“ҚИЗИМГА МЕРОСДАН УЛУШ АЖРАТИЛИШИГА АММАСИ ҚАРШИЛИК ҚИЛИШИ ТЎҒРИМИ?”

— Турмуш ўртоғим вафот этди. Қизимга ҳам отасидан қолган меросдан улуш ажратилганди. Бу нотариус орқали тасдиқланганди, лекин қайнопам бунга қаршилик қиляпти. У қизимни меросдан маҳрум қилиш мақсадида судга ариза билан мурожаат қилибди. Унинг шу ҳаракати тўғрими? Меросдан улушимизни олиш учун қандай йўл тутсак тўғри бўлади?

Исми сир тутилди

Жасур Сирожев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раис ўринбосари:

 

— Фуқаролик кодексининг 1134-моддасига асосан, қонун бўйича меросхўрлар ворисликка ушбу Кодекснинг 1135-1141-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида чақириладилар. Қонун бўйича ворисликда фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари, бир тарафдан, фарзандликка олувчи шахс ва унинг қариндошлари, иккинчи тарафдан, туғишган қариндошларга тенглаштириладилар. Фарзандликка олинганлар ва уларнинг авлодлари фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар. Фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар. Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.

 

Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра, Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

 

Фуқаролик кодексининг 1146-моддасига асосан, мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.

 

Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.

 

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 1150-моддасига асосан, меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли. Меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.

 

Демак, турмуш ўртоғингиз вафотидан кейин қолган мерос мулки, никоҳ даврида орттирилган бўлса, тегишли тартибда эр ва хотиннинг умумий мулки ҳисобланиб, унга нисбатан сизнинг ҳам улуш олиш ҳуқуқингиз мавжуд бўлади.

 

Агарда ушбу мулк турмуш ўртоғингизга ворислик ҳуқуқидан келиб чиқадиган бўлса, барча меросхўрлар жалб этилган ҳолда, дастлаб низо бўлмаган тақдирда нотариус томонидан мерос гувоҳномаси тақдим этилиши мумкин.

 

Мерос мулкини қабул қилишда сизнинг ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда тегишли тартибда, кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги тегишли туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқингиз мавжуд.

 

Бунда судга сурожаат этишда Фуқаролик процессуал кодексининг 189 ва 191-моддалари талабларига риоя этган ҳолда, даъво аризасини тақдим этилиши лозим.