


Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилди
Олий Мажлис Сенатининг 10-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Сенатнинг тегишли қарорига асосан Алишер Усманов беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди.
Икрам Муслимов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимидан, Нодира Хакимова Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.

ТАБИАТГА ЗАРАР ЕТКАЗМАЙЛИК
Бугун табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ҳақида бот-бот эслатмалар берилаяпти. Экологияни тоза сақлаш, табиий неъматлардан самарали фойдаланиш нафақат бугуннинг вазифаси балки эртанги истиқбол, ёш авлод учун қолдириладиган бойлик, бу эса бизнинг бурчимиздир.
Айрим мансабдор раҳбарларнинг амалдаги қонунларни менсимаслиги ачинарли холдир.
1987 йилда туғилган оилали, олий маълумотли А.Р. МЧЖ раҳбари бўла туриб яшил табиатга зарар етказди. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ходимлари текширув олиб борганида А.Р. раҳбарлик қилаётган корхонада Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 15 ва 22 – моддалари ҳамда “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддаси бузилишига олиб келганлиги, корхона фаолиятидан ҳосил бўлган ишлаб чиқариш чиқиндилари махсус ажратилмаган жойда уюлиб ётганлиги аниқланган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 15, 24, 25, 41-моддалари, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонуннинг 11, 13, 21 – моддалари бузилишига олиб келинганлиги, корхона томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмаганлиги ва Давлат экология қўмитаси “Экологик экспертиза маркази” давлат унитар корхонаси томонидан 2022 йил 10 январдаги экспертиза хулосасида бажарилиши мажбурий бўлган 4 банддан иборат кўрсатмаларнинг бирортаси бажарилмаганлиги аниқланиб, мазкур холатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб судга чиқарилган.
Судда корхона раҳбари айбига иқрорлик билдириб, қилган ҳуқуқбузарлигидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди.
Суд Р.А.нинг саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузишда ифодаланган ҳаракатлари МЖтК нинг 91-моддаси 1-қисми билан, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга тушириш, уларни ишлаб чиқариш чиқитлари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар ҳамда оқава сувлар билан ифлослантиришда ифодаланган ҳаракатлари МЖтК нинг 65-моддаси 4 – қисми билан, лойиҳаларни давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасиз ёхуд унга риоя қилмаган ҳолда рўёбга чиқариш, шунингдек бундай хулосаси бўлмай туриб объектларни маблағ билан таъминлашда ифодаланган ҳаракатлари МЖтК нинг 96-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб топди.
Суд ҳуқуқбузарга юқоридаги моддалар билан айб эълон қилиб, МЖтК нинг 34-моддасига асосан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида, яъни 5 млн 100 минг сўм жарима жазоси тайинлади.
Дилмурод Валиев,
Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди тергов судьяси

“РАҚАМЛИ СУД» КОНЦЕПЦИЯСИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА БИОМЕТРИК ИДЕНТИФИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Сўнгги йилларда судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ташкилий, ҳуқуқий ва техник ишлар амалга оширилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг суд фаолиятини рақамлаштириш бўйича жуда кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилиниши ортидан соҳада тарихий натижаларга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.08.2025 йилдаги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-140-сон Фармони суд тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича аниқ вазифалар ҳамда истиқболли йўналишларини белгилаб берилиши бу борада муҳим дастуриламал бўлди.
Айниқса “Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш доирасида сунъий интеллект технологияларидан, хусусан криминалистик идентификациянинг замонавий имкониятларидан фойдаланилиши жараёнларни автоматлаштириш, рақамлаштириш ва ахборотлаштиришнинг мутлақ янги босқичга олиб чиқиб кўплаб қулайликлар яратади.
Биринчидан, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмасдан ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этишини белгиланиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига судда қатнашиш учун сарфланадиган йўл харажатлари ва иш вақтини тежашга хизмат қилади.
