КЎПРОҚ ИЖАРА ҲАҚИ ТАЛАБ ҚИЛИШ ЁКИ УЙНИ БЎШАТИШ ШАРТИНИ ҚЎЙИШ ТЎҒРИМИ?

— Бир йил муддатга ижарага уй олдим. Ҳозирда уйнинг эгаси ижара нархлари ошганлиги ва қимматроқ нархга бошқа мижоз топганлигини айтиб, мендан ё кўпроқ ижара ҳақи беришимни ёки уйни бўшатишимни сўрамоқда, қандай ҳуқуқларим бор?

Исми сир тутилди

— Фуқаролик қонунчилигида мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.

 

Мол-мулкини ижарага бериш ҳуқуқи шу мол-мулк эгасига тегишлидир. Қонун ёки мулкдор томонидан мол-мулкни ижарага бериш ваколати берилган бошқа шахслар ҳам ижарага берувчи бўлишлари мумкин.

 

Мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса, тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса, муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Мулк ҳуқуқининг келгусида ижарачига ўтишини назарда тутувчи мулк ижараси шартномаси, бундай мулкнинг олди-сотди шартномаси учун назарда тутилган шаклда тузилади.

 

Мулк ижараси шартномаси шартномада белгиланган муддатга тузилади. Агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Қонун ёки шартномада номуайян муддатга тузилган мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

 

Қонунда мулк ижарасининг айрим турлари учун, шунингдек, мол-мулкнинг айрим турларини ижарага олиш учун энг кўп (охирги) муддатлар белгилаб қўйилиши мумкин. Бундай ҳолларда, башарти ижара муддати шартномада белгиланган бўлмаса ва қонунда белгиланган охирги муддат тугагунича тарафлардан ҳеч қайсиси шартномадан воз кечмаса, охирги муддат ўтиши билан шартнома бекор бўлади.

 

Қонунда белгиланган охирги муддатдан ортиқ муддатга тузилган бундай мулк ижараси шартномаси охирги муддатга тенг муддатга тузилган ҳисобланади. Агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

 

1. Иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;

 

2. Ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.

 

Бир тараф шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бош тортиб, қонун ёҳуд тарафларнинг келишувида бунга йўл қўйилса, шартнома тегишлича бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 551-моддасида “ижарага берувчининг талаби бўйича мулк ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш” тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, Мулк ижараси шартномаси ижарага берувчининг талаби билан суд томонидан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин, агар ижарага олувчи:

 

— ижарага берувчининг ёзма огоҳлантиришига қарамасдан мол-мулкдан шартнома шартларини ёки мол-мулкнинг вазифаларини жиддий равишда бузган ёхуд бир неча марта бузган ҳолда фойдаланса;

 

— мол-мулкни жиддий ёмонлаштирса;

 

— шартномада белгиланган тўлов муддатини кетма-кет икки мартадан ортиқ бузиб, мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўламаса;

 

— қонун ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ капитал таъмирлаш ишларини бажариш ижарага олувчи зиммасидаги мажбурият бўлган ҳолларда шартномада белгиланган муддатларда, шартномада бундай муддат белгиланган бўлмаса, оқилона муддатларда мол-мулкни капитал таъмирлашни амалга оширмаса.

Мулк ижараси шартномасида ушбу Кодекснинг 382-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ ижарага берувчининг талаби билан шартномани муддатидан олдин бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.

 

Ижарага берувчи ижарага олувчини ёзма равишда огоҳлантирганидан ва унга ўз мажбуриятларини бажариш учун имконият берганидан кейингина шартнома муддатидан олдин бекор қилинишини талаб қилишга ҳақли.

 

Икромжон КУРБАНБАЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси