РАСМАН ҲЕЧ ЖОЙДА ИШЛАМАГАН ОТА АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙДИМИ?
— Турмушимдан расман ажрашмаганман. Лекин икки фарзандим билан ота уйимда яшайман. Алимент масаласида муаммоларга дуч келяпман. Бу борада МИБга мурожаат қилсам «бугун-эрта», дея пайсалга солаверди. Шундан сўнг Шаҳрисабз тумани Адлия бўлимига мурожаат қилгандим «болаларингизнинг отаси ҳеч қаерда ишламас экан. Шунинг учун алимент ундириб беролмаймиз», дейишди. Айтинг-чи, расман ҳеч жойда ишламаган ота алимент тўламайдими? Фарзандларим учун отасидан алимент ундироламанми? Бунинг тартиби қандай?
Исми сир тутилди
Жамшид ШАРОПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
Оила кодексининг 96-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Шунинг учун ҳам вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган отадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан, алимент ундирилади.
Мазкур кодекснинг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ёки бошқа даромадининг бир бола учун тўртдан бир қисми, икки бола учун учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Фарзандларингиз таъминоти учун алимент ундириш масаласида тегишли тартибда ўзингиз ёки турмуш ўртоғингиз яшаб турган жойдаги судга ариза билан мурожаат этишингиз лозим. Бунда турмуш ўртоғингиз билан ўртангизда қайд этилган никоҳдан ажрашган-ажрашмаганингиз, бирга яшаш-яшамаслигингизни аҳамияти йўқ. Битта уйда яшаган тақдирда ҳам фарзандларига моддий таъминоти бермаётган ота ёки онадан фарзандлари таъминоти учун алимент ундирилиши мумкин.
Алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилгандан сўнг, аризангиз суд томонидан кўриб чиқилиб алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи ёки ҳал қилув қарори чиқарилади. Сўнг дарҳол тегишли тартибда ижро қилиш учун туман МИБга юборилади.
Алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБ иш юритувига келиб тушгандан сўнг, улар томонидан ижро ҳаракатларини амалга ошириш мажбурий ҳисобланади. Бунда, турмуш ўртоғингизни ишлаш-ишламаслиги ҳеч қандай аҳамиятда эга эмас. Сиз қонун бўйича фарзандларингиз учун турмуш ўртоғингизни ойлик иш ҳақи ва бошқа барча турдаги даромадларининг 1/3 қисми (33 фоизи) миқдорида алимент олиш ҳуқуқига эгасиз.
Мазкур ҳолатда, Шаҳрисабз тумани Адлия бўлимининг берган тушунтириши ноўрин ҳисобланади. Чунки алимент тўлаши шарт бўлган ота ёки онанинг ҳеч қаерда ишламаслиги, уларни фарзандларига нисбатан алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Ҳеч қаерда ишламайдиган ота ёки онадан ундирилиши лозим бўлган алимент миқдори тегишли туман МИБ томонидан ўша ҳудуддаги ўртача ойлик иш ҳақининг 1/3 қисми миқдорида белгиланади ҳамда ундирилади.