“ФАРЗАНДЛАРИМНИ ХОРИЖГА ОЛИБ КЕТИБ ҚОЛГАН ХОТИНИМНИНГ УСТИДАН ҚАЕРГА ШИКОЯТ ҚИЛСАМ БЎЛАДИ?”
— Биринчи турмушимдан 3 нафар фарзандим билан ажрашиб, уларга алимент тўлаётгандим. Собиқ хотиним розилигимсиз, уларни хорижга олиб кетиб қолибди. Фарзандларим билан кўришмаганимга бир йил бўлади. Суд улар билан кўришишим учун муддат белгилаганди. Ушбу вазиятда собиқ хотинимнинг устидан қаерга шикоят қилсам бўлади?
Исми сир тутилди
Аббос Сайдахмедов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Оила кодексининг 66-моддасига мувофиқ, бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
Ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшагани тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.
Мазкур Кодекснинг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Яъни бола билан кўришиб туриш ҳуқуқи ҳамда алимент тўлаш мажбурияти бир-бири билан боғлиқ эмас.
Болалар билан кўришиб туриш тартиби, агар тарафлар ўзаро келишувга эриша олмаслар суд томонидан белгиланади.
Қонун хужжатлари алоҳида яшаётган ота онага бола билан кўришиб туриш ҳуқуқини кафолатлайди, алоҳида яшаётган ота ёки она чет давлатда бўлса ҳам.
Мурожаат мазмунига кўра, сизга суд томонидан фарзандларингиз билан кўришиб туриш тартиби белгилаб берилган.
Агар фарзандлар чет давлатда бўлса, чет давлатдаги консуллик идораси ёки бошқа ваколатхонага Ташқи ишлар вазирлиги орқали мурожаат қилиб, улар билан кўришиб туриш масаласида мурожаат қилишингиз мумкин, болаларни қай тартибда кўриш эса, тарафларнинг ўзаро келишуви асосида ҳал этилади.
Президентнинг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4079 сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги”ги Низомнинг 22-бандига мувофиқ, вояга етмаган шахслар учун-ота-оналари ёки васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги, ота-оналарнинг ҳар иккиси маълумотларни йиғиш пунктига бевосита мурожаат қилган ҳоллар бундан мустасно. Сўровнома ЯИДХП орқали юборилганда, ота-оналар ёки васийлар (ҳомийлар)нинг нотариал тасдиқланган розилиги талаб этилмайди. Бунда, ота-оналар ёки васийлар (ҳомийлар)нинг розилиги фақат электрон рақамли имзони қўллаш орқали амалга оширилади;
– вояга етмаган шахслар учун — фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти (ҳамроҳлик қилувчи шахс вояга етмаганнинг отаси ва (ёки) онаси ёхуд васий ёки ҳомийси бўлган ҳоллар бундан мустасно);
– 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда, хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин. Ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига розилиги, улар бевосита маълумотларни йиғиш пунктига ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда, нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди. Сўровнома ЯИДХП орқали юборилганда ота-оналар ёки васийлар (ҳомийлар)нинг розилиги фақат электрон рақамли имзони қўллаш орқали амалга оширилади.
Вояга етмаган болаларга чет давлатга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилганлиги, уларга ота-она ёки васий кузатувида чет давлатга чиқиш ҳуқуқини беради.
Болаларга алимент тўлаш бу ота-онанинг мажбурияти ҳисобланади ва бола қаерда бўлишидан қатъий назар алимент олиш ҳуқуқига эга.
Агар турмуш ўртоғингиз юқорида қайд этилган Низом қоидаларига зид равишда чиқиб кетган деб ҳисобласангиз тегишли чет давлатдаги қонсуллик муассасасига мурожаат қилишингиз мумкин.
Алимент тўлашни тўхтатиб туриш қонунда назарда тутилмаган.
Бироқ Оила кодексининг 105-моддасида, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.
Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли.
Ота-онаси вафот этганлиги оқибатида етим қолган вояга етмаган болаларга таъминот бериш, уларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш давлат томонидан тўлиқ амалга оширилади дейилган.
Юқорида айтилгандек, фарзандларни чет давлатга чиқиши, алимент тўлаш мажбуриятини тўхтатмайди, бола ҳар қаерда бўлганда ҳам унинг эҳтиёжларини қондириш учун унга таъминот берилиши лозим.
“Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги”ги Низомнинг 4-1-бандига мувофиқ, фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишда расмийлаштирилади;
– ота-онанинг бири вафот этганда; боқувчиси ёлғиз она бўлган ҳолларда; боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганида; ота-онадан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган, бедарак йўқолган деб топилган ёхуд муомалага лаёқатсиз деб топилганида; ота-онадан бирининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги доимий яшаш жойи бўйича рўйхати хорижга доимий яшашга кетганлиги муносабати билан бекор қилинганида, ота ёки онанинг болалар чет давлатга чиқиши учун розилиги талаб этилмайди.
Низомнинг 35-бандига кўра, ота-онанинг бири ўз боласининг хорижга чиқишига рози бўлмаган тақдирда, унинг хорижга чиқиш ҳуқуқини чеклаш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Низомнинг 40-6-бандида, хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилганидан кейин шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш фақат қонунда белгиланган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Фуқаронинг давлат чегараси орқали ўтиш ҳуқуқини чеклаш суриштирув, тергов ёки суд органлари қарори асосида чегара назорати бўлинмалари томонидан амалга оширилади, дейилган.
Шунга кўра сиз вояга етмаган фарзандларингизни чет давлатга чиқиши юзасидан таъқиқ қўйиш ҳақида рухсат берувчи органга ёки судга мурожаат қилишингиз мумкин.