“ТАЪТИЛГА ЧИҚСАМ, МОДДИЙ ЁРДАМ БЕРИЛАДИМИ?”

— Келаси ой меҳнат таътилига чиқмоқчиман. Айтинг-чи, таътил тўлови билан бирга бир йилда бир марта бериладиган моддий ёрдамни ҳам олсам бўладими? Миқдори қанча бўлади? Кимдир бир оклад, деди, кимлардир ярми?..

Исми сир тутилди.

Мурожаатга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Ахрор СУЛАЙМОНОВ жавоб берди:

 

— Бу борада фуқаролар ўртасида турли хил фикр-мулоҳазалар бўлиши ўринли. Чунки, таътил тўлови билан бирга моддий ёрдам бериш масаласи ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасанинг жамоа шартномасида белгиланади. Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилишини тарафлар белгилайди. Жамоа шартномасига иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар, ходимларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш, ишдан бўшатиш шартлари, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътилларининг муддатлари, ишни таълим билан қўшиб олиб борувчи ходимлар учун имтиёзлар, ихтиёрий ва мажбурий тарздаги тиббий ҳамда ижтимоий суғурта ва бошқа масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин.

 

Шундай экан, агар сиз ишлаётган корхонанинг жамоа шартномасида таътил тўлови билан бирга бир йилда бир марта бериладиган моддий ёрдам пулини бериш ҳам назарда тутилган бўлса, таътилга чиқиш ҳақидаги ариза билан бирга, ушбу пулни олиш ҳақидаги ариза билан иш берувчига мурожаат қилишингиз лозим.