«ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИКНИ ОЛДИНИ ОЛИШДА СУДЛАРНИНГ ЎРНИ» МАВЗУСИДА ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ

Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) “Суд тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ҳамда East-West Management Institute ННТнинг Ўзбекистондаги филиали кўмагида такшил этилган «Гендер зўравонликни олдини олишда судларнинг ўрни» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

«16 кун гендер зўравонликка қарши фаол ҳаракатлар» кампанияси доирасида бўлиб ўтган тадбирда халқаро экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, «Меҳржон» аёллар ва болаларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази вакиллари ҳамда Олий суд, вилоят, шаҳар ва туманларнинг жиноят ишлари бўйича судьялари иштирок этишди.

Анжуманда гендер тенглигини тарғиб қилиш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, шунингдек гендер зўравонлигига қарши курашишда судларнинг роли каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлкатимизда гендер зўравонликни олдини олиш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда эркак ва аёлларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлаш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.

Гендер тенглигига риоя этилишини таъминлаш ва мавжуд номутаносибликларни бартараф этишга қаратилган зарурий ҳуқуқий база яратилди. Комплекс Стратегия тасдиқланди, гендер тенглигини таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қилинди. Мамлакатимизда гендер сиёсатини жамият манфаатларини кўзлаб амалга оширилишини таъминлаш мақсадида институционал асослар шакллантирилди.

Олий суднинг стратегик режалари ва судларни ривожлантириш дастурларида гендер омиллари ҳисобга олиниб, тренинглар, семинарлар ва конференциялар ўтказилмоқда, гендер зўравонликни олдини олиш бўйича брошюра, журнал ва мақолалар чоп этилмоқда.

Конференция иштирокчиларига гендер зўравонликка қарши курашишда судларнинг ўрни ҳамда ушбу тоифадаги ишларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Шунингдек анжуманда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда гендер зўравонликнинг олдини олишда аёл судьялар сонини кўпайтириш муҳимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Тадбир давомида «Гендер зўравонликка қарши курашишда судьяларнинг ўрни» мавзусида видеоролик ва гендер тенглигини таъминлаш соҳасида судьялар учун тўплам намойиш қилинди.