«АЛИМЕНТ СУММАСИНИ ЎЗГАРТИРИШНИ ИМКОНИ БОРМИ?»

– Суд қарори билан уч нафар болага алимент оламан. Собиқ эрим университетда дарс беради. Суд ҳужжатида 1 ставка ишлайди, деб ёзилган. Лекин билишимча, ҳозирда 2 ставкада ишлаб, шунга мос ойлик оляпти. Ҳисобчиси «ҳужжатда 1 ставка», дейишдан нарига ўтмади. Ўзи ҳам тан олмайди. Аммо аниқ далилларим бор. Судга шуларни келтирсам, алимент суммаси ўзгарадими?

Исми сир тутилди

Амина Худайбергенова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Боладан алоҳида яшаётган ота ёки она вояга етмаган фарзандининг моддий таъминотига қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда алимент тўлашга мажбур. Ота-онадан фарзандига ундириладиган алимент миқдори унинг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

 

Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

 

Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.

 

Шунингдек, алимент олувчининг аризасига асосан фарзандининг соғлиғини тиклаш учун ёки бошқа зарур харажатларига қўшимча равишда моддий таъминот ундириш ҳуқуқига эга. Суд қарорининг ижроси мажбурий ижро бюроси томонидан таъминланади, шу сабабдан ўзингизда мавжуд бўлган алимент тўловчининг барча ойлик иш ҳақлари ва қўшимча даромади тўғрисидаги маълумотларни шу ижро бўлимига тақдим этиб, ҳисобланган алимент суммасини қайта кўриб чиқишни талаб қилишингиз мумкин.