СУДГА БЕРИШ УЧУН КРЕДИТ ҚАРЗИ ЁПИЛИШИНИ КУТИШ КЕРАКМИ?
— Бир қариндошимнинг кредитига кафил бўлгандим. Уч ойдан бери МИБ кредит қарзини маошимдан ушлаб қоляпти. Қариндошимни тополмаяпман, хорижга чиқиб кетганмиш. Судга бериш учун кредит қарзи ёпилишини кутишим керакми ёки ҳозир берсам ҳам бўладими?
Исми сир тутилди
Абдуқодир Ражабов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Авваламбор, амалдаги Фуқаролик кодексининг 292-моддасига кўра, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур Кодекснинг 293-моддасида қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди. Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.
Юқоридаги қонун талабларига кўра, тегишли МИБ бўлими томонидан қариндошингиз томонидан тўланмаган кредит қарздорлиги сиздан (кафил тариқасида) ундирилиш мумкин ва бу ундирув сизнинг ойлик иш ҳақингиздан сақлаб қолиш орқали тўланиши мумкин.
Шунингдек, кафиллик шартномасини тузганлигингиз (яъни имзолаб тасдиқлаганлигингиз) қариндошингиз (қарздор) билан кредитор (қарз берувчи) олдида бир хил мажбуриятни бажаришингизни билдиради.
Бундан ташқари, келгусида кредиторга тўлаган қарздорликни қариндошингиздан исталган вақтда судга даъво ариза бериш орқали суднинг қарорига асосан ундиришингиз мумкин. Бироқ мазкур ҳолатда сизнинг пул маблағини ундириш ҳақидаги талабингизни асосли эканлигини судда исботлашингиз лозим бўлади.