундай ҳолатда иш берувчи огоҳлантириш муддатининг охирги иш кунида қўшимча буйруқ чиқариб, ишлаб берилган икки ҳафталик муддатга ойлик тўлаб бериши шарт бўлади.


Агар ходимга тўланмай қолган иш ҳақи тўғрисида низо мавжуд бўлса, иш ҳақини ундиришни сўраб, унинг ўзи яшаб турган ёки иш берувчи жойлашган тумандаги фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин.

«БОШҚА ИШДА ИШЛАБ ТУРСАМ БЎЛАДИМИ?»

— Ҳозирда бола парваришлаш таътилидаман. Айтингчи, таътил муддати тугагунча бошқа ишда ишлаб турсам бўладими? Масалан, ўриндошлик асосида.

Исми сир тутилди

Алимджан КАРИЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Меҳнат кодексининг 58-асосан давлат иш билан таъминлаш турини, шу жумладан турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлигини кафолатлайди.
Ушбу кодекснинг 234-моддаси талабларидан келиб чиқиб, аёл ўз хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаши мумкин. Бунда унинг нафақа олиш ҳуқуқлари сақланиб қолади.

 

Демак, аёллар болани парваришлаш таътили даврида иш берувчини огоҳлантириб, исталган вақтда ишга чиқса бўлади.
Иш берувчи ходимага болани парваришлаш таътилини бўлиб ишга чиқишини тақиқлашга ҳақли бўлмайди, чунки бундай таътилдан фойдаланиш ходиманинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади.


Болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти шароитида ишлаш меҳнат шартномасига қўшимча битим билан расмийлаштирилади. Унга иш вақти ва меҳнат ҳақига тааллуқли бўлган ўзгартиришлар киритилади. Қўшимча битим имзоланганидан кейин тегишли буйруқ чиқарилади.


Қонунчиликда ўриндошлик асосида ишлаш бу ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши тушунилади.
Ўриндошлик асосида ишлашга, асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади.


Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади.


Қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:


• ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;


• агар ўриндошлик асосида ишловчининг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш (соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари бундан мустасно);


• автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлаш хизматининг ишчиси (мутахассиси) сифатида;


• Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;


• вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;


• бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари – соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;


• қонунчиликка мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).
Бундан кўринадики амалдаги қонунчиликда болани парваришлаш таътилидаги аёлларнинг ўриндошлик асосида ишлаш ҳуқуқи чекланмаган.

Перейти к содержимому