УМРИНИ СУДЛАНИШ БИЛАН ЎТКАЗГАН ТЎРТОВЛОНГА ЯНА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Доно халқимизда “кўр кўрни қоронғуда топади” деган нақл бор. Бежиз айтилмагани эса шубҳасиз. Таржимаи ҳоли “бой” бўлган тўрт нафар “қаҳрамонлар”имиз ҳам бир-бирларини топишда қийналишмаган чоғи…

 

Энг қизиғи, “ўғрилик”, “транспорт воситасини олиб қочиш”, “гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш” жиноятларини содир этишда айбланган 1978 йилда туғилган судланувчи муқаддам 1997 йилда ўғрилик содир этиб, 4 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тўлиқ ўтаган. 2006 йилда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш билан судланган.

 

2007 йилда айни шу жиноятга такрор қўл уриб панжара ортига йўл олган. Буни қарангки, 2009 йилда яна ўғирлик қилган. 2015 йилга келиб, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлагани учун жазога тортилган. 2017 йилда ҳам ўғрилик жиноятини содир қилиб судланган. Мазкур судланувчининг қолган уч нафар шериклари ҳам “бой тажриба”га эга. Аниқроғи, 1982 йилда туғилган судланувчи ҳам муқаддам судланган: тўрт маротаба ўғрилик ва товламачилик жиноятларини содир этган. 1970 йилда туғилган судланувчи эса муқаддам ўғрилик, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини билан судланган. 1988 йилда туғилган судланувчи муқаддам ўғрилик, босқинчилик ва безорилик жиноятларини содир этган.

 

Таржимаи ҳолини йилдан йилга “тўлдириб, бойитиб” туришга ўрганган “шоввоз”лар бу гал биргаликда ҳаракат қилишди. 1978 ва 1982 йилда туғилган судланувчилар ўзаро жиноий тил бириктиришади. Ўзганинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида кундузи бир фуқаронинг уйига девор орқали ошиб тушиш йўли билан ғайриқонуний равишда киришади. Хонадоннинг 2-қаватида жойлашган ётоқхонадаги шкаф ичида бўлган сейф ва унинг ичида бўлган 738 350 АҚШ доллари, 11.500 АҚШ долларига тенг заргарлик буюмлари, 2 дона ТВ-тюнер, 1 дона хотира қурилмасини яширин равишда эгаллаб, фуқарога жами 749 850 АҚШ доллари миқдорида моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинишган.

 

Шунингдек, икковлон ўша куни транспорт воситасини олиб қочиш мақсадида хонадон ҳовлисида турган “Lacetti Gentra” русумли автомашинасининг калити ўзида эканидан фойдаланиб, сейфни унинг юкхонасига жойлаштириб, содир этган ўғирлик жиноятини охиригача етказиш учун транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадисиз олиб қочиб, автомашинага шикаст етказмаган ҳолда Олмазор туманидаги уй олдида қолдириб кетишган. Автомашина қонуний эгасига қайтарилган.

 

1970 ва 1988 йилда туғилган ота-бола судланувчилар содир этилган жиноятни яшириш мақсадида танишлари – 1978 ва 1982 йилда туғилган судланувчилар билан жиноий тил бириктиришади. Бир фуқарога моддий зарар етказишгани ҳақида аниқ билгани ҳолда бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришмайди. Аксинча, иккаласи бир бўлиб, 1978 ва 1982 йилда туғилган судланувчиларга жиноят натижасида қўлга киритилган темир сейфни бузиб очишда ёрдам кўрсатишади. Эвазига 1978 йилда туғилган судланувчидан 20 000 АҚШ долларини олишган. Сўнг бузиб очилган темир сейфни жиноят изларини яшириш учун “Бўзсув” каналига улоқтириб юборишган.

 

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида “Бўзсув” канали бўйидан фуқарога тегишли темир сейф, 1982 йилда туғилган судланувчидан 2 дона ТВ-тюнер, 1 дона хотира қурилмаси ва бир неча турдаги аёллар тақинчоқлари, 290 700 АҚШ доллари ҳамда 25 650 000 сўм ашёвий далил тариқасида олиниб, жабрланувчига қайтарилган. 1970 йилда туғилган судланувчининг яшаш манзилидан эса 12 000 АҚШ доллари ва 25 650 000 сўм миқдоридаги пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.

 

Уч кун ўтиб, 1978 йилда туғилган судланувчи бошқа шахсдан унинг хонадонида 400 000 сўм эвазига олган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини ўзининг истеъмоли учун сақлаб келган. Кейинчалик, ўғирлик жиноятини содир этишда гумон қилиниб, шахсий тинтувдан ўтказилганда эгнидаги курткасининг чўнтагида тўқ жигаррангли, ўткир ҳидли, майда айлана шаклдаги, кукунсимон ва мумсимон модда жойлангани аниқланиб, мазкур модда ҳужжатлаштириб олинган.

