“СОБИҚ ЭРИМДАН ФАРЗАНДЛАРИМНИНГ КОНТРАКТИ УЧУН ТЎЛОВ ТАЛАБ ҚИЛИШИМ МУМКИНМИ?”

— 2 нафар фарзандим бор. Алиментдан воз кечиб, ҳозир турган уй-жойим 50 фоиз алимент ҳисобига судни қарори билан қайтарилган. Алиментдан давоим йўқлиги ҳақида тилхат ёзиб берганман. Икки қизим ҳам ОТМ талабалари, контракт асосида ўқийди. Собиқ эримдан фарзандларимнинг контрактини тўлаш учун 50 фоиз тўловини талаб қилишим мумкинми?

Исми сир тутилди

Дилшод Хасанов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Ота-она хамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси билан тартибга солинади.


Мазкур кодекснинг 96-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.


Саволда ҳар иккала фарзанд ҳам вояга етганлиги, яъни олий таълим муассасаси талабалари эканлиги маълум қилинган.
Оила кодексининг 100-моддасига асосан, ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартдир.


Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади.


Олий суд Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги қарорининг 9-бандига асосан, Оила кодексининг 100-моддасида ота-онанинг вояга етган болаларига алимент тўлаши белгиланган бўлиб, бунда судлар қонун талабига кўра, вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатли ёки лаёқатсизлиги ҳамда моддий ёрдамга муҳтожлиги ёки муҳтож эмаслигини аниқлашга эътибор қаратишлари лозим.


Судга мурожаат қилган тараф вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатсизлиги ва ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида далил (ногиронлик ҳақида ТМЭК ёки бошқа ваколатли орган хулосаси, моддий аҳволи тўғрисида маълумот ва бошқа) тақдим этиши лозим. Ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслигига эса тегишли маълумотлар асосида суднинг ўзи баҳо бериши лозим.


Судлар алимент ундиришда болаларнинг меҳнатга лаёқатлилигини йўқотилганлик даражаси ва уларнинг ҳақиқатдан муҳтож эканлигини, тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини эътиборга олишлари керак.
Амалдаги қонунчиликка кўра, вояга етмаган шахслар, ўн олти ёшдан катта шахслар, агар улар шу ёшга тўлгунга қадар ногиронлиги бўлган шахс бўлиб қолган бўлсалар; олтмиш ёшга тўлган эркаклар ва эллик беш ёшга тўлган аёллар; ногиронлиги бўлган шахс меҳнатга лаёқатсиз ҳисобланадилар.


Келтириб ўтилган қонун нормалари талаблари ҳамда Олий суд Пленумининг тушунтиришларидан келиб чиқиб, вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатсиз ёки ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлган тақдирда, алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилиниши мумкин.