«АЖРАШМАЙ, АТАЙ УСТИМДАН КУЛЯПТИ…»
— Эрим билан 3 йилдан буён бирга яшамаймиз. У аллақачон уйланиб, болали бўлган. Шу кунгача уч маротаба судга ажрашиш учун ариза бердим. Ҳар сафар эрим «мени ажрашадиган хотиним йўқ, ўртада бола бор», деб судни чалғитади-да, ташқарига чиққач, «баттар бўл, яна пулга куйганинг қолди. Энди яна пул тўлаб ариза беришга мажбурсан», дейди. Судда уйлангани, боласи борлигини неча маротаба айтган бўлсам ҳам инобатга олинмади. Аслида уни бирга яшаш нияти йўқ, шунчаки устимдан куляпти. Бу вазиятда мен қандай йўл тутишим мумкин?
Исми сир тутилди
— Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.
Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин деб ҳисобланадилар ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади. Эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар.
Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
Оила кодексининг 38-моддасига кўра, никоҳдан ажратиш суд тартибида, Оила кодексининг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади. Хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.
Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.
Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади. Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.
Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилади.
ФПКнинг 72-моддасига кўра, судда ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.
Сиз турмуш ўртоғингиз билан оилани сақлаб қолиш ниятингиз бўлмаса, у ҳолда cиз турмуш ўртоғингиз билан ҳақиқатдан умумий рузғор юритмаётганлигингиз, бирга яшамаётганлигингиз, турмуш ўртоғингиз сиз ва фарзандлари хаёти ва таъминотида иштирок этмаётганлиги, унинг бошқа аёл билан яшаётганлиги ва уларнинг ўзаро турмушларидан фарзанди борлигини тасдиқловчи хужжатларни судга тақдим қилишингиз, бу масалалар сизнинг ёки сиз турмуш ўртоғингиз билан бирга яшаган маҳалла фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясида куриб чиқилиб, бу ҳақда расмийлаштирилган баённомалар судга тақдим қилингандан сунг, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, сизларни никоҳдан ажратади.
Сиз биринчи инстанция суднинг қароридан норози бўлсангиз, у холда ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида апелляция тартибида шикоят беришингиз мумкин.
Икромжон КУРБАНБАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси.