«ИШГА ТИКЛАШЛАРИ УЧУН 10 ОЙДАН БЕРИ САРСОНМАН»
— Бир ярим йил туманимиз поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишлаб, «декрет»га чиққанман. Мана, 10 ойдирки, ишга тиклашларини сўраб учрашмаган одамим қолмади. Бош шифокор бўлим мудирига жўнатади, у эса бўш жой йўқлигини айтади, ҳуқуқшунос «бундай масалаларга аралашмайман», дейди. Ўз иш ўрнимга қайтолмайманми?
Исми сир тутилди
Аббос Сайдахмедов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Конституциянинг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.
Меҳнат кодексининг 234-моддаси 5-қисмида болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади, деб белгиланган.
Юқорида баён қилинганларга асосан, иш берувчи бола парвариши таътилидан қайтгандан сўнг ходимга аввалги эгаллаб турган лавозими ёки шунга тенглаштирилган лавозимни бериши шарт.
Бундай холатда Сиз ҳуқуқларингиз бузилган деб ҳисобласангиз Меҳнат низолари бўйича комисссияга ёки судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.