Амалиётга кўра бошқа ҳудудда жойлашган судда иштирок этилши лозим бўлган шахс йўл ҳаражатлари сарфлаб бориши ёки ўзи яшаб турган ҳудуддаги судга бориб, видеоконференц алоқаси залига кириб қатнашиши талаб этилган. Эндиликда, иштирокчилар ўз мобил телефонлари ва компьютеридан фойдаланган ҳолда суд мажлисларида масофавий иштирок этиши таъминаланади. Бунда, судда онлайн иштирок этаётган шахснинг юз қиёфаси белгиларига кўра автоматик равишда “Face-id” иловаси ёрдамида иидентификация қилинади ҳамда шахснинг биографик маълумотлари тизимга автоматик равишда қайд этилади.
Иккинчидан, суд мажлиси иштирокчилари суд жараёнларида ҳозир бўлганини тасдиқлаш ҳамда суд таркибига ва судья томонидан бошқа тушунтиришларга розилигини бармоқ сканери ёрдамида тасдиқлаш имкониятини яратилиши суд жараёнларини автоматлаштириш ва ҳужжатлар ишончлилигини оширишга имкон беради.
Ҳозирда суд мажлисига келган иштирокчининг шахси унинг тасдиқловчи ҳужжати асосида қайд этилади ва тушунтиришларга розилиги учун имзо қўйиши талаб этилади. Аммо амалиётдаа имзонинг табий ўзгариши ва атайин имзони ўзгартириб бажариш ҳолатлари учраб туради. Йўлга қўйилиши режалаштирилган тизимда иштирокчиларнинг розилигини тасдиқлаш уларнинг бармоқ излари ёрдамида тасдиқланиши ҳужжатниинг ишончлилигини оширади ва кейинчалик шахснинг ўзи бўлмаган тақдирда ҳамда идентификация қилиш имконини яратади.
Учинчидан, иштирокчиларнинг сўзлаган нутқ ва кўрсатмаларида овози реал вақт режимида автоматик равишда матнга ўгирилиб суд мажлиси давомида баённомалар тузилиши суд жараёнларини тўла ва ишончли қайд этиб борилишини таъминлайди.
Маълумки суд мажлиси баённомаларида иштирокчиларнинг кўрсатмалари нотўлиқ ёки юзаки қайд этилиши ҳатто, судья, прокурор, адвокат томонидан берилган саволлар баённомада тўлиқ ўз аксини топмаётган ҳолатлар учраб турибди. Бироқ эндиликда иштирокчиларнинг овозли кўрсатмалари махсус стенографик дастурлар ёрдамида автоматик равишда матнга ўгирилиши суд мажлиси баённомаси тўлиқ шакллантирилади, бу эса суд мажлиси баённомаларини матнини теришга масъул ходимларнинг ортиқча қўл меҳнати ва иш вақтини тежаш билан бирга баённомаларни ҳар томонлама тўлиқ шакллантиришга ҳамда ишончлилигини оширишга хизматга қилади.
Ўзбекистон Республикасининг процессуал қонунчилик ҳужжатларида (ФПК-276-278м, ЖПК 426м, МЖтК 308м) суд мажлиси баённомалари жараёнларини тўлиқ қайд этилишини талаб этади.
Россия, Белорусия, АҚШ, Корея, Япония ва Европа давлатларида суд мажлиси жараёнларини тўлиқ қамраб олган ҳолда овозли сўзларни автоматик равишда матнга ўгириш технологияларидан фойдаланиш миллий қонунчилик нормаларда белгилаб қўйилган.
Умуман олганда, “Рақамли суд» концепциясида назарда тутилган вазифаларни амалга оширишда замонавий биометрик идентификация технологияларидан кенг фойдаланиш қарорларнинг қонуний ва асосли бўлиши ҳамда суд ишларини юритишдаги процессуал ҳужжатларнинг сифатли бўлишини таъминлайди деб ҳисоблаймиз.
Машҳура Байбекова,
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси



ОНГДА АДОЛАТ, ТИЛДА ҲАҚИҚАТ, ДИЛДА ПОКЛИК БИЛАН
Шубҳасиз, ҳар бир инсон дунёга келар экан, унинг аъмолида ҳур ва эркин нафас олиш тақдири битилган бўлса, у бахтлидир. Аммо инсон ҳар қанча бахтли бўлмасин, унинг она халқи, азиз юрти тутқунликда бўлса, у яна забун аҳволда қолаверади. Шу маънода, остонамизда турган ватанимиз озодлиги байрамини мен бизга бахт улашган байрам, деб атагим келади. Шу йил 10 июль куни муҳтарам юртбошимиз “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолаганида ҳам шу каби хаёллар оғушида эдим. Бу муҳим ҳужжатга кўра, миллий истиқлолимизнинг 34 йиллик шонли санаси Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт даражаси, жаҳон майдонидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб тарзда, юксак савияда нишонланади. Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилади. Мустақиллик байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ҳамда туманлар, қишлоқ ва овулларда муносиб нишонланиши таъминланади. “Она диёр – ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловлар юқори даражада ўтказилади.
