ҚАЙНОНАМ АЛИМЕНТ МИҚДОРИНИ КАМАЙТИРМОҚЧИ
— Турмуш ўртоғим икки нафар болага алимент тўларди. Судда «ажрашадиган хотиним йўқ», деб туриб олгач, ярашдик ва алиментни бекор қилдим. Аммо ҳаётимиз бўлмади. Кўп ўтмай яна бўлак яшай бошладик. Моддий томондан қийналиб қолганим учун алиментга бердим. Яқинда қайнонам ўғлини алиментга берганидан хабар топдим. Эшитишимча, бу йўл билан болаларимга олаётган алиментимни камайтирмоқчи. Мен энди нима қилай?
Исми сир тутилди.
Жалолиддин АББАСОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Оила кодексида алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси ва асослари белгиланган. Улардан бири меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож бўлган ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандидан моддий ёрдам олиш ҳуқуқидир.
Оила кодексининг 110-моддасига асосан вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим.
Шунингдек мазкур қонун нормасида ундирилаётган алимент миқдорини энг кам миқдори ҳам белгиланган. Жумладан, ушбу миқдор қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Юқоридагиларга асосан она вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандидан алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилса, суд ушбу низони кўришда, даъвогарнинг бошқа вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларини ҳам инобатга олади.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзанддан ота-онасига ундирилаётган алимент миқдори, унинг ўзини вояга етмаган фарзандларига тўланиши лозим бўлган алимент миқдорига таъсир кўрсатмайди.
Бундан ташқари алимент миқдорини камайтириш масаласини кўриш учун ҳам судга алоҳида даъво аризаси билан мурожаат қилиш лозимлиги назарда тутилганлиги боис, алимент мажбуриятлари кўпайиб кетганлиги сабабли автоматик тарзда камайтириш назарда тутилмаганлиги маълум қилинади.
Шу боис сизга, агар қайнонангиз сизга ундираётган алиментнинг миқдорини камайтириш учун ўз таъминотига алимент ундириш масаласида мурожаат қилган бўлса, бу ҳолат сиз ва фарзандларингиз фойдасига ундирилаётган алимент миқдорини ўз ўзидан камайишига олиб келмаслиги тушунтирилади.