АЛИМЕНТ ҚАРЗДОРЛИГИНИ МАИШИЙ ТЕХНИКА БИЛАН УНДИРИШ ТЎҒРИМИ?
— Ўғлим алиментдан қарз бўлиб қолган экан. Яқинда МИБчилар уйимизга келиб, «қарзини тўламаса, ўрнига ўрин маиший техникани олиб чиқиб кетамиз», дейишди. Ахир улар ўғлимнинг пулига келмаган-ку, шунда ҳам олиб кетаверишадими? Ўғлимни номида умуман ҳеч нима йўқ. Бу вазиятда МИБчиларнинг талаби тўғрими?
Исми сир тутилди
Амина Худайбергенова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Боланинг таъминотига алимент ундириш тўғрисидаги суднинг қарори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижро этилиши кўрсатилган.
Алимент қарздорлиги бўйича ундириш ишларини амалга оширишда алимент тўловчининг дастлаб ойлик даромад манбаига қаратилади.
Агар алимент тўловчи қарздорликни тўлашдан бош тортган тақдирда, унга тегишли бўлган барча мол-мулклар хатланади ва мажбурий реализация қилинади.
Қонунда ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк рўйхати келтирилган бўлиб, улар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган, қарздор ва унинг оила аъзолари нормал турмуш кечириши учун зарур бўлган уй анжомлари ва жиҳозлари, кийимлар ҳамда бошқа буюмлар ҳисобланади.
Қарздорнинг мол-мулкини хатлаш мол-мулкни рўйхатга олишдан, уни тасарруф қилиш ман этилганлигини эълон қилишдан, зарур ҳолларда эса, мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклашдан, уни олиб қўйиш ёки сақлашга топширишдан иборатдир.
Сиз ўзингизга тегишли бўлган шахсий буюмларингизни қарздорлик учун хатланганидан норози бўлсангиз, Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочисига нисбатан мулкни хатлов (арест)дан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси билан фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқингиз бор.