СОВҒА ҚИЛИНГАН МУЛК ҲАМ ТЕНГ БЎЛИНАДИМИ?
— Эрим билан расман ажрашиш учун судга ариза бергандим. Иш ҳали охирига етгани йўқ. 2019 йил отам менга машина совға қилганди, ўзимни номимга расмийлаштирилган. Эрим судда мол-мулкни бўлишни талаб қилиб, машинамни ҳам рўйхатга киритибди. Ахир бу менга совға қилинган мулк-ку, у ҳам тенг бўлинадими?
Исми сир тутилди
Рустам Норхўжаев, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
Шунингдек, мазкур Кодекснинг 25-моддасида эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Саволингизда автомашинани отангиз томонидан совға қилинганлигини кўрсатиб ўтгансиз. Агар автомашина cизга совға сифатида ҳадя шартномасига асосан расмийлаштирилиб берилган бўлса, бу cизнинг ўз мулкингиз ҳисобланади.
Агарда автомашина олди-сотди шартномасига асосан расмийлаштириб берилган бўлса, у ҳолда автомашина эр-хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулки ҳисобланади.
Оила кодексининг 27-моддасининг 5-қисмига кўра, оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.
Агар автомашина cизга олди-сотди шартномасига асосан расмийлаштирилиб, берилган бўлиб, cиз автомашинани оилавий муносабатларингиз тугатилган вақтда олинганлиги исботлаб бера олсангиз, суд автомашинани ўзингизни мулкингиз деб топиши мумкин.