САЙЁР ҚАБУЛ: ФУҚАРОЛАРНИНГ ВАҚТИ ВА НАҚДИ ТЕЖАЛЯПТИ
Фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни жойларга чиққан ҳолда аниқлаб, ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раиси томонидан мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказилиши анъанага айланган.
Судьяларнинг “Менинг маҳаллам – менинг судьям” шиори остида бундай фаол ва очиқ мулоқотлар олиб бориши фуқаролар учун айни муддао бўляпти. Боиси улар ўзларини қийнаётган масалаларга ечим топиш учун қаерга ва қандай тартибда мурожаат қилишни билмай ортиқча оворагарчиликларга дуч келишади. Очиқ мулоқотлар эса фуқароларнинг нақди ва вақтини тежаяпти.
Таъкидлаш жоиз, жорий йил бошидан буён Юнусобод, Яшнобод туманларида ана шундай сайёр қабуллар ўтказилди.
Мирзо Улуғбек туманидаги “Катта Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр қабулда ҳам ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган фуқароларнинг мурожаатларига қулоқ тутилди.
Сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжақулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Ибрагим Алимов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Рустам Тангабоев, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси Шуҳрат Бакаев ҳамда туман, туманлараро судларининг судьялари томонидан жами 71 нафар фуқаро қабул қилинди.
Қабул қилинган фуқароларнинг 22 нафари жиноят ишлари бўйича, 31 нафари фуқаролик ишлар бўйича, 4 нафари маъмурий ишлар бўйича, 4 нафари иқтисодий ишлар бўйича судларга мурожаат қилди. Шундан 51 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати, 20 нафар фуқаронинг ёзма мурожаати қабул қилинди. Жами 51 та мурожаатдан 33 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 18 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.
— Ички ишлар органлари томонидан туман судига киритган тақдимномалар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Аниқроғи, жиноят кўчасига кириб, ҳозирда жазо ўтаётган 18 нафар шахс жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан жазони ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди. Бунда маҳкумларнинг жазони ўташда ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарганлиги, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги, яшаш ва иш жойидан ижобий тавсифлангани ва энг муҳими тузалиш йўлига ўтганлиги инобатга олинди. Мақсад – жазолаш эмас, тарбиялаш, – дейди жиноят ишлари бўйича М.Улуғбек туман суди раиси Шуҳрат Бакаев.
Сайёр қабулга келган фуқароларнинг кўпчилиги яқинларининг судланганлиги ҳолати билан боғлиқ саволлар беради, яъни, судланганлиги келажакда тамға бўлиб қоладими, уни қандай олиб ташлаш мумкин, дея ҳуқуқий маслаҳат сўрашади. Шу ва фуқароларни қизиқтирган бошқа саволларга Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжақулов жавоб берди. Янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятимиздаги ўзининг ечимини кутиб турган кўпгина масалалар тартибга солинаётгани, улар қаторида судланганлик ҳолатининг оқибатлари билан боғлиқ қоидалар ҳам борлигини таъкидлади.
— Хусусан, янги таҳрирдаги Конституция 28-моддасининг еттинчи қисмида шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Мазкур норма судланганлик ҳолати билан боғлиқ юқорида санаб ўтилган салбий ҳолатларга чек қўйилишига хизмат қилиши билан бирга, шу каби кўплаб долзарб муаммолар ечимининг тўғридан-тўғри амал қилувчи норма сифатида белгиланиши янги таҳрирдаги Конституция бевосита фуқароларимиз томонидан келиб тушган таклифлар асосида ишлаб чиқилганини яна бир бор тасдиқлайди, – деди Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжақулов.