“УЙ-ЖОЙНИ НОМИМГА ЎТКАЗИШ УЧУН ЎҒЛИМНИНГ РОЗИЛИГИ КЕРАКМИ?”
— Турмуш ўртоғим 8 ой олдин вафот этди. Ўғлим мана 15 йилдирки, Россияда. Уй-жой эримнинг номида. Уй автоматик равишда менинг номимга ўтадими ёки ўғлимнинг розилиги керакми? Унга бу ҳақда айтганимда, эътирози йўқлиги ҳақида ҳужжат жўнатмади.
Исми сир тутилди
Аҳрор Сулаймонов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Агар меросхўрлар орасида турган жойи номаълум шахслар бўлса, қолган меросхўрлар, васиятномани ижро этувчи (мерос бошқарувчиси) ва нотариус уларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни ворисликка чақириш юзасидан зарур чораларни кўришлари шарт.
Агар турган жойи аниқланиб, мерос олишга чақирилган-у, лекин ҳозир бўлмаган меросхўр меросдан воз кечмаган бўлса, қолган меросхўрлар меросни тақсимлаш ниятлари тўғрисида уни хабардор қилишлари шарт. Агар ҳозир бўлмаган меросхўр хабар қилинган пайтдан эътиборан уч ой ичида қолган меросхўрларни меросни тақсимлаш ҳақидаги келишувда иштирок этиш истаги тўғрисида хабардор қилмаса, қолган меросхўрлар ҳозир бўлмаган меросхўрга тегишли бўлган улушни ажратиб, ўзаро келишувга кўра мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақлидирлар.
Агар ҳозир бўлмаган меросхўрнинг турган жойи мерос очилган кундан эътиборан бир йил мобайнида аниқланмаса ва унинг меросдан воз кечиши тўғрисида маълумотлар бўлмаса, қолган меросхўрлар мерос тақсимотини ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари бўйича амалга оширишга ҳақлидирлар.
Ушбу модданинг 2-3 қисмларига асосан, фарзандингизни улуши сақланиб қолади. Яъни ФКнинг 1134-моддасига кўра биринчи навбатдаги меросхўр ҳисобланади.