АЖРАШГАНДА АЁЛ СОБИҚ ЭРИНИНГ УЙИДА ЯШАШГА ҲАҚИ БОРМИ?

— Ўтган йили келиним ўғлим билан ажрашган. Боласига алимент тўлаймиз. Яқинда ўғлимни уйлантирдим. Буни эшитган собиқ хотини жанжал қилиб келиб, уйдан хона ажратиб беришимизни талаб қиляпти. Айтишича, шу ҳовлига кириб яшашга ҳақи бор эмиш. Ахир чиқиб кетганига бир ярим йил бўлди. Шундай ҳолат бўлиши мумкинми?

Исми сир тутилди.

Жасур Сирожев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раис ўринбосари:


— Уй-жой кодексининг 32-моддасига мувофиқ, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

 

Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.


Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.


Бундан ташқари, Олий суд Пленумининг “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорининг 5-бандига мувофиқ, мулкдор ва унинг оила аъзолари ўртасида турар жойдан фойдаланиш масалалари юзасидан низолар (уйга киритиш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уйдан кўчириш, шунингдек, мазкур ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган бошқа низолар) суд тартибида ҳал қилинади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, собиқ келин – келин бўлиб тушган хонадонга киритиб қўйиш талаби билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.


Уй-жой кодексининг 52-моддасига мувофиқ, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.


Демак, собиқ келик турар жойдан чиқиб кетидан сўнг олти ой мобайнида судга мурожаат этган бўлса, суд томонидан тегишли равишда келин бўлиб тушган хонадонга киритиб қўйилади.


Бироқ, суд томонидан уйга киритиш масаласи кўрилаётган вақтда узрли сабабларга кўра қонунда белгиланган муддатни ўтказиб юбориб судга мурожаат этган бўлса, ёки суд томонидан даъвогарнинг ўтказиб юборилган муддати узрли деб топилган тақдирда, суд томонидан собиқ келин турар жойга киритиб қўйилиши мумкин.


Бошқа барча ҳолатларда агарда келин қонунда белгиланган муддатни ўтказиб юборган бўлса, суд томонидан бундай даъво талаби Уй-жой кодексининг 52-моддаси талаблари доирасида ҳал этилади.