ОТА БОЛАСИ БИЛАН МАКТАБДА КЎРИШИШИГА ОНАНИНГ ҚАРШИЛИК ҚИЛИШИ ТЎҒРИМИ?

— Мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайман. Ўқувчиларимдан бирининг ота-онаси ажрашган. Унга отаси алимент тўлар экан. Суд қарорига кўра, шанба, якшанба кунлари ота фарзанди билан кўришиб туриши белгиланган. Лекин боланинг онаси бунга қаршилик қиляпти. Шу сабаб ота ўғлини кўриш учун мактабга келса, онаси “боламнинг отаси билан кўришишига рухсат берманг”, деб талаб қиляпти. Отаси эса “кўраман”, деяпти. Шу вазиятда қандай йўл тутишим керак? Онасининг кўришмасин дейиши тўғрими?

Исми сир тутилди

Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Ота-онанинг фарзандлари олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Оила кодекси билан тартибга солинган. Ушбу кодекс 71-моддасига кўра, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.

 

Мазкур кодекснинг 76-моддасига кўра, боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.

 

Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.

 

Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир.

 

Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаганда айбдор ота-онага нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади.

 

Агарда ўқувчингизнинг отасига суднинг ҳал қилув қарорига асосан фарзанди билан учрашиш вақти ва тартиби белгиланган бўлса, бунга боланинг онаси қаршилик қилмаслиги лозим. Бундай учрашув тартибининг суд қарори асосида белгиланишидан кўзланган мақсад ҳам мажбурий тусга эга эканлигидир.

 

Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасининг 1-қисмига кўра, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Мажбурий ижро бюроси органларининг давлат ижрочилари зиммасига юклатилади.

 

Ушбу қонун талабларига кўра, агарда ўқувчингизнинг онаси отасига боласи билан учрашишга қаршилик қилаётган бўлса, ота ҳал қилув қарорининг мажбурий ижросини таъминлаш учун мактабга келиши эмас, тегишли мажбурий ижро бўлимига мурожаат қилиши лозим. Мажбурий ижро бўлимидан суд қарорининг ижросини таъминлаш чоралари кўрилади ва бунга боланинг онаси томонидан қаршилик бўлган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи ҳал этилади.

 

Бола билан учрашишга қаршилик қилганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилган-тутилмаганлиги юзасидан саволга жавобан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-1-моддасининг 2-қисмига кўра, қарздорнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш ёхуд бу ҳаракатларни бажаришдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатининг давлат ижрочиси белгилаган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши маълум қилинади.

 

Шунингдек, Жиноят кодексининг 232-моддасининг 1-қисмига кўра, муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Бундан ташқари, Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 23-сон қарори 7-бандининг 9-10-қисмларига кўра, суд алоҳида турадиган ота ёки онанинг боласини тарбиялашда иштирок этиш тартибини белгилайди ва бола билан бирга турадиган ота ёки онага бунга қаршилик кўрсатмаслик мажбуриятини юклайди.

 

Суднинг ҳал қилув қарори қасддан бажарилмаган тақдирда суд боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг талабига биноан бола манфаатларини ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда болани унга бериш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиши мумкин.

 

Ўқувчининг онасининг боласини отасига кўрсатмасликни талаб қилиш ҳақ-ҳақли эмаслиги масаласи юзасидан бу ҳолат қонунчиликда назарда тутилмаганлиги, ҳуқуқларни чеклаш қонунда белгиланган асосларга кўра ва фақат суд қарори билан йўл қўйилиши маълум қилинади.

 

Лекин бу отанинг фарзанди билан суд қарорида белгиланган учрашиш вақтини мактабга келиб талаб қилишга ҳақли эканлигини англатмайди.

 

Аввало, суд қарорида учрашишнинг аниқ вақти ва ишнинг ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда учрашиш жойи белгиланади.

 

Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 23-сон қарори 7-банди 6-хатбошисига кўра, боладан алоҳида яшаётган ота-онанинг ҳуқуқидан келиб чиққан ҳолда у билан кўришишда, шунингдек вояга етмаганнинг шу ота-она билан кўришиш ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш заруратидан келиб чиқиб, суд ҳар бир аниқ ишнинг ҳолатларини инобатга олиб ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрилиш тартибини (вақти, жойи, кўришиш давомийлиги ва ҳ.к) баён этиши лозим.

 

Агарда суд қарорининг ижроси жараёнида бола билан учрашиш тартиби, хусусан, учрашиш жойи юзасидан тушунмовчиликлар юзага келган тақдирда бу ҳолат судга ҳал қилув қарорининг ижроси юзасидан тушунтириш бериш ҳақидаги аризага асосан суд ажрими асосида ҳал этилади. Яъни, бола билан учрашув жойи борасида низо юзага келган тақдирда бу ҳолат ота томонидан ўзбошимчалик билан ҳал этилмаслиги, учрашишга тўсқинлик қилмаслик ва ёрдам бериш билан боғлиқ масалалар таълим муассасаси ходимлари зиммасига юкланиши мумкин эмас.

 

Зеро, отанинг фарзанд тарбиясида иштироки фақат ҳуқуқлардан эмас, мажбуриятлардан ҳам иборат бўлиб, Оила кодексининг 75-моддасига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.

 

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас.

 

Шу билан бирга, сиз ҳеч қандай тўсқинликсиз боланинг отасини ота-оналар мажлисига таклиф қилишга ва иштирок этишига рухсат беришга ҳақлисиз. Зотан, Оила кодексининг 73-моддасига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

 

Қонунчиликда белгиланган бундай ҳуқуқлар аввало, боланинг таълим жараёнидаги фаол иштирок ва ушбу жараёнга ўзини масъул ҳамда дахлдор деб ҳис қилиш воситасида амалга оширилади.