МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛГАН ШАХС СУДЛАНГАН ҲИСОБЛАНАДИМИ?

— Майда безорилик содир этганлигим оқибатида маъмурий жавобгарликка тортилдим. Энди ҳамма менга қўлини бигиз қилиб, «фалончи судланган» дейдими? Асли маъмурий жавобгарликка тортилган шахс судланган ҳисобланадими?

Исми сир тутилди

Жаҳонгир Одилов, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг судьяси:


— Йўқ, судланган ҳисобланмайди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 37-моддасига мувофиқ, башарти, маъмурий жазога тортилган шахс шу жазони ўташ муддати тугаган кундан бошлаб, бир йил мобайнида янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса, мазкур шахс маъмурий жазога тортилмаган, деб ҳисобланади.


Жиноят кодексининг 77-моддасида судланганлик ҳолатига таъриф берилган. Унга кўра, шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат бу судланганлик ҳисобланади.


Яъни, шахс Жиноят кодекси билан тақиқланган ва тартибга солинган ижтимоий хавфли қилмишни (жиноятни) содир этиб, унга нисбатан тергов (суриштирув) ҳаракатлари олиб борилиб, айблов хулосаси (далолатномаси) тузилиб, жиноят ишини суд муҳокамаси, тергови, музокарасида кўриб чиқиб, шахсни айбли деб топиш масаласи кўрилиб, сўнг унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли нормасига асосан содир этган қилмишига биноан ҳукм тайинланиб, ҳукм қонуний асосларда кучга кирганидан сўнг шахс судланган деб ҳисобланади.