РУҲИЙ КАСАЛЛИГИ САБАБ АЖРАШМОҚЧИ БЎЛСА, МУДДАТ БЕРИЛАДИМИ?
— Тўйимиздан сўнг турмуш ўртоғимнинг руҳий хаста эканлиги маълум бўлди. Бизни дарров ажраштириб юборишадими? Мана шундай вазиятга дуч келганларни ажратиш тартиби қандай? Ариза неча кунда кўриб чиқилади? Қанча давлат божи тўланади? Уни ким тўлаши керак?
Исми сир тутилди
ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу мақсадда, суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар, яъни болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусиятлари, вақтинчалик келишмовчилик ва бошқалар аниқланганда, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан, ёхуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўјрисидаги иш кўрилишини кейинга қолдиришга ва Оила кодексининг 40-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, Оила кодексининг 218-моддаси талабларини инобатга олган ҳолда ярашиш учун бериладиган муҳлат уч ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади. Шу қонун нормасини фуқаролар муддат деб тушунишади. Суд томонидан ярашиш учун берилган муддат ҳақидаги ажрим тарафларнинг яшаб турган туман ҳокимлиги қошидаги оила ва хотин-қизлар бўлимига юборилади ва улардан хулоса олинади. Агар ҳақиқатан ҳам, суд томонидан қилинган ҳаракатлар ижобий натижа бермаса, суд ушбу оилани сақлаб қолиш имкони йўқ, деган хулосага келади ва тарафлар ўртасида тузилган никоҳни бекор қилади.
АРИЗА НЕЧА КУНДА КЎРИБ ЧИҚИЛАДИ?
— Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза умумий тартибда кўриб чиқиш муддатларида кўрилади. Фуқаролик процессуал кодексининг нормаларига асосан, ариза келиб тушган вақтдан 10 кун ичида даъво аризани қабул қилиш ва фуқаролик ишини кўзғатиш масаласи кўрилади. 10 кун тайёрлаш босқичи тугагач, бир ой муддат ичида кўриб чиқилиши лозим.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза беришда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, яъни ҳозирги кунда 600 000 сўм давлат божи ва 21 000 сўм почта харажати даъвогар томонидан тўланиши лозим.
МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ДЕБ ТОПИЛСА…
Оила кодексининг 43-моддасига мувофиқ, руҳияти бузилиши, яъни руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомалага лаёқатсиз, деб топилган бўлса, никоҳдан ажратиш эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар, ФҲДЁ органларида амалга оширилади.
АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?
Аввало айтиб ўтиш лозимки, алимент ундириш масаласида мурожаат қилиш учун тарафлар ўртасида никоҳ бекор қилинганлиги бўлиши шарт эмас. Тарафлар битта уйда яшаб турган бўлса-да, алимент ундириш масаласида мурожаат қилиш ҳуқуқ мавжуд. Лекин ота (яъни алимент тўлаши шарт бўлган шахс) руҳий хаста, ақли заиф бўлса, яъни соғлиги туфайли алимент тўлаш имкони бўлмаса, ундан алимент ундириш қай даражада тўғри бўлишига эътибор қаратилиши лозим. Бу шахс ўзи муомалага лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахслар қаторига киради.
МУЛКИЙ НИЗО БЎЛСА…
— Тарафлар ўртасида мулкий низо бўлса, улар биргаликдаги мулк деб топиш, мол-мулкни бўлиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундан даъво ариза билан мурожаат қилишда ҳам, тарафлар ўртасида никоҳ бекор қилинганлиги бўлиши шарт эмас. Яъни қонуний никоҳда бўлиб ҳам, ушбу талаблар билан мурожаат қилиш ҳуқуқ мавжуд.
Жалолиддин АББОСОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси