ОТАНИНГ ХОРИЖГА ЧИҚИШИГА РОЗИЛИК БЕРИЛСА, АЛИМЕНТ ҚАРЗДОРЛИГИ ЁПИЛАДИМИ?
— 2011 йили бир нафар фарзандим билан турмушимдан ажрашгандим. Суд фарзандим учун алимент ундиришга қарор чиқарганди. Бошида алимент тўлади, лекин сўнгги тўрт йилда умуман тўламай қўйди. Натижада собиқ турмуш ўртоғим алиментдан 20 миллион сўм қарз бўлди. Чет элга чиқишига тақиқ қўйилган эди. Унинг «хорижга кетиб, ишлаб, қарзимни узаман», деган гапига ишониб, розилик хатига қўл қўйиб бергандим. У чет элга ишлаш учун кетди, лекин қарзини тўламади. Ижрочиларга қарзини ундириб беришини сўраб мурожаат қилсам, «собиқ турмуш ўртоғингизни Ўзбекистондан чиқишига рухсат берадиган ҳужжатга қўл қўйиб берганингиз учун унинг ҳамма қарзи ёпилиб кетган», дейишди. Шундай бўлиши мумкинми? Энди алимент қарзини ундириш учун нима қилишим керак? Ҳозир боламнинг отаси хорижда. Ундан алиментни қай тартибда ундираман?
Исми сир тутилди
Жасур СИРОЖЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раис ўринбосари:
— Алимент ундириш қарздорнинг иш ҳақига ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларга қаратилади. Шунингдек, қарздорга давлат ижрочиси муайян ҳаракатларни бажаришга чеклов ўрнатиши, жумладан, чет элга чиқишини ҳам тақиқлаши мумкин.
Қарздор фаолияти бевосита четга чиқиш билан боғлиқ бўлган вақтда, давлат ижрочиси қонунда белгиланган тартибда қарздорни четга чиқишига рухсат беради. Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг, қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Бир сўз билан айтганда, алиментлар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари давлат ижрочисига келиб тушган вақтдан бошлаб, қарздорнинг барча турдаги мол-мулки хатланади ва унинг чет элга чиқишига ҳам тақиқ қўйилади.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчи билан белгиланган тартибда келишув тузиши шарт.
Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади.
Алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахсларни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. Бунда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.
Агарда сиз билан собиқ турмуш ўртоғингиз ўртасида келишув тузилган бўлиб, унга кўра, фақатгина қарздорни чет элга чиқиши учун розилик берган бўлсангиз, юзага келган қарздорликни ундириш хусусида давлат ижрочисига мурожаат этишга ҳақлисиз.
Бироқ қарздорни чет элга чиқиши учун алимент қарздорлиги йўқлигини тасдиқлаб ёзма ариза билан мурожаат этган бўлсангиз, кўрсатилган муддатгача бўлган қарздорлигини ундириш мумкин бўлмайди.
Шуни таъкидлаб ўтамизки, қарздор чет элга ишлаш учун чиқиб кетаётган вақтда Вазирлар Маҳкамасининг «Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида»ги Низом талаблари асосида иш юритганингизда мақсадга мувофиқ бўлади.
Қарздор чет элда бўлган вақтда ҳам алимент ундируви тегишли давлат ижрочиси томонидан қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Ундирувни қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида турган мол-мулкига, шу жумладан, унинг чет эл банкларидаги пул маблағларига қаратиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
Агар маблағ етарли бўлмаганда ундириш алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади.