АЛИМЕНТДАН ТАШҚАРИ, МОЛ-МУЛК ТАЛАБ ҚИЛИШИМ МУМКИНМИ?

— Бир йилдан бери турмуш ўртоғим билан бирга яшамаймиз. Яқинда у уйланди. Алиментдан ташқари, мол-мулк талаб қилишим мумкинми? Уй қайнотамни номида, машинасини яқинда куёвини номига ўтказибди. Никоҳимиз расман бекор қилинмаган.

Исми сир тутилди.

Мурожаатга  фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғайрат ЭРГАШЕВ жавоб берди:

 

— Агар никоҳингиз давомида, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, умумий маблағларингиз ҳисобига олинган мол-мулкларингиз мавжуд бўлса, ушбу мол-мулклар биргаликдаги умумий мулкингиз ҳисобланади ва сиз ушбу мулклардан ўз ҳиссангизни талаб қилиш ҳуқуқи эга бўласиз.

 

Бироқ, уй қайнотангиз ва атомашина турмуш ўртоғингизнинг куёви номида бўлса, ушбу мол-мулклардан улуш талаб қилиш ҳуқуқи эга эмассиз.

 

Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидир. Оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

 

Агар келин бўлиб қайнотангиз номидаги уйга тушган бўлсангиз ва ушбу уйда доимий рўйхатда турсангиз, келин бўлиб тушган вақтингизда қайнотангиз билан ушбу уйда муайян вақтгача яшаш тўғрисида қайнотангиз билан ёзма келишув тузмаган бўлсангиз, сизда ушбу уйдан фойдаланиш ҳуқуқингиз мавжуд.

 

Уй-жой кодексининг 52-моддасига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.

 

Бироқ, cизнинг ушбу уйда фойдаланиш ҳуқуқингиз юқорида қайд қилинган модда талабига кўра, уйда яшамаётган бўлсангиз, олти ой давомида сақланиб туради. Олти ойлик муддат ўтгач, қайнотангиз ёки уйда яшовчи шахсларнинг даъвосига кўра, ушбу уйдан фойдаланиш ҳуқуқингиз суднинг ҳал қилув қарорига асосан йўқотган деб топилиши мумкин.