ИҚТИСОДИЙ НИЗОЛАРНИ СУДГАЧА ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБИ: ТАКОМИЛ ЗАРУРАТИ

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида турли соҳаларда юзага келаётган низоларнинг ечимини топиш мақсадида судга мурожаат қилувчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, низоларни ҳал этувчи судьялардан чуқур билим, малака, катта масъулият ва ишларни ўз вақтида кўришни талаб этади.

 

Айтиш керакки, судларнинг иш ҳажми юкламасини камайтириш учун низоларни судгача ҳал этиш тартибидан самарали фойдаланиш мумкин.

 

Низони судгача ҳал этиш бу — та­рафнинг ихтиёрий равишда давлат божи тўловисиз, қисқа муддатларда бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш имконини берувчи усул ҳисобланади. Ушбу тартибда жа­вобгар даъвогарга қарз суммасини ихтиёрий равишда тўлаш учун муайян­ муддатни таклиф этиб, талаб ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, мажбуриятни бажарилиши таъминловчи чоралар кўриш ҳамда судга мурожаат қилишга қарши эмаслигини билдиради.

 

Амалиётда аксарият ҳолларда тарафлар низони судгача ҳал этиш чораларини кўргач, низо ўз ечимини топмоқда. Бу тарафларга низони ҳал этиш билан бирга, уларнинг вақти ва маблағини тежаш ҳамда келгусида ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қо­лиш имконини бермоқда.

 

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, низони судгача ҳал этишнинг бир неча усуллари мавжуд: медиация, талабнома юбориш. Медиация бу — низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади.

 

Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади.

 

Талабнома юборишда эса, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган даъвогар жавобгарга талаби кўрсатилган ёзма хат юборади.

 

Амалдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасига мувофиқ талабномада қуйидагилар кўрсатилади:

 

– талабнома билдирган хўжалик юритувчи субъектнинг ва талабнома билдирилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг номи;

 

– талабнома билдирилган сана ва унинг рақами;

 

– талабнома билдириш учун асос бўлган ҳолатлар;

 

– талабномада баён этилган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

 

– арз қилувчининг талаблари;

 

– талабнома суммаси ва унинг ҳисоб-китоби, арз қилувчининг тўлов ва почта реквизитлари;

 

– талабномага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Айтиш керакки, талабнома хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан имзоланади.

 

Низони судгача ҳал этиш тартиби қо­нун ёки тарафларнинг келишувига кўра, шартномада белгиланиши мумкин. Иқтисодий процессуал кодекснинг 148-моддаси иккинчи қисмига кў­ра, агар қонунда муайян тоифадаги низолар учун судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, фақат тарафлар ўзаро муно­сабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўргач, судда иш қўзғатилиши мумкин.

 

Низоларни судгача ҳал этиш (талабнома юбориш) тартиби тараф учун фақат қонун ва шартномада белгиланган ҳолларда мажбурий ҳисобланади.

 

Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 майдаги «Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қа­рори 3-бандига асосан, агар шартномада тарафлар томонидан келиб чиққан низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ҳақидаги шарт назарда тутилган, аммо низони ҳал этиш тартиби белгиланмаган бўлса, бу ҳолатда низони талабнома юбориш йўли билан ҳал этиш тартиби мажбурий ҳисобланмайди. Башарти шу тоифадаги низолар учун қонун ёки шартномада низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби назарда тутилган бўлса, прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар томонидан даъвогарлар манфаатида даъво аризаси судга тақдим этишдан олдин ҳам ушбу тартибга риоя қилиниши керак.

 

Шу ўринда қонунчиликда низони судгача ҳал этиш тартиби мажбурий бўлган айрим ҳолатларга тўхталадиган бўлсак, бундай тартиб Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, Ҳаво кодекси, «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонунда аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 377-моддасига мувофиқ мажбурий шартнома тузиш учун тараф бошқа тарафга билдиришнома (шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси) юбориши лозимлиги, агар у рад этилганида ёки уни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги кўрсатилган муддатда жавоб олинмаганида судга мурожаат қилиниши белгиланган.

 

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 384-моддаси иккинчи қисмига кўра, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олса ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса, ўттиз кунлик муддатда жавоб олмагач, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкинлиги қайд этилган.

