FACEBOOK ИЖТИМОИЙ ТАРМОҒИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ВИДЕОМУРОЖААТ ЮЗАСИДАН
Судланувчилар У. Х. (1984 йил Тошкент вилоятида туғилган, “Power Pioneer Avto”, “Pioneer Taxi Servis”, “Uchtepa Grand Avto”, “Best Pioneer Taxi” МЧЖлар таъсисчиси ва норасмий раҳбари), А. А. (1977 йил Тошкент шаҳрида туғилган, “Power Pioneer Avto”, “Pioneer Taxi Servis”, “Uchtepa Grand Avto” ва “Best Pioneer Taxi” МЧЖлар директори), А. Г. (1983 йил Тошкент шаҳрида туғилган, “Power Pioneer Avto” ва “Pioneer Taxi Servis” МЧЖлар директори) ва Ш. Ю. (1991 йил Тошкент шаҳрида туғилган, “Power Pioneer Avto”, “Pioneer Taxi Servis”, “Uchtepa Grand Avto”, “Best Pioneer Taxi” МЧЖларнинг таъсисчиси, “Best Pioneer Taxi” МЧЖ ва “Uchtepa GRAND Avto” МЧЖнинг директори) “Best Pioneer Taxi”, “Uchtepa Grand Avto”, “Pioneer Taxi Service”, “Power Pioneer Auto” МЧЖлари ва ЧЭКИ “Savdogar” АТБ Шайхонтоҳур филиали ўртасида тузилган кредит шартномаларига асосан банк томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига “GM Ўзбекистон” ЁАЖдан жами 74 дона енгил автомашиналар (13 дона “Nexia”, 49 дона “Cobalt”, 12 дона “Spark” русумли) харид қилишиб, ЧЭКИ “Savdogar” АТБ Шайхонтоҳур филиали муҳрини, имзони қалбакилаштиришиб, банк номидан автомашиналарни тақиқдан ечиш ҳақида сохта хатлар тайёрлашиб, нотариал идорасига тақдим этишиб, таъқиқни ечиш ва келгусида автомашиналарни сотиб юбориш учун фойдаланган.
2015 йилга қадар юқоридаги 52 та енгил автомашиналар сотувидан тушган жами 529,4 млн. сўм нақд пул маблағларини НКМ хотирасига киритмасдан, банк муассасасига инкассация қилмасдан, жуда кўп миқдордаги савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган.
Фаолиятини қонунда белгиланган тартибда амалга оширмасдан, “Uchtepa Grand Avto” МЧЖ орқали 2014 йил 16 январдан 30 майгача, “Power Pioneer Auto” МЧЖ орқали 2014 йил 6 январдан 31 мартгача йўловчиларга 217 млн. сўмлик лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланишган.
“Best Pioneer Taxi”, “Pioneer Taxi Service”, “Power Pioneer Auto” МЧЖларининг 2015 йилнинг айрим ойлари ва 2016 йилнинг сентябрь ойигача бўлган фаолиятига доир молиявий-хўжалик фаолият билан боғлиқ бирламчи бухгалтерия ва бошқа қатъий ҳисобидаги ҳужжатларни қасддан яшириб, уларни нобуд қилиб, жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан ўтказилган ҳужжатли текширувга тақдим этишмаган. МЧЖларининг молиявий фаолияти юзасидан ДСИга тақдим этилган ҳисоботларга сохта маълумотлар киритиш йўли билан жамиятларнинг 2013-2015 йиллардаги фаолиятлари учун 116,2 млн. сўмлик ягона солиқ тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган.
Судланувчилар юқорида қайд этилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2019 йил 4 июлдаги ҳукмига кўра қуйидигича жазолар тайинланган:
У. Х. Жиноят кодексининг 28,184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлашда иштирокчилик) 3-қисми, 28,189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишда иштирокчилик) 1-қисми, 28,190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ёхуд хабарнома юбормасдан шуғулланишда иштирокчилик) 2-қисми “а”, в” бандлари, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “а” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а”, “б” банди ва 3-қисми билан ЭКИҲ 200 баравари миқдорида жарима, 4 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига;
А. А. Жиноят кодексининг 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми, 190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ёхуд хабарнома юбормасдан шуғулланиш) 2-қисми “а”, “в” банди, 227-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” банди ва 3-қисми билан ЭКИҲ 100 баравари миқдорида жарима, 6 ой муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига;
А. Г. Жиноят кодексининг 189-моддаси 1-қисми, 190-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари, 227-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” ва 3-қисми билан ЭКИҲ 100 баравари миқдорида, 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига;
Ш. Ю. Жиноят кодексининг 189-моддаси 1-қисми, 190-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” банди, 227-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми ва 3-қисми ЭКИҲ 450 баравари миқдорида жарима, 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.
Жиноят иши бўйича автомашиналарга қўйилган барча таъқиқлар бекор қилиниб, маълумот ва ижро учун тегишли органларга юборилган.
Шунингдек, даъвогар “Savdogar” АТБ Тошкент шаҳар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлардан кредит қарзларини ундириш ва ундирувни гаровга олинган мол-мулкка қаратишни сўраган. Унга кўра, даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгарлар “Uchtepa Grand Avto” МЧЖ ҳисобидан даъвогар фойдасига 393 380 893,68 сўм кредит қарзи; “Pioneer Taxi Service” МЧЖ ҳисобидан 520 975 752,11 сўм кредит қарзи; “Best Pioneer Taxi” МЧЖ ҳисобидан 414 795 879,36 сўм кредит қарзи; “Power Pioneer Avto” МЧЖ ҳисобидан 509 647 370,40 сўм кредит қарзи ҳамда почта ҳаражатлари ундирилган. Ундирув МЧЖларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларига қаратилиши белгиланган.