СУБСИДИЯ ОЛИШ УЧУН АЖРИМНИ КУТИШ ШАРТМИ?
— Жияним акасиникида яшайди. Бир нафар фарзанди бор. Суд ярашиш учун иккинчи маротаба 6 ой муҳлат берган. Алимент тайинланган, лекин эри тўламаяпти. Субсидия олиши учун ажрашишини кутиши шартми?
Исми сир тутилди.
Азиз Раҳмонов, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:
— Cубсидия — ипотека кредитлари асосида квартира сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобвараққа ўтказилган маблағ.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2020 йилдаги 182-сонли қарори билан “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган бўлиб, унга кўра мазкур маблағлар фақатгина даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.
Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролари ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Ариза берувчининг аризаси у рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Масъул ташкилотлар етти иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тақдим этилган ҳужжатлар асосида ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқади ва ЯИДХПда онлайн электрон шаклда қуйидаги маълумотларни:
тиббиёт бирлашмаси — ариза берувчи ва унинг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахслар, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг, ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган аёлларнинг мавжудлигини;
давлат солиқ инспекцияси — солиқ тўловчининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) бўйича ариза берувчи ва оила аъзоси сифатида келтирилган шахсларнинг (аризада «Labor — migration» дастурида рўйхатдан ўтганлиги кўрсатилган ариза берувчи бундан мустасно) даромадларини аниқлайди.
Бунда давлат солиқ инспекциясидан ариза берувчи ва оила аъзоларининг даромадлари бўйича балл берилмаган тақдирда, ариза бошқа масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмайди ва автомат равишда субсидия ажратишни рад этиш бўйича комиссия котибига юборилади;
туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари — ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашган муҳтож оналар тоифасига мансублигини;
туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлими — ариза берувчининг олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассис ва (ёки) тиббиёт ходими эканлигини тасдиқлайди.
ЯИДХПда масъул ташкилотлар ўрганиб чиқиш натижаларига кўра киритилган маълумотлар асосида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги автоматлаштирилган тарзда баллар кўринишида баҳоланади.
Комиссия раиси ижтимоий мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан ариза берувчига ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этишни электрон (ЭРИ орқали) шаклда тасдиқлайди.
Кўриб чиқиш якунлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида электрон тасдиқланган QR-код қўйилган қарор тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига юборилади.
Ушбу хабарнома Давлат хизматлари маркази томонидан бир иш кунида ариза берувчига юборилади.
Бундан ташқари ЯИДХП орқали ариза берувчига «SMS» хабар юборилади.
Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, талабгор сифатида тан олиниб, квартира сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бўйича субсидия олишга ҳақли деб ҳисобланади.
Қуйидаги ҳолларда ариза берувчига субсидия ажратиш рад этилади:
а) тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;
б) тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;
г) илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда;
д) жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда;
е) ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан кам ва 8,0 бараваридан юқори;
Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 баравардан кам ва 9,2 бараваридан юқори бўлганда.
Юқорида қайд қилинган Низом талабларига кўра, жиянингиз исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига мурожаат этиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиши мумкин.
Жиянингизнинг аризасига асосан тегишли комиссия ижтимоий мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса беради.
Бундай ҳолатда субсидия олиш учун никоҳдан ажрашиш шарт эмас.