“PDP”ДА ОЧИҚ СУҲБАТ, САЙЁР СУД…

 Пойтахтнинг Сирғали туманида жойлашган “PDP” университети IT соҳасига ихтисослашган олий таълим маскани ҳисобланади. Жиноят ишлари бўйича ушбу туман суди судьяси Ойбек Кахаров мазкур даргоҳга келиб, талабалари билан очиқ суҳбат ўтказгани бежиз эмас.

Бугунги кунда кибержиноятлар сони ҳам, салмоғи ҳам ортиб бораётгани рост. Бироқ бу – унча-мунча  дастурчи “ялонғоч қўлга тутқич бермас”лигини англатмайди.  Суҳбатда мазкур тоифадаги жиноятлар, уларни  фош этиш, қонун устувор, жазо муқаррарлигини таъминлаш, бу борадаги суд амалиёти ҳақида етарли тасаввурлар берилди.

Шунингдек, коррупция, одам савдоси ва  бошқа оғир ҳамда ўта оғир жиноятларни содир этган жиноий гуруҳларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар мисолида “бузоқнинг югургани сомонхонагача” мақолининг мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди.

Суҳбатдан сўнг сайёр суд муҳокамаларига ўтилди. Унда пробация ҳисобидаги тўрт нафар маҳкумга оид тақдимномалар кўриб чиқилди. Натижада уларнинг уч нафари тайинланган жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Бир нафари тайинланган жазо эса, белгиланган тартиб-қоидаларни бузгани боис, оғирроғига алмаштирилди.