Қаранг, қанчалик муҳим тадбирлар, наинки пойтахтимиз Тошкентни, балки республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олган байрам шодиёналиклари қанчалик кўтаринки руҳда бўлади.
Мустақиллик фақат тарихий бир санагина бўлиб қолмай, халқимизнинг ўз йўли, ўз тақдири, ўз бахти учун қарор қабул қила олишидир. Бугун у Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт даражаси, жаҳон майдонидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб. Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этгани давримизга ҳамоҳанг.
Ҳар бир инсон учун қадрият тушунчаси турлича бўлиши мумкин. Кимдир учун у оила, кимдир учун илм, яна кимдир учун бойлик бўлиши мумкин. Лекин шу неъматларнинг барчаси фақат тинчлик ва эркинлик бўлган жойда қадрга эга бўлади. Бизнинг юртимиздаги эркинлик ва осойишталик муҳити умримизга мазмун, ҳаётимизга маъно беради.
Мен ҳуқуқ соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассис судья сифатида мустақиллик қадрини янада чуқурроқ ҳис қиламан. Айниқса, кейинги йилларда, Янги Ўзбекистон шароитида юртимизда қонун устуворлиги таъминлана бошлади.
Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони каби муҳим ҳужжатлар биз учун дастуриламалга айланган бўлса, давлатимиз раҳбарининг “Cудьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак”, деган сўзлари суд тизимини фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган адолат қўрғонига айлантиришга ундаган мақсад йўлида хизмат қилиш, албатта, менга ҳам катта масъулият юклагани ҳолда ўз фаолиятимга нисбатан чексиз фахр, ифтихор туйғуларини уйғотади.
Ҳар куни эрталаб ишга кетарканман, хаёлимда ана шу адолат қўрғони юксалишида ўзимнинг ҳам ҳиссам борлигидан қувонаман. Албатта, фарзандаларимизнинг мактабда мустақил мамлакат тарихи ҳақида ўқиши, тадбиркорлар эркин бизнес қилиш имконига эга бўлиши, хорижий сармоядорлар юртимизга ишонч билан кириб келиши барчаси мустақиллик самараларидир. Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон дунё саҳнасида ўз ўрнига эга бўлди, дунёдаги кўпгина давлатлар биз билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу ҳам тинчлик ва барқарорлик, халқ ва давлат бирдамлигининг, қонун устуворлигининг натижасидир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш учун кенг имкониятлар яратилди. Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар бугунги кунда халқнинг судга бўлган ишончи ортишига, адолатни қарор топтиришда судларнинг ўрни янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Бунга мен ўз фаолиятим давомида ҳам гувоҳ бўлиб келмоқдаман. Ўзим ишлаётган иқтисодий судлар олдида турган асосий вазифалардан бири тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, сармоявий муҳитни янада яхшилаш ва адолатли иқтисодий муносабатларни таъминлашдан иборатдир. Чунки ҳар қандай тараққиёт ва ислоҳотлар, аввало, қонун устуворлиги таъминланган жамиятдагина муваффақиятли амалга ошиши мумкин. Бугунги кунда юртимизда бизнес ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш, хорижий ва маҳаллий инвесторларга ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратиш бўйича судлар зиммасига катта масъулият юкланган. Биз, суд органлари вакиллари сифатида, ушбу юксак ишонч ва масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, ўз фаолиятимизни қонун устуворлиги, холислик ва адолат мезонлари асосида амалга оширишга интиламиз. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Адолат бор жойда тараққиёт бўлади”. Бу тараққиёт бизни ёруғ манзилларга элтади.
Шоира ЭРМЕТОВА,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси

