“ЭРИМНИНГ НОМИДА БЎЛГАН ОТАМНИНГ УЙИНИ ЎЗ НОМИМГА ЎТКАЗА ОЛАМАНМИ?”
— Отам ҳовлисини менга оғзаки васият қилиб, мерос сифатида берганди. Ўша уйнинг кадастрини турмуш ўртоғимнинг номига расмийлаштирган эдик. Афсуски, бундан икки йил олдин отам автоҳалокат туфайли вафот этди. Эримнинг хиёнати сабаб турмушимизга путур етиб, қонунан ажрашмоқчимиз. Бир йилдан бери болаларимнинг отаси ҳеч қандай ёрдам ҳам, алимент ҳам бергани йўқ. Энг қизиғи, отамдан мерос қолган уйни олиш учун даъво қиляпти. Шундай қилишга унинг ҳақи борми? Уйни отам қурган, солиқларини мен тўлаётган бўлсам. Бунга 30 йиллик қўшниларимиз ҳам гувоҳ. Отамдан мерос қолган уйни ўз номимга қандай ўтказсам бўлади?
Исми сир тутилди
Фахриддин Баҳронов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:
— Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига асосан, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Яъни мулкдор вафотига қадар ўз мулкини васият қилиб кетган бўлса, бу васият бўйича ворислик дейилади. Агар мулкдор вафотига қадар ўз мулкининг тақдирини ҳал қилмаган бўлса, мулкнинг тақдири қонун билан ҳал қилиниб, бу қонун бўйича ворислик, деб аталади.
Фуқаролик кодексининг 1124-моддасида васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар белгиланган бўлиб, унга кўра, васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Яъни қонун талаби бўйича Ўзбекистон Республикасида васиятноманинг оғзаки равишда тузилишига йўл қўйилмайди. Бундай васиятномалар юридик кучга эга эмас. Бундан ташқари, кўчмас мулк билан боғлиқ ҳар қандай битимлар ҳам ёзма шаклда тузилиши шарт.
Демак, отангиз томонидан ёзма равишда тузилмаган, имзоланмаган, нотариал ва бошқа тартибда тасдиқланмаган уй-жойнинг васиятномаси юридик кучга эга эмас.
ЭРИНГИЗ МУЛКДОР
— Отангиз оғзаки васият қилиб қолдирган уй-жой турмуш ўртоғингизнинг номига давлат рўйхатидан ўтганлиги масаласига келсак, Фуқаролик кодексининг 84-моддасига кўра, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Айтиш жоизки, кўчмас мулк кимнинг номига давлат рўйхатидан ўтган бўлса, у ким томонидан қурилганлигидан ва солиқларни ким тўлаб келаётганлигидан қатъи назар, ўша шахс мулкдор ҳисобланади. Агар мулк юзасидан унинг мулкдор бўлмаган шахс номига ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтганлиги масаласида низо келиб чиқса, бундай ҳолда мулк ҳуқуқини белгиловчи ҳужжат, яъни ҳоким қарори, ордер, шартнома ёки бошқалар устидан суд тартибида низолашиш мумкин.
БОЛАЛАР МАНФААТИ ҲИСОБГА ОЛИНАДИ
— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки улар ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек, уларнинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади. Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади.
Қонун талаби бўйича эр-хотининг умумий мол-мулкидаги улушлари тенг ҳисобланса-да, суд томонидан уни бўлиш пайтида болалар манфаати ҳисобга олиниши мумкин. Лекин бу мулкда болаларнинг улуши бор дегани эмас.
ҚЎШНИЛАРИНГИЗ ГУВОҲ БЎЛА ОЛАДИ
— Фуқаролик процессуал кодексининг 56-моддасига кўра, ишга доир бирор ҳолатдан хабардор бўлган ҳар қандай шахс гувоҳ бўла олади. Лекин кўчмас мулкнинг кимга тегишли эканлиги ёзма далиллар асосида аниқланади. Ёзма далиллар мавжуд бўлганда гувоҳларнинг кўрсатувлари мақбул далил, деб топилиши мумкин.