ИНСТАГРАМДАГИ ЖИНОЯТ: ТОШКЕНТДА ДИНИЙ АҚИДАПАРАСТЛИКНИ ТАРҒИБ ҚИЛГАН АЁЛГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Сўнгги вақтларда ёш йигит-қизларнинг диний қизиқиши ортидан ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётгани жуда аянчли ҳолат. Уларнинг баъзилари бу боши берк “йўл”га ўзи билмаган ҳолда кириб қолганини баён қилса, бошқаси қилмишидан пушаймон эмаслигини билдиради… Қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеамиз “қаҳрамони” ҳам минг афсуски аёл киши, боз устига икки нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси…
“Қаҳрамони”мизнинг ўзи билиб-билмай қилган танловига ҳам диний қизиқиши сабаб бўлган. Гап шундаки, 1993 йилда туғилган судланувчи аёл 2021 йил 14 июндан 2022 йил 10 март кунига қадар телефон аппарати орқали интернет ижтимоий тармоғининг турли сайтларига кириб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган аудио ва видео материалларни тинглаб келган. Натижада уларнинг таъсири остига тушиб, келгусида ушбу материалларни ўзининг обуначилари орқали намойиш қилиш ва тарқатиш мақсадида “instagram”да шахсий саҳифаси очади ва террорчи ташкилотининг марҳум етакчилари ва бошқаларнинг аудио ҳамда видео материалларини юклаш йўли билан обуначиларига намойиш қилиб тарқатиб келади.
2022 йил 24 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг хулосасида, интернет жаҳон ахборот тармоғида очилган шахсий саҳифа 2021 йил 14 июнда ташкил қилинганлиги, 184 та материаллар мавжудлиги, обуначилари 1529 нафарни ташкил қилиши, мазкур профилга 2021 йил 27 декабрда террорчи ташкилоти марҳум етакчисининг мусулмонлар муслималарга ёрдам бериши кераклиги тўғрисида қилган маърузаси юкланганлиги, 2021 йил 11 ноябрда ҳалифалик ҳақида – муслима қизлар исломдан узоқлашиб кетаётгани хусусидаги маъруза юклангани, 2021 йил 13 сентябрда эса “чин мўмин қандай бўлиши кераклиги” ҳақида видеоматериал жойлангани, ушбу материалда террорчи гуруҳининг рамзий белгиси ҳавола қилинганлиги ва бошқа бир қатор диний мазмунда бўлган материаллар профилга жойланганлиги аниқланган.
Суд-диншунослик экспертизасининг хулосасига кўра, судланувчига тегишли телефон аппарати орқали очилган шахсий саҳифадан тезкор тадбир даврида юклаб олинган материаллардаги турк тилида куйланган нашидалари мавжудлиги, мазкур материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, таёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги аниқланган.
Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлди.
— “Instagram”даги шахсий саҳифани 2021 йилда ўзим очганман. Видео монтажлар қилишга қизиққаним сабабли террорчи ташкилотнинг аъзосининг маърузаларини тинглаб келишим натижасида унинг таъсири остида қизиқиб, инстаграм сахифасига жойлаб келганман. Аслида бу саҳифани дастлаб реклама мақсадида ташкил қилганман. Сўнг маърузаларнинг бирида диний маърузаларни тарқатиш савоб бўлиши ҳақида эшитиб, ўзимнинг обуначиларим ҳам кўриши учун жойлаштирганман. Ушбу диний мазмундаги маърузаларни тақиқланган эканини билмаганман. Ҳозирда қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандларим бор. Бир нафар фарзандимнинг соғлиғи яхши эмас, доимий қаровга муҳтож, – дея қилган ишларидан қаттиқ афсусдалиги ва чин кўнгилдан пушаймонлигини, бошқа бундай ишлар билан шуғулланмаслигини билдирди.
Бироқ қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди. Суд, судланувчини ўз айбига тўлиқ иқрорлиги, жиноятни фош қилиш доирасида ҳаққоний кўрсатмалар бергани, жиноят ишига алоқадор барча ахборотларни дастлабки тергов даврида баён қилгани, қарамоғида вояга етмаган икки нафар фарзандлари борлиги ва бир нафари касал бўлиб, доимий қаровга муҳтожлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолади. Аёлни жамиятдан ажратмаган ҳолда аҳлоқан тузатишнинг имкони бор деган қатъий хулосага келди.
Судланувчи Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.
Унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жаҳонгир Одилов,
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси