ТОШКЕНТДА 19 ЁШЛИ ЙИГИТНИНГ ЭҲТИЁТСИЗЛИГИ 11 ЁШЛИ ЎСМИРНИ ТЎШАККА МИХЛАДИ
“Фалокат оёқ остида”, деб бежиз айтишмайди. Айниқса, нафақат ўзининг, балки пиёдаларнинг ҳам ҳаёти учун жавобгар бўлган ҳайдовчилар бор йўғи бир сония хушёрликни қўлдан бой берса тамом…
Худди шундай воқеа 2003 йилда туғилган судланувчи билан содир бўлди. Воқеа содир бўлган куни тахминан соат 18:30 ларда у ўз бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи барча тегшли хужжатлари асосида Тошкент вилояти Қибрай тумани Ўнқўрғон маҳалласида жойлашган Охунбобоев кўчаси бўйлаб, Обод маҳалласи томондан 50-60 км/соат тезликда кетаётган бўлган. 51-уй қаршисида йўлда бўлган ҳолатга ва ўзгаришларга эътибор бермасдан, амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 11-банди г-кичик банди ва 77-банди 3-кичик банди талабларини бузади. Яъни, “транспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болаларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши шарт” ва “ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятидаги хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини у тўла тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши чораларини кўриши керак”, деб кўрсатиб ўтилган талабларига амал қилмасдан ҳаракатланади. Оқибатда унга нисбатан ўнгга чапга қараб кўриниши чекланмаган ҳолда аввал эркин юриб, сўнг югириб ўтаётган вояга етмаган пиёдани автомашинанинг олди ўнг қисми билан уриб юборган. Йўналиши чапга ўзгарган ҳолатда ҳаракатланиб, унга нисбатан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашинага тўқнашиб, йўл қатнов қисмига тескари ҳолатда жойлашиб тўхтаган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пиёда тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, пиёдада бош мия ёпиқ жароҳати ва лат ейиши оғир даражаси, чап оёқ 3-4-5-бармоқлар асосий фалангаларини ёпиқ синиб силжиши, пешона чакка-энса соҳа тери сидирилиши, юмшоқ тўқималарини лат ейиши, чап қулоқ супраси лат ейиши каби тан жароҳатларини олган. Ушбу жароҳатлар оғирлик даражасига кўра, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир даражадаги тан жароҳатлари эканлиги аниқланган.
Бироқ судланувчи суд мажлисида ўзига эълон қилинган айбловга қисман иқрорлик билдирди. — Ҳақиқатдан ҳам автомашинани уч нафар йўловилар билан бирга 50-60 км/соат тезликда бошқариб бораётгандим. 51-уй қаршисига яқинлашганимда йўлнинг ўнг четида тўхтаб турган бир номаълум “Москвич” русумли автомашина ва унинг олдида тўхтаб турган яна бир номаълум оқ рангли “Матиз” русумли автомашина олдидан менга нисбатан ўнгдан чапга қараб, пиёда тўсатдан югириб ўтиб қолди. Автомашина товуш ишораси ва тормоз босиб, йўналишни чапга ўзгартирдим. Лекин автомашина олди ўнг ён қисми билан пиёдани уриб юборди ва йўналиш чапга ўзгарган ҳолатда қарама-қарши йўналишга ўтиб кетди. Ўз йўлида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашинани олди чап қисмига, бошқарувимдаги автомашинани олди чап қисми билан уриб тўқнашув содир бўлди. Автомашина ўнг ёнга йиқилди. Ҳодиса оқибатида пиёда тан жароҳатлари олди. Пиёдани ўша ерга келган бир автомашинага ўтқазиб, шифохонага юбордим. Ҳайдовчи бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашинага етказилган моддий зарарни суғурта орқали тўлаб берганман. Менга нисбатан маъмурий иш кўрилиб, жарима жазоси тайинланган. Пиёдага эса қисман моддий ёрдам берганман. Йўл-транспорт ҳодисасидаги айбимга қисман иқрорман. Агарда пиёда тўсатдан чиқиб қолмаганида бу воқеа бўлмасди. Ҳаракат йўналиши вақтида мендан олдинда бир неча автомашина борлиги учун ҳам пиёдани тўсатдан чиқиб қолганлигини кўрмай қолдим. Шундай бўлса-да, қилмишимдан пушаймонман. Бироқ жабрланувчи таъкидлаганидек 160 млн. моддий зарар қоплашга имконим йўқ, – дея оилавий шароити ва моддий аҳволини инобатга олган ҳолда қонун доирасида енгилроқ жазо беришни сўради.
Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили ўша куни ишдан чиққан вақтида қўл телефонига жияни қўнғироқ қилиб, 2011 йилда туғилган кичик ўғлини машина уриб кетганини айтган.
— Зудлик билан ўша ерга етиб бордим, йўлнинг ўнг томонида “Дамас” машинаси ағдарилиб ётганди. Ўғлимни шифохонага олиб кетишганини айтишди. Тошкент педиатрия тиббиёт институтига борганимда ўғлим шок хонасида эканини кўрдим. Кейин билсам ўғлимни судланувчи йигит машинасида уриб юборган экан. Воқеани кузатув камералари орқали кўриб, судланувчининг айби борлигини билдим. Ҳозирда фарзандимни аҳволи жуда оғир. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганига бир йил тўлди, Шу вақтга қадар бирор бир моддий ёки маънавий ёрдам кўрсатишмади. Бу даврда оилам ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўрди, фарзандимнинг соғлиғини тиклаш ва аввалги ҳолатига қайтаришни деярли имкони йўқ. Имкони бўлса ҳам, жуда катта маблағ керак. Ҳозирда 12 ёшли фарзандимни оғирлиги 40 кг., доимий равишда ётади, ўзини билмайди. Мустақил озгина бўлса ҳам ҳаракатлана олмайди. Шунинг учун бир йиллик моддий ва маънавий зарар учун 160 млн.га даъво қиламан, – дейди жабрланувчининг қонуний вакили.
Суднинг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек, жиноят кодексининг 45-моддасига асосан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Жабрланувчининг қонуний вакилига шу вақтга қадар сарфлаган пул маблағини ва келгусида фарзандини соғлиғини тиклаш билан боғлиқ моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан даъво ариза билан фуқаролик суд иш юритуви тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.
Баҳром Бердиев,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туман суди судьяси