«ЭРИМ ЎЛДИ, УНДАН УЙ ҚОЛГАН»: ТОШКЕНТДА АЁЛ 10 ДАН ОРТИҚ ОДАМНИ ЧУВ ТУШИРДИ

Хотин-қизлар бугунги кунда халқ хўжалигининг барча соҳаларида меҳнат қилиб, олқиш олишяпти. Бири ўқитувчи, ошпаз, олима, бошқаси эса тикувчи, шифокор, депутат. Уларни биз уй бекаси, фариштаси, дея эъзозлаймиз. Аммо баъзида аёллик шаънига доғ тушираётганлар ҳам учраб турибди.

 

Пойтахтимизда яшовчи Соҳиба Салимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қирқ ёшда. Муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этганлиги учун хавфли рецидивист, деб топилган.

 

У “эски ҳунар”ини давом эттириб, қариндошини ҳам чув туширади. Яъни, ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида ишни ёлғон тўқишдан бошлайди. 

 

– Эрим вафот этди. Турмуш ўртоғимнинг номидаги барча мол-мулкни ўзимнинг номимга ўтказиб олмоқчиман, – дейди у таниш аёлга. – Эримнинг номида Сергелида 140 000 АҚШ долларига тенг банк уйи бор. Биласиз, ушбу уй бўйича судга даъво ариза киритиш учун давлат божи тўлаш керак. Адвокат ёллаш, коммунал тўловлар бор. Ҳаммасига харажат кетади. Агар сиз пул бериб турсангиз банк уйини бир ойда сотиб, икки хонали уй олиб бераман.

 

Қариндош аёл Соҳиба Салимованинг гапига ишонади ва ўзининг ҳамда ўғлининг номига кредит ташкилотидан ҳар хил турдаги телевизор ва уяли телефонларни олади. Уйни тезроқ номига ўтказиб олсин, дея телевизорлар ва уяли телефонларни, яна 320 АҚШ долларни иккиланмасдан Соҳибанинг қўлига тутқазади. Орадан вақт ўтади. Бироқ Соҳиба ваъдасида турмайди. Қисқаси, у қариндошига 88 миллон сўм зарар етказади.

 

Алдашга уста бўлиб кетган Соҳиба Салимова шундай ёлғон гап­лари билан яна 11 нафар фуқарони чув туширади. Уларнинг биридан 213 850 577 сўм, иккинчисидан 10 миллион сўмликдан зиёд телевизорлар ҳамда уяли телефонларни алдаб олган… Рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

 

Суд давлат айбланувчисининг хулосасини, ҳимоячининг фик­рини, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқди. Судда Соҳиба Салимова 6 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди.

 

Агар у тўғри юриб, ҳалол ишлаганида қўлига кишан эмас, гул тутиларди.

 

Ҳусанбой ПАРПИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

 Яккасарой туман судининг судьяси