ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИ РАИСИ ТАНЗИЛА НАРБАЕВА ФИБ МИРОБОД ТУМАНЛАРАРО СУДИДАГИ МЕДИАЦИЯ ХОНАСИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИ

Бугун, 24-март куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди биносида ажримларга оид ишларни кўриб чиқиш мақсадида 2022 йилнинг август ойида ташкил этилган медиация хонасига ташриф буюрди.

“2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган” комплекс чора-тадбирлар режасининг 98-бандига асосан, оилавий ажримларнинг олдини олишда медиаторлик институтининг ролини кучайтириш мақсадида ҳуқуқий эксперимент тариқасида Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди биносида ажримларга оид ишларни кўриб чиқувчи махсус медиация хонаси ташкил қилинган.

 

Бугунги кунда медиация хонаси Бектемир, Яшнобод ва Миробод туманларидаги ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш бўйича фаолият юритмоқда. Медиация хонаси фуқаролик суди томонидан жиҳозланган ва зарурий барча шарт-шароитлар яратилган.

 

Ушбу медиация хонасида оилаларни яраштириш жараёнида, туман оила ва хотин-қизлар бўлими, фуқаролик суди судялари, имом хатиб ва отинойилар, психологлар, тиббиёт соҳаси вакиллари жалб қилинган.

Сенат Раисига медиатсия хонасининг ташкил этилиши сезиларли ижобий натижаларни бераётгани, жумладан, 2022 йил 15 ноябрдан шу кунга қадар ушбу марказда Миробод туманидаги 59 нафар оиланинг низоли ҳолатлари кўриб чиқилиб, 41 нафар оила яраштирилган ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

 

Танзила Нарбаева ўз навбатида мана шундай оилавий низоларни суд биносининг ўзида ҳал этилиши аҳамиятли ва долзарб эканини таъкидлар экан, медиация институти мамлакатимизда ривожланишда давом этишига ишонч билдирди. Шу билан бирга Т. Нарбаева фуқаро билан ишлаётган медиаторларнинг виждонлилик тамойили ҳамма учун устувор бўлиши зарурлигига урғу берди.

“Ишончни суиистеъмол қиладиган виждонсиз медиаторлар ҳам борки, бу медиация институтини обрўсизлантириб, фуқароларнинг унга бўлган ишончини пасайтиради, бунга йўл қўймаслик зарур”, деди Сенат Раиси.