ФАМИЛИЯМ ЎЗГАРГАЧ, ҲАММА ҲУЖЖАТИМНИ ЎЗГАРТИРИШИМ КЕРАКМИ?

— Эрим билан 4 йил олдин ажрашганимда фамилиям ўзгармаган. Энди қизлик фамилиямга қайтмоқчиман. Бунинг учун қаерга мурожаат қиламан? Фамилиям ўзгаргач, «права», уй ҳужжатлари, диплом, хуллас, ҳамма ҳужжатимни ўзгартиришим керакми?

Исми сир тутилди

Жамшид Шаропов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Амалдаги қонунчилигимизга кўра, никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Эр-хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясини қайтариш тўғрисидаги истаги никоҳдан ажралиш ҳақидаги аризада кўрсатилиши лозим.


Агар Эр-хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясини қайтариш тўғрисидаги истаги никоҳдан ажралиш ҳақидаги аризада кўрсатилган бўлса, ёки суд мажлиси жараёнида улар томонидан мазкур масала қўйилган бўлса, суд ўзининг никоҳдан ажратиш ҳақидаги ҳал қилув қарорида эр-хотиннинг никоҳга қадар бўлган фамилиясига қайтариш масаласини ҳал қилади.


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти” тўғрисидаги Қарорининг 30 бандида, никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли. Бироқ, унинг хоҳишига биноан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда суд томонидан унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Агар мазкур масала суд томонидан қарор чиқариш пайтида ҳал қилинмаган бўлса, фамилияни ўзгартириш фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан никоҳдан ажралишни қайд этиш пайтида ҳал этилади деб кўрсатилган.


Мазкур ҳолатда, сиз томонингиздан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талабини кўриш вақтида мазкур масала муҳокама қилинмаган ва суднинг ҳал қилув қарорида никоҳга қадар бўлган фамилияга қайтарилишингиз кўрсатилмаган бўлса, сиз фамилияни ўзгартириш масаласида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига мурожаат қилишингиз лозим бўлади.


Фамилиянгиз ўзгаргач, шахсингизни тасдиқловчи хужжат (паспорт), ҳайдовчилик гувоҳномангиз ва бошқа хуқуқ туғдирувчи хужжатларни ўзгартиришингиз мақсадга мувофиқ ҳисобланади.


Шунингдек, сизга фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан бериладиган никоҳдан ажрашганлик ҳақидаги гувоҳномада фамилиянгиз ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши маълум қилинади.