«УЙ ИККИТА ЎҒИЛГА ТЕНГ БЎЛИНМАЙДИМИ?»
– Қайнотам биз яшаб турган ҳовли кичик ўғлига қолишини, биз эса ҳовли этагидан иморат солишимиз кераклигини айтди. Менинг икки нафар фарзандим бор. Ёш бола билан қийналиб қоламиз, десам, «ўзларинг биласизлар», деяпти. Келин бўлиб тушган иккита хонада ҳақим йўқми? Ота ҳовли икки ўғил ўртасида тенг бўлинмайдими?
Исми сир тутилди
Анвар Ёриев, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Уй-жой кодексининг 32-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига асосан уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.
Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.
Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.
Шунга кўра, сизда келин бўлиб киритилган уйдан фойдалиниш ҳуқуқи мавжуд.
Қонунчиликда белгиланганидек, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Шунга кўра, қайнотангиз ўзига тегишли мулкка нисбатан юқоридаги ҳуқуқлардан фойдаланади.
Шунингдек, мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилишини маълум қилган ҳолда мерос мулки меросхўрлар ўртасида тақсимланиши мулкдорнинг вафотидан сўнг амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.