 

Судга оид гиёҳвандлик экспертизасининг хулосасига кўра, судланувчидан олинган моддалар таркибида фаол гиёҳвандлик модда – тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, ушбу модда “гашиш” деб аталиши, унинг оғирлиги 0,78 граммга тенглиги аниқланган.

 

1982 йилда туғилган судланувчига судининг қарорига асосан 6 ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилган, бироқ у маъмурий назорат қоидаларини қасддан бузгани натижасида, унга нисбатан ўрнатилган маъмурий назорат муддати 6 ойга узайтирилган. Шунга қарамай, у мажбуриятларни бажаришдан қасддан бўйин товлаб, ўзбошимчалик билан яшаш манзилини ташлаб Тошкент шаҳрига келган ва 1 сутка давомида яшаш манзилида бўлмаган.

ЎҒРИНИ ҚАРОҚЧИ УРДИ

 

— 1982 йилда туғилган судланувчи билан танишиб қолдим. Унга танишимнинг уйига ўғриликка тушиш таклифини бердим, рози бўлди. Белгиланган куни ўғирлик қилиниши керак бўлган манзилга бордик. Шеригим эшик қўнғироғини босди, хонадон ичидан ҳеч ким овоз бермади. ганини, 1982 йилда туғилган шеригим хонадонга ошиб тушиш учун кетди.

 

Тахминан 15 дақиқадан сўнг у ҳуштак чалиб мени чақирди. Шунда хонадонга кириш дарвозаси очилганини кўриб, хонадонга кирганимдан сўнг шеригим билан бирга қимматбаҳо буюмларни қидириб, барча хоналарга кириб чиқдик. 2-қаватда жойлашган ётоқхонанинг кийим жавонида темир сейф борлигини кўриб, меҳмонхонада турган кузатув камерасининг хотира қурилмасини ва яна қандайдир тюнерларни олиб, ҳовлида турган “Lacetti Gentra” русумли автомашинасининг юкхонасига жойлаштирдик.

 

Сўнг автомашинани бошқариб, Олмазор туманида жойлашган уй яқинига автомашинани қолдириб, ёпинчиққа ўралган сейф ва бошқа буюмларни олиб, йўловчи такси тўхтатдик.

 

Шеригимнинг таклифи билан унинг қариндоши – 1970 йилда туғилган судланувчининг уйига бордик. У ерда қариндоши ва унинг ўғли – 1988 йилда туғилган судланувчига ўғирлик содир этганимизни айтиб бердик. Қўлга киритилган сейфни очиб беришни илтимос қилдик.

 

Ота-бола судланувчилар розилик билдириб, сейфни очиб беришди. Унинг ичида бўлган пуллардан 1982 йилда туғилган судланувчига 28 ўрам – 280 000 АҚШ доллари, ўзига ҳам айнан шунча миқдорда, сейфни очишда кўмаклашган ота-боланинг ҳар бирига эса 1 ўрамдан – умумий 20 000 АҚШ доллари берилди. Шу куни бир фуқаро билан танишиб, унинг хонадонига бордим. 5 кун давомида шу хонадонда бирга маишат қилдик.

 

Илтимосимга кўра, фуқаро 400 000 сўм эвазига истеъмол қилишим учун “гашиш” олиб келиб берди. Лекин фуқаро бу гиёҳвандлик воситасини қаердан ва кимдан сотиб олганини билмайман. Кейинчалик у фуқаро ўғирлаган пулларимни ўғирлаб кетди, – дейди айбига қисман иқрор бўлган 1978 йилда туғилган судланувчи.

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ…

1978 йилда туғилган судланувчи Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми “а” банди, 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисми “б” банди ва 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда билан айбдор деб топилди. Унга тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилди.

 

1982 йилда туғилган судланувчи ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а,б” бандлари, 267-моддаси 3-қисми “а” банди ва 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда билан айбдор деб топилди ва 12 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

1970 йилда туғилган судланувчи ЖКнинг 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда билан айбдор деб топилди. Тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 4 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

1988 йилда туғилган судланувчи ЖКнинг 241-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда билан айбдор деб топилди ва 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Шунингдек, 1978 ва 1982 йилда туғилган судланувчилардан солидар тартибда жабрланувчига етказилган моддий зарарни қоплаш учун 470 650 АҚШ доллари, 1970 ва 1988 йилда туғилган судланувчилардан эса солидар тартибда жабрланувчига етказилган моддий зарарни қоплаш учун 5 315 АҚШ доллари ундирилиши белгиланди.

 

Аббосхон Шамахмудов,

жиноят ишлари бўйича

Юнусобод туман суди судьяси