ЯҚИНЛАР КЎМАГИДА ОЛИНГАН УЙГА ЭР ДАЪВО ҚИЛИШГА ҲАҚЛИМИ?

— Эрим 5 йил олдин хорижга кетганича, биздан хабар олмай қўйди. Учта жойда ишлаб, ака-укаларимнинг ёрдами билан икки хонали уй олдим. Кўчиб кирганимизга бир ой бўлганида эримни қайтиб келгнини айтишди. Расман ажрашмаганмиз. У квартирага даъво қилиши мумкинми, ахир уни ўзимни пулимга олганман-ку?

Исми сир тутилди.

Фахриддин Бахронов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— Бир сўз билан жавоб берса, ҳа. Сиз сотиб олган уйга ва бошқа мулкларга турмуш ўртоғингиз, турмуш ўртоғингиз сотиб олган мулкларга нисбатан сиз даъво қилишингиз мумкин. Кўп ҳолларда судлар томонидан бундай даъволар, яъни эр-хотиннинг турмуш даврида орттирган мулкларини бўлиш тўғрисидаги даъволар бу мулклар уларнинг умумий мулки ҳисобланганлиги сабабли қаноатлантирилади. Чунки, Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.


Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.


Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.


Оила кодексининг 27-моддасига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.


Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.


Оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.
Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади.


Мазкур ҳолатда сиз судга турмуш ўртоғингиз билан оилавий муносабатлар тугатилганлигини асос қилиб, эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиш тўғрисида даъво аризаси тақдим қилишингиз мумкин. Бунда оилавий муносабатлар тугатилган-тугатилмаганлиги, эр-хотин алоҳида яшаган-яшамаганлиги, турмуш ўртоғингиз шу даврда ишлаган-ишламаганлиги, уй-жойни сотиб олишда иштирок этган-этмаганлиги, сизга чет элда ишлаб пул юборган-юбормаганлиги ва мулкни сотиб олишда бошқача иштирок этган-этмаганлиги суд томонидан аниқланади ва қарор қабул қилишда эътиборга олинади.