ТИЛХАТНИ ИЛОВА ҚИЛИБ, ЎҒЛИМНИ ТАРБИЯМДА ҚОЛДИРИШЛАРИНИ СЎРАШИМ МУМКИНМИ?

— Хотиним билан ажрашмоқчиман. Бунга у ҳам рози. Бундан ярим йил олдин шу масала кўтарилганда «ҳеч нимага даъво қилмайман. Менга бола ҳам керакмас. Отаси билан қолсин. Шу уйдан чиқиб кетсам бўлди», деб тилхат ёзиб берган. Судга ажрашиш учун ариза берганда, тилхатни илова қилиб, ўғлимни менинг тарбиямда қолдиришларини сўрашим мумкинми?

Исми сир тутилди.

Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Дурдона Абдуқахарова жавоб берди:

 

— Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилганингизда фарзандингизни ўз тарбиянгизда қолдириш ҳақидаги талабни ҳам илгари суришингиз мумкин.

 

Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли Қарорининг 10-бандига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризаси ФПК 189 ва 190-моддалари талабларига жавоб бериши керак. Унда, жумладан никоҳ қачон ва қаерда расмийлаштирилганлиги, никоҳдан болалар бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида вояга етмаган болаларни таъминоти ва тарбияси ҳақида келишувга эришилган-эришилмаганлиги, никоҳдан ажратиш сабаблари, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар кўрсатилади.

 

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризага никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари, эр-хотиннинг ойлик маоши ва ўзга даромадлари ҳақидаги, давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, даъво талабларини тасдиқловчи далиллар, шунингдек никоҳдан ажратиш ҳақидаги низо судгача ҳал қилинганлигидан далолат берувчи даъвогарнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғини яраштириш комиссиясининг хулосаси илова қилинади.

Хусусан, мазкур Қарорнинг 12-бандига кўра, оила кодексининг 44-моддасига мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда эр-хотин судга қуйидаги масалалар юзасидан келишув тақдим этишлари мумкин:

 

• никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар улардан қайси бири билан яшаши тўғрисида;


• вояга етмаган болалар ва(ёки) меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр(хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби ва миқдори тўғрисида;


• эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш тўғрисида.

Бундай келишув мавжуд бўлмаган ёки мазкур масалалар юзасидан эр-хотин ўртасида низо бўлган ҳолларда улар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб билан бир вақтда мазмунан кўриб чиқилади.