НОГИРОН ФАРЗАНДИНИНГ ДОРИЛАРИНИ НОҚОНУНИЙ СОТГАН ОТАГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Минг афсуски, орамизда нафсининг қулига айланганлар ҳам борки, мўмай даромад олдида инсон саломатлиги, унинг ҳаёти ва мушкул вазиятда экани мутлақо аҳамиятга эга бўлмай қолган… 

 

Лекин масаланинг яна бир жиҳати кишини ўйга толдиради, яъни 31 ёшли судланувчининг ўз фарзандлари бўла туриб, устига устак улардан бири II гуруҳ ногирони экани ҳам дўппини ерга қўйиб фикр-мулоҳаза қилишга ундамаган. Йўқса, махсус лицензияга эга бўлмаган дориларни яширинча сотган бўлармиди?  

 

 “ҲАРАКАТЛАРИ ШУБҲА УЙҒОТДИ”

— Жияним касаллиги сабабли болалар руҳий-асаб касалхонасига бордим. У ерда нотаниш шахс билан мулоқотим давомида жияним касаллиги ҳамда “Цереброкурин” дори воситаси кераклигини айтдим. У эса судланувчининг рақамини бериб, унга мурожаат қилсам “Цереброкурин” ва бошқа турдаги танқис дори воситаларини топиб беришини айтди. Қўнғироқ қилиб, жияним касаллигини, “Цереброкурин” зарурлигини айтдим. Ҳар бир донасини 400 АҚШ долларидан сотишини айтди, зарурлиги сабаб рози бўлдим ва сотиб олдим. Судланувчи “дори воситаси зарур бўлганда хоҳлаган пайтда қўнғироқ қилишингиз мумкин”, деди.

 

Танишим коронавирус касаллигига чалинганлиги боис “Ремдесевир” дорисидан топиб беришини сўрадим. У ҳеч қандай дорихонада ишламаслигини, “Цереброкурин”нинг ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд эмаслигини айтди. Орадан бир неча кун ўтгач эса сотиладиган 20 дона “Ремдесевир” ҳамда 20 дона “Цереброкурин” борлигини, агарда сотиб олсам “Цереброкурин”нинг ҳар бирини 410 АҚШ долларидан, “Ремдесевир”нинг ҳар бирини 85 АҚШ долларидан жами 9 900 АҚШ долларига сотишини айтди.

 

Унинг ушбу ҳаракатлари шубҳа уйғотди ҳамда дори воситаларининг чайқов бозорда сотилиши нарх сунъий ошишига олиб келишини англадим, – дейди харидор аёл.

Гап шундаки, судланувчи Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Remdesivir”, Украинада ишлаб чиқарилган “Цереброкурин” дори воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари Давлат реестрида рўйхатга олинмагани, дори воситаларининг ушбу серияларига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмагани ҳамда фармацевтика фаолиятини амалга ошириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилиши белгиланганлигини билган.

 

Шунга қарамай, қонунга хилоф равишда супермаркет автотураргоҳида харидорга 20 дона “Remdesivir 100 mg Jubi-R” дори воситасининг ҳар бирини 900 000 сўмдан ҳисоблаб 1 700 АҚШ долларига, 20 қути “Цереброкурин”нинг ҳар бир қутисини 410 АҚШ долларидан ҳисоблаб 8 200 АҚШ долларига, жами 9 900 АҚШ долларига сотган. Айни савдо қизиган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” давлат унитар корхонаси маълумотига кўра, фармацевтика фаолиятини амалга ошириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида дорихоналарда ва уларнинг филиалларида реализация қилиниши шарт. Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-боб 1-бандида белгиланган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг дорихоналардан ташқарида сотиш тақиқланиши ҳақидаги талаблари бузилганлиги кўрсатилган.

 

“Тошкент шаҳар Дори-дармон” акциядорлик жамиятининг маълумотига кўра, “Remdesivir” ва “Цереброкурин” дори воситаларининг умумий қиймати 99 926 520 сўмни ташкил этиши маълум қилинган.

 

“СОТИШГА МАЖБУР БЎЛДИМ…”

Судда судланувчи айбига қисман иқрор бўлди…

 

— Нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди ва “Цереброкурин” дори воситаси топиб беришимни сўради. Аввалига рад қилдим, бир неча маротаба сўраганидан сўнг рози бўлдим. Сабаби отам оғир касаллиги туфайли операция учун катта пул жудаям зарур эди. Харидор аёл “Remdesivir” дори воситасини ҳам топиб беришимни сўради. Харидор 20 қути “Цереброкурин”ни сотиб олишини билдирганида, ушбу дорининг ҳар бир донасини 410 АҚШ долларидан сотишимни айтдим.

 

У рози бўлиб, “Remdesivir”ни топгунимча 10 минг АҚШ долларига мослаб олиб келиб беришимни сўради. Унга “Remdesivir”нинг ҳар бир қутисининг нархи 900 000 сўмдан эканини айтдим ва автотураргоҳда учрашишга келишдик.

 

“Remdesivir” ва “Цереброкурин”ни жами 9 900 АҚШ долларига сотишга келишганман. Харидор билан кўришиб, пулларни олган вақтимда ёнимга фуқаролик кийимда бир нечта шахслар келиб, ўзларини таништиришди. Уларга ҳам ҳолатни маълум қилдим, яъни дори воситаларини отамнинг операциясига пул керак бўлгани учун сотганимни, уларни сотиб даромад кўриш мақсадим бўлмаганини айтдим.

 

“Цереброкурин”ни менга ногирон ўғлимни соғлигини тиклаш учун фуқаролар эҳсон қилишганди. Чунки ногирон ўғлим ушбу дорини истеъмол қилади. “Цереброкурин”ни уйда музлаткичда сақлаганман, дори маҳсулотларини сотиш билан шуғулланмайман. Дори воситаларининг дорихонадан ташқарида сотиш ноқонунийлигини билмаганман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, – дея отаси жуда оғир касаллиги, оилада ягона боқувчи эканини инобатга олиб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган судланувчи.

5 ЙИЛ ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ, БИРОҚ…

Судланувчи Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга нисбатан ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 3 йил синов муддати белгиланди.

 

Музаффар Кукиев,

жиноят ишлари бўйича

М. Улуғбек туман суди судьяси