“КОНСТИТУЦИЯ ЛОЙИҲАСИДАН ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР ЎРИН ОЛГАН?”
— Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинаётган Конституцияси лойиҳасида қандай ўзгаришлар ўрин олган? Янги Конституция лойиҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қиммати қанчалик даражада ўз аксини топган?
Санжар Ибадов, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси
— Янгидан қабул қилиниши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг матни 2022 йил 25 июнь куни «Бу менинг Конституциям» портали орқали умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Бунгача эса 46 кишидан иборат махсус комиссия ушбу лойиҳа устида бир ой ишлади ҳамда халқимиз томонидан келиб тушган 60.000 дан зиёд таклиф ва мулоҳазаларни ўрганиб чиқди. Конституциянинг лойҳасида хар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари акс этган десак адашмаган бўламиз.
Шунингдек, янги Конституциянинг лойиҳасида асосий қонуннинг 64 та моддасига 200дан ортиқ ўзгартиришлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6та янги модда қўшиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, Конституциянинг 1-моддасидаги «Ўзбекистон – суверен демократик республика» жумласини «Ўзбекситон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат» жумласига ўзгартириш ва бу орқали Конституциянинг 127-моддасига «ушбу Конституция 1-моддасининг ва ушбу моддаси иккинчи қисмининг қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас»лиги ҳақида қатъий норма киритилмоқда. Бу билан давлатимиз ўзининг танлаган йўлидан хеч қачон ортга қайтмаслиги, ислоҳотларнинг давомий бўлиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини улуғланиши бош қонунимизнинг илк нормасидаёқ ўз аксини топмоқда.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш мақсадида Конституциянинг бир қатор моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Чунончи, Конституциянинг 13-моддасига «инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши» ҳақида қоидалар киритилиши кутилмоқда. Бу эса албатта, халқ давлат учун эмас, давлат идоралари халқ учун шиорининг кўриниши десак янглишмаган бўламиз.
Шунингдек, Конституциянинг 22-моддасига қуйидагича анги қоидалар киритилмоқда: «Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмас.
Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошларбилан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади».
Ушбу киритилаётган янги норма орқали нафақат давлатимизда яшаётган, балки чет эл мамлакатларида ҳам истиқомат қилувчи фуқароларимизга ҳам давлатимиз томонидан беғараз ёрдам берилиши ўз аксини топган.
Бундан ташқари, инсон қадрини улуғлаш йўлидаги энг катта қадамлардан бири бу албатта, жиноят учун ўлим жазосининг таъқиқланиши бош қонунимиз орқали белгилаб қўйилишидир. Тўғри, Республикамизда 2008 йил 1 январь санасидан бошлаб ўлим жазоси бекор қилинган, бироқ бу қоиданинг Конституцион даражада белгиланиши Ўзбекситонда инсон қадрининг биринчи ўринга олиб чиқилгани билан баҳоланади.