«ЭРИМ ХОРИЖГА КЕТГАН, ОТАСИ ЭСА…»
— Фарзандларим билан икки хонали квартирада яшаймиз. Қайнотам кунора келиб, жанжал қилади. «Уй меники! Чиқиб кетларинг», дейди. Уй рўйхатига киритилмаганимизни пеш қилиб, ҳайдайди. Эрим шартнома асосида хорижда ишлайди. Бу вазиятда мени қандай ҳақ-ҳуқуқларим бор?
Исми сир тутилди.
Зулфия Бердимуратова, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Уй-жой кодекси 32-моддасининг 1-2-қисмларига мувофиқ, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.
Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.
Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади.
Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.
Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, Сиз фарзандларингиз билан қайнотангизга тегишли хонадонда яшаётган бўлсангиз, хонадонга келган вақтда қайнотангизнинг розилиги билан кирган бўлсангиз, унинг ўзига тегишли хонадонда Сизларнинг яшашингизга қаршилик қилмаган бўлса, хонадонга кўчиб келган пайтда у билан ўртангизда ёзма равишда бошқа келишув бўлмаган бўлса ушбу хонадондан фойдаланиш ҳуқуқингиз шаклланган бўлади.
Шунингдек, яшаётган хонадоннинг рўйхатига киритилмаганлигингиз, Сизни ва фарзандларингизни мазкур уйдан чиқаришга асос бўлмайди.