МУНОСИБ ЭЪТИРОФ!
Судьялар олий кенгаши томонидан фаолиятида алоҳида ўрнак ва намуна кўрсатиб келаётган судьяларга “Ибратли судья” мукофотини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Маълумки, Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор ўзгаришлар жорий этилиб, жумладан, одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган судьяларни «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирлаш белгиланган эди.
Мазкур фармон ижроси доирасида судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури ишга туширилди. Ушбу тизим жорий этилиши инсон омилини кескин чеклаш баробарида судьялар фаолиятини очиқ, шаффоф ва энг муҳими – холис баҳолаш имкониятини яратди. Энг юқори рейтинг кўрсатгичларига эга судьялар давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони асосида таъсис этилган “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлаб келинмоқда.
2022 йил бўйича 20 нафар судья шундай эътирофга сазовор бўлди. Тадбирда алоҳида қайд этилдики, ўтган йили 646 нафар судья томонидан қабул қилинган ҳужжатлар бекор қилинмаган. Мукофотга лойиқ кўрилганлар эса уларнинг орасидан танлаб олинганидир. Муносибларни танлашда эса суд қарорлари сифатидан ташқари судьяларнинг маънавий фазилатлари, ташаббускорлиги ва Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этилгани каби мезонлардан келиб чиқилган.
Мукофот соҳибларининг орасида Тошкент шаҳар судининг судьяси Элбекжон Турғунбоев ва Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Асқар Мамараимов ҳам бор. Тошкент шаҳар суди жамоаси Элбекжон Турғунбоев, Асқар Мамараимовни муносиб эътироф билан қутлайди!