ҲАМ КРЕДИТ, ҲАМ АЛИМЕНТ ТЎЛАШДА МАОШ ҚАНДАЙ БЎЛИНАДИ?
— Укам боласига алимент тўлайди. Бўйнида кредит қарзи ҳам турибди. Бундай вазиятда иккисини ҳам тўлаш учун маош қандай бўлинади? Айтишича, алимент тўлаётгани учун кредит қарзини тўлашга маблағи етмаётган экан ёки судга кредит ҳужжатларини тақдим этиши керакми?
Исми сир тутилди
Олимжон Кариев, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Қонун хужжатларига кўра, алимент ва кредит мажбуриятлари бир биридан фарқ қилади. Дастлаб алимент мажбуриятларига тўхталиб ўтиш лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги, ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган.
Оила кодексининг 99-моддасига асосан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми; икки бола учун – учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади.
Алимент тўлаш ҳақидаги суд қарорларини ижросини таъминлаш қонун билан Мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилган.
Эътиборлиси, алимент мажбуриятларини бажармаганлик учун қонун билан жавобгарлик белгиланган. Жумладан, Оила кодексининг 116-моддасига асосан вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Алимент тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Қайд этилган Кодекснинг 105-моддаси талабларига кўра, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.
Бунда алимент тўловчининг кредити борлиги фарзандига тўлаётган алимент миқдорини камайтиришга асос бўлиши назарда тутилмаган.
Ўз навбатида, кредит мажбуриятлари тарафлар ўртасида уларнинг ихтиёрий розилигига асосан тузилган кредит шартномасидан келиб чиқади.
Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Бундан кўринадики, кредит шартномасини шахс ўз ихтиёри билан имзолайди ва ушбу шартнома бўйича мажбуриятларни ўз розилиги билан қабул қилади.
Шундан келиб чиқиб кредит тўловлари бўйича мажбуриятларни бажариш алимент тўловчи шахс учун қийнчилик туғдирадиган бўлса, кредит шартномасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни сўраб кредит берувчига мурожаат қилиши ёки шартномани бекор қилиш ҳақида судга даъво киритиши лозим бўлади.