«ҚЎШНИМНИ ШИФОХОНАГА ОЛИБ КЕТАЁТГАНИМДА ДАН ХОДИМЛАРИ НОҚОНУНИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТАЁТГАНЛИКДА АЙБЛАШДИ»

— Қўшнимни шифохонага олиб кетаётганимда ДАН ходимлари ноқонуний хизмат кўрсатаётганликда айблаб, ишни судга оширишда. Бу вазиятда қандай йўл тутишим лозим?

Исми сир тутилди

Муҳтарама ТУРГУНОВА, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:

 

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 176-3-моддасида “автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган, яъни фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса — ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

 

Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия талаб этилади.

 

Агар ушбу лицензия олинмаган бўлса, сиз томонингиздан бошқарувингиздаги автомобиль транспортида йўловчиларни ташиётганингиз аниқланган бўлса, бунда сизга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади ва ушбу баённома тўпланган ҳужжатлар билан тегишли судга кўриб чиқиш учун юборилади.

 

МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига мувофиқ, агар ушбу Кодекс 176-1-176-4-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар йўл қўйилган бузилишларни ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим.

 

Юқорида кўрсатилган қонун талабидан келиб чиқиб, агар сиз лицензия олиб, қонунбузилиш ҳолати бир ой муддат ичида бартараф этилса, сизга нисбатан юритилган маъмурий иш МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига асосан ҳаракатдан тугатилади.

 

Яна бир масалани кўриб чиқиш лозим бўлади. Агар сиз қўшнингизга унинг илтимосига асосан уни шифохона бирор бир муайян ҳақ эвазига эмас, балки инсонийлик жиҳатидан ёрдам бериш мақсадида олиб бораётган бўлсангиз, бироқ сизни ДАН ходими тўхтатиб, гўёки сиз қўшнингизни ҳақ эвазига олиб бораётганингиз бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб, судга юборган бўлса, бунда бир қатор ҳолатларга аниқлик киритиш лозим бўлади.

 

Хусусан, сиз ва қўшнингиздан тушунтиришлар олиш, тегишли ҳужжатлар тўплаш, ҳақиқатдан шифохонага олиб бориш учун ҳақ ҳақида келишув бўлганини аниқлаш ва бошқа ҳолатлар текширилади.

 

Сиз ва қўшнингиз ўртасида ҳақ эвазига келишув бўлмаган тақдирда ва ушбу ҳолат ўз тасдиғини топадиган бўлса, бунда суд сизнинг ҳаракатингизда маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмас деб топиб, маъмурий ишни МЖтКнинг 271-моддаси 1-қисмига асосан ҳаракатдан тугатади.

 

Сизга нисбатан ноқонуний маъмурий баённома тузилиши ҳолати бўйича ДАН ходимининг хатти-ҳаракати устидан юқори турувчи инстанцияга шикоят келтиришга, шунингдек моддий зарар ва маънавий зиён етказилганлик масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.

 

Яна такидлаш лозимки, ДАН ходими бундай маъмурий баённомани расмийлаштиришга ваколатли шахс эмас, йўловчиларни автомобиль транспортида ташишни текшириш Транспорт вазирлигининг ҳудудий бўлимлари вакиллари томонидан амалга оширилади.