ЧЕТ ЭЛДА ДОМ-ДАРАКСИЗ КЕТГАНЛАРДАН АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?
— Фарзандимнинг отаси бундан 5 йил олдин чет элга ишлаш учун кетганди. Шундан бери ундан на хат бор, на хабар. Чет элга кетиб, дом-дараксиз кетганлардан алимент қандай ундирилади? Ўтган давп учун алимент ундира оламанми?
Исми сир тутилди
Дурдона Абдуқахарова, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 42-моддасига кўра, алиментлар ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказганлик оқибатидаги зарарни қоплаш тўғрисидаги ёхуд боқувчисининг вафоти натижасида зиён кўрган шахсларга зарарни тўлаш, зарарни давлат фойдасига ундириш тўғрисидаги, шунингдек болани олиб қўйиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича қарздорнинг турган жойи ҳақида маълумотлар бўлмаганда, давлат ижрочиси ўз ташаббуси билан ёки ундирувчининг аризасига кўра қарздорни қидириш тўғрисида қарор чиқаради, қарорни катта давлат ижрочиси тасдиқлайди. Бу ҳолда давлат ижрочиси қарздорнинг мол-мулкини ёки болани қидириш тўғрисида қарор чиқаради.
Қидирув ижро ҳужжатини ижро этиш жойида, қарздорнинг маълум бўлган охирги яшаш жойида (турган жойида) ёки унинг мол-мулки турган жойида ёхуд ундирувчининг яшаш жойида (турган жойида) эълон қилинади.
Оила кодексининг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми; икки бола учун – учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Юқорида қайд этилган қонун нормасига кўра, алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун тўртдан бир қисми миқдорида ундириш белгиланган.
Шунга кўра, алимент миқдорини ошириш учун ва қарздорнинг бошқа даромадлари мажудлигини аниқлаш юзасидан тегишли Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилишингиз лозим бўлади.
Оила кодекснинг 103-моддасига кўра, ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.
Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Агар фарзандингиз учун қўшимча харажатлар Оила кодексининг 103-моддасида кўрсатилган ҳолатлар сабабли келиб чиқаётган бўлса-са, умумий асосларда судга қўшимча харажатларни ундириш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.
Оила кодекснинг 136-модадсига кўра, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Мазкур шахс, низо бўлмаган тақдирда, вояга етмаган болалар учун алимент ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли бўлиб, бу ариза буйруқ тартибида иш юритиш тарзида кўриб чиқилади.
Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.
Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.
Агар ўтган давр учун ҳам таъминот учун маблағ олиш чораларини кўрган бўлсангиз, аммо қарздор уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олишингиз мумкин.
Бунда, сиз алоҳида тартибда судга ўтган давр учун алимент ундириш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилишингиз лозим бўлади.
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунининг 28-моддасига кўра, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
Мажбурий ижро бюросига қилган мурожаатингиз 4 ойдан бери бир-бирига сансалорлик қилниб, тайинли жавоб берилмаётган бўлса, МИБнинг хатти-ҳаракатлари устидан юқори турувчи МИБ бошқармасига ёки тегишли туманлараро маъмурий судига шикоят бериш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.