 

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, даъвогар — ижарага олувчи «МММ» масъулияти чекланган жамияти судга жавобгар-балансда сақ­ловчи — таълим ташкилотига нисбатан ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган. Даъвогар томонидан ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида балансда сақловчи-жавобгарга таклиф хати юборилган. Бироқ ишни судда кўриш жараёнида ижара шартномаси уч томонлама тузилгани, даъвогар ижара шартномаси бўйича учинчи тараф-ижарага берувчига шартномани бекор қилиш ҳақида таклиф хати юбормагани аниқланиб, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.

 

Шу билан бирга, Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, ташувчига нисбатан юк ташишдан келиб чиқадиган даъвони қўзғатишдан олдин унга тегишли транспорт устави ёки кодексида назарда тутилган тартибда талаб қўйилган бўлиши шартлиги, агар юк ташувчи талабни қондиришни тўлиқ ёки қисман рад этса ёки ўттиз кунлик муддат ичида талабга жавоб қайтармаса, юк жўнатувчи ёки юк олувчи ташувчига нисбатан даъво қўзғатиши мумкинлиги белгиланган.

 

Бундан ташқари Солиқ кодексининг 104-105-моддалари талабларига кўра, даъвогар-солиқ тўловчи со­лиқ органига нисбатан ортиқча тўланган ёки ундирилган солиқ қарзини қайтариш тўғрисида даъво қўзғатишдан олдин солиқ органига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Бу талабга риоя қилинмаган тақдирда, бундай даъво аризаси қайтарилади ёки даъво қўзғатилган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади.

 

Масалан, даъвогар — «Омад» масъулияти чекланган жамияти жавобгар — Тошкент шаҳар давлат солиқ бош­қармасига нисбатан асоссиз ундирилган 300 миллион сўм қўшилган қиймат солиғини қайтариш тўғрисида даъво аризаси билан иқтисодий судга мурожаат қилган. Суд ушбу даъво аризасини иш юритувига қабул қилган. Аммо суд муҳокамаси жараёнида даъвогар судга даъво аризасини тақдим этганга қадар солиқ органига ортиқча ундирилган 300 миллион сўм қўшимча қиймат солиғи суммасини қайтариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилмагани аниқланди ва даъво аризаси кўрмасдан қолдирилди.

 

Айтиш керакки, Солиқ кодексининг 116-моддаси талабига мувофиқ, со­лиқ органи солиқ қарзини ундириш тўғрисида даъво қўзғатишдан олдин солиқ тўловчига унинг зиммасидаги солиқ қарзи суммаси тўғрисида, шунингдек, шу қарз суммасини белгиланган муддатда тўлаш мажбурияти ҳақида талабнома юбориши белгиланган.

 

Юқорида қайд этилганлардан кўриниб турибдики, низони судгача ҳал этишнинг соддалаштирилган тартиби тезкорлик, ихтиёрийлик, ортиқча харажатларнинг йўқлиги, вақтнинг тежалиши, судларда иш ҳажмини камайтириши каби бир қатор афзалликларга эга. Шу сабабли иқтисодий судларда низони судгача ҳал этиш тартибини такомиллаштириш бўйича қуйидаги таклифларни билдиришни лозим топдик:

 

биринчидан, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низолар бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилишдан олдин низони судгача ҳал этиш тартибига амал қилиш мажбурий эканини белгилаш;

 

иккинчидан, «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига ўз­гартиш ва қўшимча киритилиб, даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмагани сабабли даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган тақдирда, даъвогар томонидан олдиндан тўланган давлат божини қайтариш тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқ. Зеро, ушбу ҳо­латда даъво аризаси мазмунан кў­рил­маган бўлиб, даъвогарда даъво аризаси билан такроран мурожаат қи­лиш ҳуқуқи сақланиб қолингани боис келгусида ортиқча суд харажати тўланишига йўл қўймаслик орқали унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш таъминланади.

 

Хулоса сифатида таъкидлайдиган бўлсак, низони судгача ҳал этиш тартибининг амалиётда кенг қўлланилиши корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва аҳолининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатлари тезкор ва ортиқча чиқимларсиз ҳимоя қилинишига ёрдам беради.

 

Бекзод Абдураҳимов,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси