КАФИЛЛИКНИ ҚАНДАЙ БЕКОР ҚИЛДИРСА БЎЛАДИ?

— Бир танишимга банкдан кредит олишида кафил бўлгандим. Икки йилдан бери узилишларсиз қарзини тўлаб келяпти. Сўрамоқчи бўлганим, кафилликни бекор қилдирсам бўладими? Ёки бу суд тартибида амалга ошириладими?

Исми сир тутилди

— Фуқаролик кодексининг 293-моддасига асосан, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.


Фуқаролик кодексининг 295-моддасига асосан, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.


Амалдаги Фуқаролик кодексининг 298-моддасига мувофиқ, кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади.


Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, шунингдек кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.


Шартномада кўрсатилган кафиллик муддати ўтганидан кейин кафиллик бекор бўлади. Агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, кредитор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати келган кундан бошлаб, бир йил давомида кафилга даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.


Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 13/150-сон қарорининг 35-бандига асосан, кафилликнинг бекор бўлиш асослари қуйидагилар ҳисобланади:


• кафиллик билан таъминланган асосий мажбуриятнинг бекор бўлиши;


• кафиллик билан таъминланган асосий мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилиши;


• башарти, кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик бермаган бўлса, кафиллик билан таъминланган асосий мажбурият бўйича қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши;


• кредиторнинг қарздор ёки кафил таклиф этган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортиши;


• кафиллик берилган (ёки қонун билан белгиланган) муддатнинг ўтиши, агар кредитор шу муддат ичида кафилга даъво қўзғатмаган бўлса (ФКнинг 298-моддаси).

Асосий мажбурият бўйича қарзнинг ўтказилиши муносабати билан кафил, агар унинг ўзи бунга рози бўлмаса, янги қарздор учун жавоб бермайди (Фуқаролик кодексининг 322-моддаси).


Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади (Фуқаролик кодексининг 298-моддаси).

 

Агарда тарафлар ўртасида низо келиб чиқса, кафиллик шартномасини бекор қилиш даъво қўзғатиш орқали суд тартибида амалга оширилади.


Шунингдек, манфаатдор тарафнинг судга даъво аризаси киритилиши билан кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб ҳам топилиши мумкин.

 

Жасур СИРОЖЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро суди раис ўринбосари