ХУСУСИЙ БОҒЧАДА «ДЕКРЕТ ПУЛИ» БЕРИЛМАЙДИМИ?
— Келиним хусусий боғчада ишларди. Яқинда туғруқ таътилига чиқди. Айтишича, хусусий боғча бўлгани учун «декрет пули» берилмас эмиш. Шу тўғрими?
Исми сир тутилди
Икромжон Курбанбаев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Авваламбор амалдаги Меҳнат кодексининг 14-моддасига кўра, белгиланган ёшга етган ҳамда иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари бўлиши мумкин.
Мазкур кодекснинг 15-моддаси, мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам иш берувчи бўлиши мумкин.
Мазкур кодекснинг 233-моддасига кўра, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.
Мазкур кодекснинг 286-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади.
Мазкур кодекснинг 287-моддасига кўра, бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланади. Ҳар бир туғилган бола учун бериладиган нафақанинг миқдори ва уни тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.
Сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги ПФ-175-сон Фармонига асосан фаолият туридан қатъий назар юридик шахс ташкил қилиб, фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган аёлларга “декрет” пулининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади.
Қолган қисми тадбиркор томонидан тўлаб берилади.
Юқоридагиларга кўра Сизнинг келинингизга “декрет пули” берилиши лозим бўлади ва агарда бу масалада низо юзага келадиган бўлса тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.